Бугун, Янгиариқ туманида янгидан қуриб битказилган «Шайх Мухтор Вали» жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда ЎМИ Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев, Янгиариқ тумани ҳокими Зафарбек Матназаров, Урганч шаҳар бош имом-хатиби Хасанбой домла Кенжаев, «Имом Фахриддин ар Розий» ислом билим юрти мудири Давронбек домла Абдукадиров, туман ва шаҳар бош имом-хатиблар, вилоятдаги масжид имом-хатиблари, туман дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси Анварбек Эшметов, мутасаддилар ва маҳалла аҳли жам бўлишди. Қуръони карим тиловат қилингач, бу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, таровеҳлар, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар қилинадиган саждагоҳ бўлишини, янги масжид халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят ва зиё маскани бўлиб кўп йиллар хизмат қилишини Аллоҳдан сўраб, бу хайрли ишда кўмакчи бўлган барча эзгу ниятли кишилар ҳақларига дуолар қилинди. Замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган мазкур масжид 300 нафар намозхонларга мўлжалланган.