Бу йил юртимиздан ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.
Шу ташаббус айни кунларда амалга кўчиб, ҳожиларимиз маҳаллаларга кириб, тинчлик ва маънавиятни тарғиб этмоқдалар.
Бугун, 6 ноябр куни ЎМИ Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, отинойилар, «Ҳаж 2025»да ҳажга борган ҳожи оталар ва ҳожи оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида Янгибозор туманидаги «Жума» жоме масжидида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.
Дастлаб туман бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Хайрулла домла амалга ошириладиган ишлар кўлами, Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари хусусида йиғилганларга тушунчалар бердилар.
Шундан сўнг тумандаги барча имом-хатиблар, отинойилар ва ҳожилар билан биргаликда маҳаллалардаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Кўнгли ўксик инсонлар ҳолидан хабар олингани тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Ҳожилар иштирокида ўтказилаётган ана шундай хайрли тадбирлар туфайли эҳтиёжманд оилалар вакиллари, бемор фуқаролар ўзларини ёлғиз эмасликларини, давлатимиз, халқимиз ҳар доим улар билан елкадош эканини англаб етмоқдалар.
Бугунги тадбирни ўтказишдан мақсад юртимизда инсон қадри, шаъни улуғ эканини, одамларга яхшилик улашиб яшаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асрашда ҳожиларимизнинг хизмати беқиёс эканини кўрсатмоқда.
Аслида имом-хатибларимиз ҳар куни шундай хайрли ишларни амалга оширмоқдалар. Бугунга келиб бу иш тизимли ва кенг кўлам касб этиб, такомиллашиб бормоқда.
Тадбир иштирокчилари яна «Жума» жоме масжидига қайтиб, амалга оширилган ишларни ўртага ташлаб, келгусидаги режаларни белгилаб олишди.
Хайрли дуолар билан тадбир ниҳоясига етди.
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати