Ҳар нарсанинг асли – сўз, у ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир. Сўз Одам алайҳиссалом билан баробар яратилган. Сўз (калом) барча илмларнинг асоси, инсонларнинг ўзаро алоқа ва муносабат воситаси қилиб танланган. Оламдаги барча нарсалар сўзловчи гувоҳлардир. Аллоҳнинг китоблари сўз – калом воситасида туширилган. Сўз инсоннинг қиймати қадар қадрлидир ва Аллоҳ таоло ҳар бир айтиладиган сўзга эътиборли бўлишга буюрган.
Сўз Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган энг улуғ неъматларидан. У инсонларнинг ўзаро муомала – муносабат воситаси, тафаккур қуроли, бандаликни адо этиш омилидир. Одамларни яхшиликка ундовчи, ҳидоятга чорловчи, ахлоққа чақирувчи сўзлар уларнинг энг гўзалидир. Аксинча, ўзгаларга озор етказувчи, ғийбат, ёлғон, фиск – фужур ва фаҳш сўзлар уларнинг энг ёмони ва қораланганидир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, (эй Муҳаммад), Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар сўзни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир”. (Зумар, 17 – 18 оят).
Яна бир ояти каримада чиройли сўзловчининг фазилатлари зикр этилиб, шундай дейилган:
Яъни: “Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзловчи ким бор?” (Фуссилат, 33 оят).
Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган.
Расулуллоҳ алайҳиссалом : “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин” деганлар. (Имом Бухорий).
Сўзларнинг энг фойдалиси Аллоҳ таолонинг зикри, кишиларни яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришдир.
Динимизда кўп сўзлашдан қайтарилган, чунки сўз кўпайганда мақсад унитилади. Ёмон, фаҳшни билдирувчи сўзларни айтиш эса қаттиқ қораланган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом фақат рост сўзни айтардилар ва умматни шунга чақирганлар.
Набий алайҳиссалом: “Бу дунёда беъмани гапларни кўп гапирадиган одамнинг гуноҳи қиёмат куни кўп бўлур”, дедилар.
Тил офатларининг энг ёмони ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳликка ўтишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган”, дедилар ва кейин “Ёлғон сўз – гувоҳликдан узоқ бўлинглар” оятини тилавот қилдилар. (Имом Табароний).
Ёлғондан гувоҳлик бериш жамиятдаги тинчликни бузишга, одамларга зулм, жафо етказишга, улар ўртасида адоват ва хусумат туғилишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таолони яхши кўрган бандалари ёлғон гувоҳлик бермаслиги ҳақида шундай марҳамат қилади: “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуду (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолда) ўтарлар”. (Фурқон, 72 оят).
Ёлғоннинг турлари кўп. Хиёнат – ёлғончиликнинг энг ёмон кўринишидир. Шунингдек, ваъда бериб унга вафо қилмаслик ҳам ёлғончиликка киради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз алаёҳиссалом: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса вафо қилмайди ва омонатга хиёнат қилади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Чақимчилик ҳам гуноҳ ишлардан ва катта одобсизлик саналгани учун ундан эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Қуръони каримда чақимчиликнинг ёмонлиги ҳақида бундай марҳамат этилади: яъни; “(Эй Муҳаммад), ҳар қандай тубан қасамхўрга итоат этманг! (У) ғийбатчи, гап ташувчи, яхшиликни ман қилувчи, тажовузкор, гуноҳкор, қўпол ва булардан ташқари бенасабдир” (Қалам, 10-13).
Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Улуғ муаллим Абдулла Авлонийнинг бундай сўзлари бор: «Иғво ва чақимчилик энг ярамас сифат бўлгани учун бу ёмон сифатни ўзларига маслак қилиб олган кишилар халқ назарида мунофиқ саналади. Икки киши орасида сўз юритиб, бирини иккинчисига душман қилган, икки томонга адоват оловини ёқиб, уларни бир – биридан жудо этган кимсаларнинг дилларида заррача инсонийлик туйғуси бўлмайди, булар виждонсиз, номуссиз кишилардир. Шунинг учун улардан ҳазар қилинг”.
Тилни ихтиёрига қўйиб юбориш инсонни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, адоват, ахлоқсизлик, фаҳш ишлар ва бошқа турли ёмонликларга олиб боради. Шунинг учун “Ким тилини тийса, нажот топади” дейилган. Тил офатларидан сақланишнинг энг осон йўли турли беъмани ўтириш зиёфатлар, ғийбат – хусумат мажлислари, нодон, ахлоқсиз кишилар суҳбати кабилардан узоқроқ юришдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни тил офатларидан паноҳида асрасин, фақат Ўзининг зикри ва фойдали сўзлар билан машғул бўлишимизни насиб айласин ва шу тариқа икки дунё саодатига эришишда Ўзи мададкор бўлсин! Амиин!
М.Авезов
Урганч тумани “Шаҳидлар бобо” масжиди имом-хатиби