Дарҳақиқат, дунё яралибдики яхшилик ва ёмонлик, ёвузлик ва эзгулик, жахолат ва маърифат бир-бири билан курашиб келади. Баъзида ёвузлик ғалаба қозонса, баъзида эзгулик ғалаба қозонади. Инсон қалбида ҳам мана шундай фикрлар, ғоялар бор, булар жахолат ва маърифат деб аталади. Маълумки, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун аввало, киши организмида унга қарши иммунитет ҳосил қилинади. Агар касаллик чалинса, уни даволайдилар. Тўғри баъзида асоратлари қолади, лекин вақт ўтиши билан бу асоратлар ҳам кетади. Бу ўхшатиш билан мен инсон қалбига чалинган жахолатни тузатгандан кўра, балки уни олдини олишни асосий мақсад қилиб олишимиз кераклигини таъкидламоқчиман. Зеро, халқимизга бир нақл бор “Тиғ яраси битади, аммо дил яраси битмайди”. Биз ҳозирдан ёшларимизни она Ватанга мухаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг динига садоқат руҳида тарбиялаш учун таъбир жоиз бўлса, аввало уларнинг қалби ва онгига мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Токи ёшларимиз миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишсин. Анна шунда жохил ақидапарастларнинг «даъвати» ҳам, уларга ўз таъсирини ўтказа олмайди.
“Ёш авлодимизни турли тажовузлардан, хусусан маънавий тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳақида гапирганда, нафақат халқимизни улуғлайдиган буюк хусусиятлар, айни пайтда унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатган, эски замонлардан қолиб келаётган номаъқул одатлар ҳақида ҳам очиқ сўз юритишимиз зарур. Биринчи навбатда худбинлик ва лоқайдликдир. Лоқайдлик, худбинлик бизнинг эътиборсизлигимиз орқали келиб чиқаяпти. Чунки ҳар бир қилинган амалга аввало эътибор бериш зарур, агар қилинган камчиликларга эътибор қилмай, уни бартараф этиш ёки келгусида такрорламаслик чораларини кўрмасак, бу бизнингча эътиборга олинмаган камчиликларимиз бора-бора катталашади, худди “озон қатламининг туйнугига” ўхшаб. Бу ўз-ўзидан кўриниб турибдики маърифатли бўлиш, юксак маънавиятли бўлиш, ҳалол инсон бўлиб, халқ учун, Ватан учун фидоий инсон бўлиб етишишимиз даркор. Зеро азал-азалдан очиқкўнгил, самимий ва меҳнаткаш, яхшиликни юксак қадрлайдиган халқимизга маърифатли бўлиш, жахолатга қарши маърифат билан жавоб бериш ва доимо шундай хислатлар билан қолиш албатта ярашади, ўзбек номини, ўзбек илм-фани ва маданиятини бир сўз билан айтганда, халқимизнинг юксак салоҳиятини, унинг қандай буюк ишларга қодир эканини дунёга намойиш этади, кўрсатади.
Хулоса қилиб жахолатга қарши маърифат ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимга якун ясар эканман, авваламбор, шуни таъкидлаб ўтай дедим, биз ҳаётда битта инсонни жаҳолат гирдобидан чиқарсак кўнглимиз қувончга тўлади. Энди бутун жамият ҳақида фикр юритадиган бўлсак, биз шу жамиятнинг юксалиши, унинг ривож топиши учун ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак деб биламан, зеро “Ватан менга нима берди эмас, балки мен Ватанга нима бера олдим” дея баралла айтишимиз керак. Ўзимизнинг инновацион ғояларимиз билан ватан келажагини яшнатайлик, она юртимизни дунёга танитайлик, чунки биз бу мустақил юртнинг ёшларимиз. ”Ватан бизники, марра бизники”.
О.Машарипов
Янгиариқ тумани “Шайх Мухтор Вали” масжиди имом-хатиби