8 декабрь — Ўзбекистон тарихида муҳим санадир. Бу кун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун бўлиб, ушбу кун Республикамиз миқёсида кенг нишонланади.
Асосий Қонунимизда уч минг йиллик миллий давлатчилик ҳамда дунё қонунчилик тажрибаси, халқаро инсон ҳуқуқлари мезонлари мужассамлашган. Қонунимизда давлат халқнинг иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилган.
Бу қоида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси шарифларига ҳамоҳангдир: «Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Эр ўз аҳли аёли ва қўл остидагилар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Хотин эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилар учун масъулдир. Қул хожасининг молига мутасаддидир ва унинг учун масъулдир. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз» (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло Ислом динини, Ўзининг шариатини икки дунёда инсониятнинг бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Ислом динининг барча таълимотлари, қонун¬-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади:
1) инсоннинг ҳаётини;
2) ақлини;
3) динини;
4) наслини;
5) мол-¬мулкини муҳофаза қилиш.
Ишонч билан айтамизки, Ўзбёкистон Республикаси Конституцияси ушбу мақсадларнинг барчасига мувофиқ, уйғун ва ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир.
Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-¬қиймати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган.
Конституциямизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқаролар тенг ҳуқуқли деб эълон қилинган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлигини камситиш қатъий қораланган.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси барча Ўзбекистон аҳолисининг ҳуқуқлари кафолатидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).
Ушбу оят ҳақида “Тафсири ирфон”да:“Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча мавжудотлар орасида Одам болаларини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганинининг хабарини бермоқда. Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузулиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби мукаммал аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло Одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, уни улуғлади. Шунинг учун ҳам Ислом дини инсонни қадрлайди, улуғлайди, шарафи ва мартабасини юксакликка кўтаради. Ислом наздида барча инсонлар бирдирлар, бир-бирларига биродардирлар. Улардан бири бошқасидан ҳеч нарсада –на бойликда, на мансабда, на чирой ёки хушбичим гавдаси билан. На жамиятда тутган ўрни-ю, инсонларга етказган фойдаси билан устун бўлолмайди. Аллоҳнинг наздида инсонларнинг энг улуғи фақат Унинг ўзидан қўрқадиган тақводорларидир”.
Ушбу ояти кариманинг тафсирига аҳамият қиладиган бўлсак, инсонларни мукаррам қилиб яратилганлигига, унга берилган барча ҳақ-ҳуқуқларидан оқилона фойдаланиши, берилган барча неъматлардан фойдаланишига ва унинг шукрини қилиб фаолият олиб боришга ундамоқдадир.
Конституцияда ҳам “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари бўлими” (7-боби, умумий қоидалар) 18-моддасида шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”, дейилади. Конституциямиз қонун олдида ҳамманинг тенглигини таъминлайдиган, ҳар бир инсоннинг ўз фикрини эркин ифода қилишда, ўз хақ –ҳуқуқларини талаб этишда, бурч ва маъсулиятларини бажариш кафолатини таъминлайди.
Ватанимизда яшовчи барча фуқаролар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва тўлиқ фойдаланмоқдалар.
Бош Қомусимиз нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий ¬эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий.
Ҳуқуқ, эркинлик, аввало, инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг олий туҳфа. Инсон ҳаётини мазмунли ва чиройли ўтказиши учун қонун¬қоидаларга бўйсуниши керак. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро Конституциямизда белгиланган барча қоидалар доирасида ҳаракат қилмоғи лозим.
М.Абдуллаев
Урганч тумани «Назар Хўжа бобо» Масжиди имом-хатиби