Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг халқимиз қўлга киритган энг катта ютуқларидан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи ҳужжат бўлмиш Бош қомусимизнинг қабул қилиниши бўлди.
Ҳар бир давлатнинг шаклланишида Конституциянинг ўрни беқиёсдир. Бош Қомусимиз миллатимиз руҳига, ҳаёт тарзи ва урф-одатларига мос бўлган имон-эътиқод, инсоф, диёнат, меҳр-оқибат, ор-номус, ҳаё каби энг эзгу фазилатларни ўз ичига олган. Конституция миллий давлатчилигимизнинг рамзи сифатида инсоннинг қадр-қимматини улуғлаш, унинг ҳуқуқий қонуний манфаатлари дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Бош қомусимизда баён этилган тамойиллар ҳар бир инсон ўзини чинакам бахтиёр хис этиши, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган..
Мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари, жумладан юртимиз мусулмонлари асосий Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг фойдаланмоқдалар. Хусусан, ушбу ҳужжатда виждон, эътиқод эркинлиги кафолатлаб берилди.
Ислом таълимотига кўра, дин инсонни ўз хоҳиши билан эътиқод қиладиган илоҳий кўрсатмалар мажмуидир. Ислом бирор инсонни динга зўрлаб киритишга, ўз эътиқодини бошқаларнинг хоҳиш-иродасига қарши ўлароқ тиқиштиришга йўл қўймайди.
Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, уларни эмин-эркин, ўзаро аҳил ва иноқликда ер юзини обод қилиб яшашга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси, 90-оят).
Жамиятдаги инсонларнинг ўзаро бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини астойдил адо этиб, жорий бўлган маълум қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашлари ижтимоий адолатнинг қарор топишида муҳим ўрин тутади. Ислом динида жамиятдаги ҳар бир кишининг ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг миллати ва эътиқодидан қатъий назар аниқ ва равшан белгилаб берилган.
Дунёда содир бўлаётган воқеалар замирида турли динлар ўртасида муросасизлик, адоват ва нафратни ёйиш, шу орқали тинч юртларни беқарор маконларга айлантиришга ҳаракат қилиш мақсади ётибди. Биз эса мамлакатимизда яшайдиган барча миллат ва дин вакиллари билан бағрикенгликда ҳаёт кечирмоқлигимиз лозим бўлади.
Динимизда шунингдек, жамиятдаги ҳар бир кишининг зиммасида ўзи яшаб турган жамиятга нисбатан, ундаги ҳар бир шахсга нисбатан ва ватанига нисбатан бурч ва мажбуриятлари бор эканлиги ҳам баён этилган. Қуръони каримда шундай дейилган:
яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 39-оят).
Шунингдек, кишининг оиласи олдидаги мажбурияти, ўзи яшаб турган давлатининг раҳбарига итоат этиш мажбурияти, ватанини ҳимоя қилиш мажбурияти, бошқа дин ва миллат вакиллари олдидаги мажбуриятлари ҳам борки, Аллоҳ таоло динимизда буларни баён қилиб берган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида шундай дедилар:
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, молнинг нархини ёлғондан кўтарманглар, бир-бирингизга буғзу-адоват қилманглар, бир-бирингиздан юзингизни бурманглар, ҳеч бирингиз бошқанинг савдоси устига савдо қилмасин, Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди, уни таҳқирламайди. Тақво манабу жойдадир, деб уч марта кўкракларига ишора қилиб айтдилар. Кишининг мусулмон биродарини таҳқирлаши унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмонга мусулмоннинг қони, моли ва обрўйи ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, бошқа бир ҳадисда:
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким менга итоат этса демак, Аллоҳга итоат этибди ва ким менга осий бўлса демак, Аллоҳга осий бўлибди. Ким раҳбарига итоат этса демак, менга итоат этибди ва ким раҳбарига осий бўлса демак, менга осий бўлибди” (Имом Бухорий ривояти).
Юқоридаги оят ва ҳадисларнинг мазмунидан маълум бўладики, кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир.
Аллоҳ таоло халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин! Юртимизни турли хилдаги самовий ва арозий офату балолардан ҳифзу ҳимоясида сақлаб, барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшаб ўтмоғимизга муяссар қилсин! Омин!
М.Абдуллаев
Урганч тумани «Назар Хўжа бобо» масжиди имом-хатиби