Ўзбекистон Конституцияси – халқимиз ҳаётини тартибга солувчи энг олий қонун. У тинчлик, адолат, инсон ҳақлари ва эркинлигини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу тамойиллар ислом таълимотларида ҳам муҳим ўрин тутади.
Аллоҳ таоло Қуръонда: “Албатта, Аллоҳ адолатни, яхшиликни ва қариндошга ёрдам беришни буюради.” (Наҳл, 90) Ушбу оят ҳар бир жамиятнинг асосий қоидаси – адолат ва яхшилик бўлиши кераклигини кўрсатади. Конституциямиз ҳам айнан шу йўналишни кўзлайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллолоху алайҳи вассалам яна шундай деганлар: “Мусулмон одамларга зарар етказмайди ва зарар кўрмайди.” (Ибн Моҷа) Бу ҳадис жамиятда тинчлик ва тартиб бўлишининг энг муҳим қоидаси эканини билдиради. Конституциядаги қонунлар ҳам инсоннинг шаъни, ҳуқуқи ва хавфсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган. Исломда инсон қадри беқиёc. Қуръонда: “Биз Одам фарзандини азиз қилдик.” (Исро, 70) Конституцияда ҳам ҳар бир фуқаронинг қадри, шаъни ва ҳуқуқлари олий қиймат сифатида эътироф этилган. Шунингдек, Конституциямиз диний эътиқод эркинлигини кафолатлайди. Исломда ҳам зўрлаш йўқ:“Динга мажбурлаш йўқ.” (Бақара, 256) Демак, Конституция – халқ ва давлат ўртасидаги адолатли келишув. Унинг мақсади: тинчликни сақлаш, инсон ҳақларини ҳимоя қилиш, жамиятни фаровон ва барқарор қилиш. Бу эса ислом таълимотларидаги асосий ғоялар билан уйғун.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Конституциясидаги кўплаб тамойиллар – адолат, тинчлик, инсон ҳимояси, ҳуқуқ ва масъулият – Ислом таълимотлари билан мос келади. Ҳар бир фуқаро қонунга ҳурмат билан ёндашса, жамиятимиз янада обод ва баркарор бўлади, иншааллоҳ.
М. Атажонова
Боғот туман бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари