Маълумки кейинги пайтларда миссионер ва миссионерлик каби атамалар кўп ишлатилип қолинди. Бу каби атамалар нима ва мазмун моҳияти нимадан иборат? Бу каби саволларга жаоб бўлиши умидида сиз азизларга Бу атамалар ва келиб чиқиши ва кўзлаган мақсадлари ҳақида маълумот бериб ўтсак.
Миссионерлик лотинча «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миесионер эса «вазифани бажарувчи» деган маъноларни англатади. Умумий маънода белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.
Миссионерлик бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Маълумки, христианликнинг айрим йўналишларида «Миссионерлик ҳар бир диндор учун шарт», – деб ҳисобланади. Ийсо Масиҳнинг ўзига 12 ҳаворийни танлаб олиши ва уларни Исроилнинг қишлоқлари бўйлаб даъват қилиш учун юборгани ҳақида Марқдан ривоят қилинган «Инжил»да келтирилган қуйидаги сўзлар бундай қарашлар учун асос қилиб олинади:
» Ийсо шогирдларига деди: «Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар».
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Ийсо ва унинг шогирдлари томонидан амалга оширилган даъватлар Иерусалим (Қуддус) шаҳри чегарасидан чиқмаганини кўзга кўринган христиан тарихчилари ҳам эътироф этадилар. Аммо замонавий миссионерлар, уларнинг мақсадларига хизмат қилмагани учун, бундай фикрларни билиб билмасликка олишга, тарихий ҳақиқатдан кўз юмишга ҳаракат қиладилар.
Миссионерлик билан бир қаторда прозелитизм ҳақида ҳам гапиришади? Унинг моҳияти нимада?
Прозелитизм тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Прозелитизм келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, бизга қўшни бўлган айрим давлатларда христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишни истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда.
Шунингдек, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, унинг отаси эса, ўз набирасини мусулмон урф-одатларига кўра хатна қилдиришни истагани туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум.
Христиан ёки бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланмоқда. Оилада қизнинг ота-онаси мусулмон. Албатта, улар ўз қизларини мусулмон кишига турмушга чиқишини истайдилар. Аммо христианликни қабул қилган қизга мусулмон кишининг уйланиши амри маҳол.
Юқоридаги каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Аммо шуларнинг ўзи ҳам миссионерликнинг таркибий қисми бўлган прозелитизм ҳаракатлари бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларида низолар ва жанжалларнинг авж олишига ҳамда христианликнинг айрим йўналишлари вакилларига нисбатан душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратиши мумкинлигини яққол тасаввур қилиш имконини беради.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, юқоридаги каби қарашлар турли тушунчалар мазмунини атайлаб чалкаштириб, тарихий воқеликни бузиб талқин қилиш натижасидир. Чунки христианлик энди пайдо бўлган бир шароитда фаолият олиб борган «даъватчилар» (гарчанд уларга нисбатан ҳам «миссионер» сўзини қўллаш кенг тарқалган бўлса-да) билан бугунги «миссионерлар» орасида кескин фарқ борлигини ва уларни асло бир қаторга қўйиб бўлмаслигини унутмаслик лозим. Бугун дунёнинг диний манзараси ўзининг аниқ шаклу шамойилига, турли халқлар асрлар давомида шаклланган диний-миллий қадриятларига эга бўлган бир даврда илк «даъватчилик»дан фарқли равишда миссионерлик миллат, жамиятни диний асосда бўлиб юборишга қаратилган бузғунчиликнинг бир кўринишига айланиб қолганини алоҳида таъкидлаш зарур. Миссионерларнинг аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини исломга эътиқод қиладиган Ўзбекистонда фаолият олиб боришга интилаётгани ҳам бундай бузғунчиликка ёрқин мисол бўла олади.
Қ.Искандаров
Боғот тумани “Тавал бобо” масжиди имом-хатиби