Она сути — ҳаётга илк туҳфа

Инсон ҳаёти она бағрида, меҳр ва муҳаббат ила бошланади. Чақалоқ дунёга келган илк онлариданоқ она қўли, она нафаси ва она сути унинг ҳаёт йўлини белгилаб беради. Она сути — шунчаки озуқа эмас, у бола учун ҳаётга берилган илк ва энг бебаҳо туҳфадир. Унда нафақат жисмоний ўсиш учун зарур моддалар, балки меҳр, ҳимоя ва соғлом келажакка бўлган умид мужассам.

Она сути — табиат яратган мукаммал озуқа. Табиат инсон боласи учун энг мукаммал таомни айнан она сути орқали инъом этган. Она сути таркибида чақалоқ организмига керак бўлган барча моддалар мувозанатли ҳолда мавжуд: оқсил, ёғ, углевод, витаминлар ва минераллар. Энг муҳими, бу моддалар бола организми томонидан осон ҳазм қилинади. Она сути боланинг ёши ва эҳтиёжларига қараб ўзгариб туради. Илк кунларда ажралиб чиқадиган қуюқ суюқлик — оғиз сути (колострум) бола учун табиий вакцина вазифасини бажаради. У иммунитетни мустаҳкамлаб, чақалоқни турли касалликлардан асрайди. Кейинчалик сут таркиби боланинг ўсишига мос ҳолда бойиб боради.

Иммунитет ва соғлом ривожланиш манбаи. Она сути болани ташқи муҳит таъсирларидан ҳимоя қиладиган кучли қалқондир. Унда мавжуд антителалар ва иммун ҳужайралари чақалоқни инфекция, вирус ва бактерияларга қарши курашишга тайёрлайди. Она сути билан боқилган болалар кам касал бўлади, касалликни енгилроқ ўтказади. Шунингдек, она сути боланинг овқат ҳазм қилиш тизими ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Ич кетиши, аллергия ва ичак касалликлари она сути билан озиқланган болаларда камроқ учрайди. Бу эса боланинг соғлом ўсиши ва бақувват бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

Она сути — ақлий ва руҳий камолот калити. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, она сути билан эмизилган болаларнинг ақлий ривожланиши яхшироқ бўлади. Она сути таркибида мия фаолияти учун зарур бўлган ёғ кислоталари мавжуд бўлиб, улар хотира, фикрлаш ва ўрганиш қобилиятини ривожлантиради. Эмизиш жараёнида она билан бола ўртасидаги руҳий алоқа мустаҳкамланади. Она қалбидаги меҳр, тинчлик ва ишонч болага ўтади. Бу эса боланинг келгусида ўзига ишонган, хотиржам ва меҳрибон инсон бўлиб шаклланишига замин яратади.

Эмизиш — она саломатлиги гарови. Она сути фақат бола учун эмас, она учун ҳам катта фойда келтиради. Эмизиш туғруқдан кейин она организмининг тез тикланишига ёрдам беради, бачадоннинг қисқаришини тезлаштиради ва қон кетиш хавфини камайтиради. Шунингдек, кўкрак ва тухумдон саратони хавфини пасайтиради. Эмизиш жараёни онага руҳий хотиржамлик бахш этади, она бўлиш ҳиссини янада кучайтиради. Она ўз боласи учун энг керакли ва қимматли манба эканини ҳис этади, бу эса унинг ўз-ўзига ишончини оширади.

Эмизиш маданияти ва жамият. Бугунги кунда эмизиш маданиятини тарғиб қилиш жамият учун муҳим вазифалардан биридир. Она сутининг қадрини англаш, ёш оналарга тўғри маслаҳат бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш соғлом авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Мутахассислар болани туғилганидан кейин илк соатлардаёқ эмизишни, илк 6 ой давомида фақат она сути билан боқишни тавсия қиладилар. Кейинчалик қўшимча овқатлар киритилса-да, эмизишни 2 ёшгача ёки ундан ҳам узоқ давом эттириш бола учун жуда фойдали ҳисобланади.

Она сути — ҳаётга берилган илк ва энг улуғ туҳфадир. У боланинг соғлом, бақувват ва ақлан етук бўлиб ўсишига асос солади. Она сути орқали болага нафақат озуқа, балки меҳр, ҳимоя ва ҳаётга бўлган ишонч улашилади. Шу боис, она сути — бу шунчаки таом эмас, балки соғлом келажак сари қўйилган илк қадамдир.

 

Ф.Отажонова

ЎМИ Хоразм вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *