ИЛМ ОЛИШНИНГ ИНСОН КЕЛАЖАГИДАГИ ЎРНИ

Илм- инсонни камолга етказувчи, жамият тараққиётини таъминловчи энг муҳим омиллардан биридир. Илм орқали инсон атроф-оламни англайди, ўз ўрнини топади ва келажагини барпо этади. Асрлар давомида илм-фан ривожи инсоният ҳаётини тубдан ўзгартириб келган. Айниқса, бугунги шиддат билан ривожланаётган замонда илм олиш ҳар бир инсон учун ҳаётий заруратга айланган. Илмга интилган инсонгина ўз мақсадига ета олади ва жамиятда муносиб ўрин эгаллайди. Илм инсон тафаккурини кенгайтиради, уни мустақил фикрлашга ўргатади. Билимли инсон ҳаётда учрайдиган муаммоларни осонроқ ҳал қилади, тўғри қарор қабул қила олади. Илм инсонга фақат касб-ҳунар эмас, балки маънавий бойлик ҳам бахш этади. У инсонни сабрли, фидойи ва масъулиятли қилиб тарбиялайди. Билимли инсон жамиятда ҳурмат қозонади. Чунки илм эгаси ўз билими билан нафақат ўзини, балки бошқаларни ҳам манфаатлантиради. Шифокор инсон саломатлигини асрайди, ўқитувчи ёш авлодга билим беради, муҳандис ва олимлар янги ихтиролар орқали ҳаётни енгиллаштиради. Демак, илм инсон ҳаётининг барча жабҳаларида муҳим ўрин тутади.

Инсоннинг келажаги кўп жиҳатдан унинг олган билимига боғлиқ. Илмли инсон ўз олдига аниқ мақсад қўяди ва унга эришиш учун ҳаракат қилади. Билим инсонга имкониятлар эшигини очади, уни рақобатбардош қилади. Айниқса, замонавий касбларни эгаллаш, технологиялар билан ишлаш илмсиз мумкин эмас. Бугунги кунда дунёда илм-фанга таянган давлатлар тез суръатлар билан ривожланмоқда. Бу эса ҳар бир ёшни билим олишга, ўз устида ишлашга ундайди. Илм олиш орқали инсон нафақат ўз келажагини, балки мамлакат келажагини ҳам қуришда ҳисса қўшади.

Ёшлик — илм олиш учун энг қулай даврдир. Бу пайтда инсон хотираси кучли, ўрганишга қизиқиши баланд бўлади. Шу сабабли ёшлар бу имкониятдан тўғри фойдаланишлари лозим. Билимга бўлган интилиш, китоб ўқиш, изланиш ва меҳнат қилиш ёшларнинг асосий вазифасига айланиши керак. Ота-она ва устозлар ёшларни илмга қизиқтиришда катта роль ўйнайди. Улар ўз намунаси орқали илмнинг қадрини англатиши, фарзанд ва шогирдларини қўллаб-қувватлаши зарур. Чунки илмга муҳаббат оила ва таълим муассасасида шаклланади. Илм фақат билим билан чекланиб қолмаслиги керак. У маънавият билан уйғун бўлса, инсонни ҳақиқий комилликка етаклайди. Фақат билимли, лекин маънавиятсиз инсон жамият учун хавфли бўлиши мумкин. Шу боис илм олиш жараёнида инсоний қадриятлар — ҳалоллик, адолат, ватанпарварлик ва инсонпарварлик ҳам шаклланиши лозим. Аждодларимиз ҳам илм ва маънавиятни уйғун ҳолда ривожлантирган. Улар илмни инсонга хизмат қилдиришни мақсад қилганлар. Бугунги ёшлар ҳам шу анъанани давом эттириб, билимларини эзгу ишларга сарф этишлари муҳим. Илм олиш — инсон келажагининг мустаҳкам пойдеворидир. Илм инсонни маънан ва жисмонан камолга етказади, уни жамиятда муносиб ўрин эгаллашига ёрдам беради. Билимли авлод — тараққий этган жамият кафолатидир. Шу боис ҳар бир инсон, айниқса ёшлар илм олишни ўз ҳаётининг энг муҳим вазифаси деб билиши, доимо ўрганиш ва изланишдан тўхтамаслиги лозим. Илмга интилган инсоннинг келажаги ҳамиша ёруғ бўлади.

Г.Шерниязова

Хазорасп  туман бош имом хатибининг хотин- қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *