Ватан ҳимояси — муқаддас бурч

Ҳар йили 14 январь куни юртимизда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланади. Бу улуғ сана ўз ҳаётини Ватан тинчлиги, халқ осойишталиги ва юрт хавфсизлигига бағишлаган мард ва жасур ўғлонларимизни улуғлаш кунидир. Ватанни ҳимоя қилиш — нафақат касб, балки шарафли ва муқаддас бурчдир.

Дунёвий нуқтаи назардан қараганда, ҳар бир мустақил давлатнинг барқарорлиги, тараққиёти ва эртанги куни аввало унинг қудратли ва интизомли қўшинларига боғлиқ. Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари замонавий техника, чуқур билим ва юксак маънавиятга эга бўлган ҳарбий хизматчилар билан таъминланган. Улар ҳар қандай хавф-хатарга қарши тайёр туриб, халқимизнинг тинч ҳаётини ишончли муҳофаза қилмоқда. Ватан ҳимоячиси — бу фақат қурол кўтарган аскар эмас, балки қонунга содиқ, халққа хизмат қилувчи, масъулиятли фуқародир. Диний жиҳатдан эса, Ватанни ҳимоя қилиш Исломда ҳам улуғ ибодатлардан бири сифатида қаралади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ватанни ҳимоя қилишда бир кун, бир кеча навбатчилик қилиш нафл ибодатлардан афзалдир”,  деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадис Ватан хавфсизлиги йўлида қилинган хизматнинг қанчалик буюк эканини кўрсатади. Ислом таълимотида инсоннинг жони, мол-мулки, оиласи ва юртини ҳимоя қилиш адолат ва иймон белгисидир. Шу боис, Ватан ҳимоячилари — ҳам дунёвий, ҳам диний жиҳатдан катта ҳурматга лойиқ инсонлардир. Улар ота-она дуоси, халқ ишончи ва Яратганнинг паноҳида хизмат қиладилар. Бугунги ёш авлод ана шундай мард ўғлонларга қараб ибрат олиши, Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбияланиши зарур. Ватан ҳимояси — дунёвий бурч ва диний масъулиятдир. Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ўзининг Ватани, юрти ва муқаддас тупроғи билан азиздир. Ватан — инсон туғилиб ўсган, болалиги ўтган, орзу-умидлари шаклланган муқаддас маскандир. Шу боис Ватанни асраш, уни ҳимоя қилиш инсоният тарихида энг улуғ ва шарафли бурчлардан бири бўлиб келган. Ватан ҳимоячилари куни — миннатдорлик ва эътироф тимсоли, Ватан ҳимоячилари куни — бу фақат байрам эмас, балки халқнинг ўз қўшинларига, ҳарбий хизматчиларга бўлган чуқур ҳурмати ва миннатдорлигининг ифодасидир. Чунки тинчлик осонлик билан қўлга киритилмайди. Осойишта ҳаёт, фаровон турмуш, эркин меҳнат қилиш имконияти ортида ҳар доим сергак, фидокор ва жасур Ватан ҳимоячилари туради. Ватанни онага қиёслаш бежиз эмас. Она қандай азиз бўлса, Ватан ҳам шундай муқаддасдир. Уни ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини асраш ҳар бир фуқаронинг виждоний бурчидир. Ватан ҳимоячилари эса бу бурчни ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйган ҳолда адо этадилар. Тарихга назар ташласак, юртимиз заминини ҳимоя қилиш йўлида минглаб аждодларимиз жон фидо қилган. Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк сиймо­лар Ватан озодлиги ва шаъни учун курашиб, бугунги авлод учун ибрат мактабини яратиб кетганлар. Бугунги Ватан ҳимоячилари ана шу улуғ анъаналарнинг муносиб давомчиларидир.

Шунингдек, ҳарбий хизмат ёшларни ватанпарварлик, интизом, матонат ва масъулият руҳида тарбиялайди. Армия сафида хизмат қилган йигитлар ҳаётда қийинчиликлардан қўрқмайдиган, ўз олдига қўйган мақсадларига қатъият билан интилувчи фуқаролар сифатида камол топадилар. Улар хизмат вақтида нафақат жисмоний, балки маънавий синовлардан ҳам ўтадилар. Сабр, матонат, қаноат, ҳалоллик каби фазилатлар ҳарбий хизмат жараёнида мустаҳкамланади. Шу маънода, ҳарбий хизмат инсонни маънан поклайди, уни етук шахс сифатида шакллантиради.

Бугунги ёшлар — эртанги Ватан ҳимоячилари, раҳбарлари ва жамият устунларидир. Уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Ватан ҳимоячиларининг ўрни беқиёс. Ҳарбий хизматчиларнинг жасорати, интизоми ва фидойилиги ёшлар учун тирик намунадир. Мактаб ва олий таълим муассасаларида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтиради.

Ватан ҳимояси — дунёвий жиҳатдан давлат олдидаги шарафли бурч, диний жиҳатдан эса Аллоҳ олдидаги улуғ масъулиятдир. Ватан ҳимоячилари тинчлигимиз, осойишталигимиз ва эркин ҳаётимиз кафолатидир. Уларга бўлган ҳурмат ва эътибор ҳар доим юксак бўлиши лозим. Ватан ҳимоячилари куни барчамизга тинчликнинг қадрини англатадиган, юрт тақдири учун масъулият ҳиссини оширадиган улуғ ва муборак байрамдир. Юртимиз осмони доимо мусаффо, сарҳадларимиз тинч, Ватан ҳимоячилари соғ-омон бўлсин!

Ф.Отажанова

ЎМИ Хоразм вилоят вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *