Ёшлар, илм ва келажак: маърифий мулоқот

Бугун, 28-январь куни Тошкент шаҳридаги «Имом Бухорий» номидаги Ислом олий маъҳади ҳамда «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида таҳсил олаётган хоразмлик талабалар, шунингдек, ўрта махсус таълим муассасаларини тамомлаб, олий таълимда ўқишни давом эттириш мақсадида Хоразм вилоятидан келиб, Олий маъҳад тайёрлов курсларида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашув ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилояти вакиллиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур маърифий тадбир доирасида Хоразмлик талабалар билан очиқ ва самимий мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — илм йўлида изланиб келаётган талабаларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун яратилган таълим ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш, моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларни қизиқтираётган ижтимоий ва илмий масалаларга ечим топишдан иборат бўлди. Шу билан бирга, ёшларни вилоятда амалга оширилаётган диний-маърифий жараёнларга фаол жалб этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур тадбир давомида Хайруллоҳ домла талабалар билан нафақат илмий масалалар, балки ҳаётий тажрибалари билан ҳам ўртоқлашди. Айниқса, илм талаб қилишда ниятни холис қилиш, талабанинг исломий одоб-ахлоқ билан зийнатланиши, устозларга ҳурмат ва эътибор кўрсатиш масалалари батафсил тушунтирилди.

Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган учрашувнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири талабаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар бўлди. Келажакда вилоят масжидларида хизмат қиладиган ушбу ёш, салоҳиятли кадрлар учун муносиб шароитлар яратиш юзасидан ўзаро келишувларга эришилди.

Учрашув якунида бир гуруҳ Хоразмлик талабаларга ўқув шартнома тўловини тўлашлик учун ҳомийларни жалб қилган ҳолда 32 000 000 (Ўттиз икки миллион) сўмлик пул мукофоти билан рағбатлантирилди. Шунингдек, тадбир доирасида Олий маъҳадда талабалар учун дастурхон ёзилиб, ош тарқатилди. Бундай учрашувлар илм йўлидаги ёшлар учун нафақат моддий мадад, балки Ватан равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилишга руҳий ундаш бўлиб хизмат қилади.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *