Ота-онага ҳурмат қилиш ҳар бир инсоннинг энг муқаддас ва шарафли бурчидир. Инсон дунёга келиб, тарбия топиб, камолга етишида ота-онанинг меҳнати беқиёсдир. Шунинг учун ҳам ота-онани қадрлаш, уларга яхшилик қилиш ва розилигини олиш – ҳам дунёвий, ҳам диний жиҳатдан жуда муҳим ҳисобланади. Аввало, инсон ҳаёти ота-она сабабли бошланади. Она фарзандини тўққиз ой қорнида кўтаради, турли оғриқ ва қийинчиликларга сабр қилади. Ота эса оила учун меҳнат қилиб, ризқ топади, фарзандининг эҳтиёжларини таъминлайди. Боланинг кийими, овқати, таълими ва тарбияси учун ота-она бор кучини сарфлайди. Улар фарзанди бахтли бўлиши учун ўз орзу-ҳавасларидан ҳам кечиши мумкин. Шу жиҳатдан қараганда, ота-она меҳри ва меҳнати ҳеч нарса билан ўлчанмайди.
Дунёвий нуқтаи назардан ота-онага ҳурмат қилиш оила мустаҳкамлигини таъминлайди. Оила – жамиятнинг асоси. Агар оилада ҳурмат, меҳр ва тотувлик бўлса, жамият ҳам тинч ва барқарор бўлади. Фарзанд ота-онасини ҳурмат қилса, кейинчалик унинг ўз фарзандлари ҳам унга шундай муносабатда бўлади. Чунки бола кўрганини қилади. Ота-онага нисбатан яхши муомала – тарбиянинг энг катта намунасидир. Ота-она фарзанднинг биринчи устози ҳисобланади. Улар болага гапиришни, юришни, яхши-ёмонни ажратишни ўргатади. Одоб-ахлоқ, меҳнатсеварлик, ҳалоллик каби фазилатлар аввало оилада шаклланади. Агар фарзанд ота-онасини ҳурмат қилса, уларнинг насиҳатларини тингласа, ҳаётда тўғри йўлдан боради. Ота-онанинг ҳаётий тажрибаси фарзанд учун энг катта бойликдир. Энди масаланинг диний жиҳатига тўхталсак. Ислом динида ота-онага ҳурмат жуда юқори даражага қўйилган. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Ўзига ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишингизни амр қилди”, мазмунидаги оятни нозил қилган. Бу оятдан кўриниб турибдики, ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга ибодат қилиш билан бир қаторда зикр этилган. Бу эса уларнинг ҳаққи нақадар улуғ эканини билдиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаллам ҳам ота-онага яхшилик қилишни кўп бор таъкидлаганлар. Ҳадисларда ота-онани рози қилиш жаннатга кириш сабабларидан бири экани айтилган. Айниқса, она ҳаққи уч марта таъкидлангани барчамизга маълум. Лекин бу отанинг ҳаққи кам дегани эмас. Ота ҳам оила раҳбари, тарбиячи ва муҳофиз сифатида катта ўринга эга. Ислом таълимотида ота-онани хафа қилиш, уларга қаттиқ гапириш, ҳатто “уф” дейиш ҳам ман этилган. Бу фарзанддан қанчалик чиройли муомала талаб этилишини кўрсатади. Ота-она қариб, кучсиз бўлиб қолганда уларга ғамхўрлик қилиш янада муҳимроқ бўлади. Чунки болаликда улар фарзандига қандай ғамхўрлик қилган бўлса, қариликда фарзанд ҳам шундай эътибор кўрсатиши лозим. Ота-онанинг дуоси инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга. Улар фарзанди учун доимо яхши ният қилади. Ота-она розилиги – Аллоҳ розилигига олиб боради, дейилади. Шунинг учун фарзанд ҳар доим ота-онасининг кўнглини олишга, уларни хурсанд қилишга ҳаракат қилиши керак. Бугунги тезкор замонда баъзан фарзандлар иш, ўқиш ёки бошқа юмушлар билан банд бўлиб, ота-онасига етарлича вақт ажрата олмай қолади. Лекин ҳеч бўлмаса ширин сўз, ҳол-аҳвол сўраш, ёрдам бериш ҳам катта эътибор ҳисобланади. Ота-она тириклигида уларнинг қадрига етиш – энг катта савоб ва инсонийлик белгисидир.
Шунингдек, ота-онага ҳурмат нафақат улар тириклигида, балки вафотидан кейин ҳам давом этади. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, яхши номини сақлаш, қилган яхшиликларини унутмаслик фарзанднинг бурчидир. Бу ҳам диний, ҳам ахлоқий вазифадир. Ота-онага ҳурмат қилиш – инсонликнинг энг юксак фазилатларидан бири. Дунёвий жиҳатдан бу оила тинчлиги ва жамият барқарорлигига хизмат қилади. Диний жиҳатдан эса бу Аллоҳнинг амри ва жаннатга элтувчи йўлдир. Шунинг учун ҳар биримиз ота-онамизни қадрлашимиз, уларни ҳурмат қилишимиз ва доимо розилигини олишга ҳаракат қилишимиз керак. Чунки ота-она розилиги – икки дунё саодати калитидир.
Ф.Отажанова
ЎМИ Хоразм вилоят вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари