ВАТАН — МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Ватан — инсон учун энг азиз, энг муқаддас тушунчалардан биридир. У инсон туғилиб-ўсган, илк қадамларини қўйган, она тилини ўрганган, орзу ва умидлари шаклланган муқаддас заминдир. Шу боис Ватанни муқаддас даргоҳга қиёслайдилар. Чунки даргоҳ қандай улуғ ва эҳтиромли маскан бўлса, Ватан ҳам ҳар бир инсон қалбида шундай юксак ўрин тутади. Ватан — бу фақатгина муайян ҳудуд ёки географик жой эмас. У — тарих, маданият, тил, урф-одат, аждодлар мероси ва келажак авлод тақдири мужассам бўлган муқаддас тушунчадир. Ватанни севиш, уни ардоқлаш ва ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Ватан сўзи инсон қалбида чуқур маъно касб этади. У — она замин, киндик қони тўкилган тупроқ, болалик хотиралари мужассам бўлган маскан. Инсон қайси юртда туғилиб ўсган бўлса, ўша жой унинг Ватани ҳисобланади. Шу юртнинг ҳавосидан нафас олади, сувини ичади, неъматларидан баҳраманд бўлади. Ватан тушунчаси она тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Қандай қилиб инсон онасини ҳурмат қилса, уни асраб-авайласа, Ватанни ҳам шундай эъзозлаши лозим. Чунки Ватан инсонга бошпана, имконият ва шароит яратади. Унинг бағрида миллат шаклланади, қадриятлар сақланади ва авлодлар камол топади. Шунинг учун Ватанни муқаддас даргоҳ дейиш бежиз эмас. Даргоҳга қандай пок ният ва ҳурмат билан кирилса, Ватанга ҳам шундай пок дил билан хизмат қилиш керак.

Ҳар бир Ватаннинг ўзига хос тарихи, шонли ўтмиши бор. Ўзбекистон замини ҳам буюк аждодлар, алломалар ва қаҳрамонлар юртидир. Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Амир Темур каби буюк шахслар нафақат юртимиз, балки бутун дунё тараққиётига улкан ҳисса қўшганлар. Аждодларимиз Ватан озодлиги ва тинчлиги учун жонларини фидо қилганлар. Улар қолдирган бой маънавий мерос бугунги кунда ҳам биз учун беқиёс хазинадир. Шу боис Ватан тарихини билиш ва уни қадрлаш ҳар бир ёшнинг муқаддас бурчидир. Тарихини билмаган халқнинг келажаги ҳам ноаниқ бўлади, дейишади. Демак, Ватанни муқаддас деб билиш аввало унинг ўтмишига ҳурмат билан қарашдан бошланади.

Тинчлик — ҳар қандай тараққиётнинг асосидир. Ватан тинч бўлса, юрт равнақ топади, халқ фаровон яшайди. Тинч осмон остида мактаблар, боғчалар, университетлар, корхоналар фаолият кўрсатади. Ёшлар билим олади, орзу-мақсадларини рўёбга чиқаради. Агар юртда нотинчлик бўлса, инсонлар хотиржам яшай олмайди. Шунинг учун Ватан тинчлигини асраш ҳар бир фуқаронинг вазифасидир. Ҳар биримиз ўз ишимизга масъулият билан ёндашсак, қонунларга риоя қилсак, жамиятда ўзаро ҳурмат ва тотувликни сақласак, Ватанимиз янада гуллаб-яшнайди. Ватан муқаддас даргоҳ экан, унинг тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг улуғ амаллардан биридир. Ватанга муҳаббат сўз билан эмас, амал билан намоён бўлади. Уни севиш — юрт равнақи учун меҳнат қилиш, билим олиш, ҳалол яшаш ва керак бўлса ҳимоя қилиш демакдир. Ҳар бир касб эгаси — ўқитувчи, шифокор, муҳандис, ҳарбий ёки деҳқон — ўз меҳнати орқали Ватан тараққиётига ҳисса қўшади. Ёшлар Ватан келажаги ҳисобланади. Улар қанчалик билимли, маърифатли ва ватанпарвар бўлсалар, юртнинг эртанги куни шунчалик порлоқ бўлади. Шу боис ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш жуда муҳимдир. Ватанни севган инсон ҳеч қачон унинг манфаатларига зид иш тутмайди. У юртининг обрўсини юксалтиришга, уни дунёга танитишга ҳаракат қилади.

Ватан барчамизнинг умумий уйимиздир. Унда турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшайдилар. Ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик Ватан равнақига хизмат қилади. Миллатлар ўртасидаги тотувлик ва дўстлик мамлакат барқарорлигининг муҳим шартидир.  Ҳар бир фуқаро ўз Ватани тақдирига бефарқ бўлмаслиги керак. Чунки Ватан тақдири — ҳар биримиз тақдиримиздир. Агар ҳар ким ўз вазифасини сидқидилдан бажарса, юртимиз янада обод ва фаровон бўлади. Ватан — инсон ҳаётидаги энг муқаддас даргоҳдир. У бизнинг ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимизни бирлаштириб турадиган муқаддас маскандир. Ватанни севиш — унинг тарихини билиш, тинчлигини асраш, равнақи учун меҳнат қилиш ва садоқат билан хизмат қилишдир. Ҳар биримиз қалбимизда Ватанга нисбатан чексиз меҳр ва ифтихор туйғусини сақлашимиз лозим. Чунки Ватан бор экан — биз бор. Уни асраб-авайлаш, ҳурмат қилиш ва юксалтириш эса муқаддас бурчимиздир. Ватан — муқаддас даргоҳ. Унга хизмат қилиш эса ҳар бир инсон учун энг улуғ шарафдир.

Г.Шерниязова

Хазорасп  туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *