«Бугунги кунда тўй-маросимлар миллийликдан чиқиб кетмаяптими?» деган саволни ҳар гал ўзимга бераман. «Буни ечими қандай миллийлигимизни қандай сақлаб қолсак бўлади» деган ўйлар билан гоҳида тунларимни тонгларимга улайман.
Бир дўстим билан суҳбатлашиб ҳайрон қолганман. Тўй қилмоқчи экан ёши ҳам етиб қолган, лекин моддий тарафдан шаройити йўқ эмиш. Шу сабаб чет элга ишлагани бориб келишини айтди. Суҳбат асносида «дўстим кам чиқим қилиб қуда тараф билан келишиб шаройитингни қилиб, тўй қилсанг бўлмайдими?» десам, «орзуларим-чи орзуларим нима бўлади» деди. Сўраб билсам бу орзулар Тўйида машхур юлдузлар ҳизмат қилиши, келин-киёв қиммат автомобилда сайр қилиши, ўзи энг қиммат кастюм, келинга эса энг қиммат тўй либоси кийдириш ва шунга ўхшаш орзулар экан. Ўзимча ўйладим шунақа орзулар сабаб биздан Хоразмийлар, Берунийлар чиқишини ҳали кўп кутамиз шекилли.
Инсоф билан тафаккур қилсак битта маҳаллада яшайдиган хонадон аҳиллари иқтисоди турли хил, лекин тўйлар деярли бир хил. Сабаби мен Маҳалладан қолишмайман деб тўйларда ҳаддан ошиш ва исрофгарчиликка йўл қўйилади. Булар нима учун қилинади азизлар! Инсонлар учун! Инсонлар нима дейди? Фалон ишни қилмасак инсонлар нима дейди? Инсонлар нима дейди билан ишларимизни бажарадиган бўлдик. Лекин, Роббимизга қандай ҳисоб берамиз деб ўйламайдиган аҳволга тушдик.
Тўй маросимларда исрофгарчилик, миллийликка зид ишни тарк қилсак фарзандларимиз чет элларда сарсон бўлишмасди. Унинг ўрнига таълимга ва тарбияга ёки хусусий тадбиркорликка шаройит қилиб берсак фарзандларимиз ўз оиласи билан бағримизда бўларди.
Ш.Болтаев
Ҳазорасп тумани “Шайх Қосим бобо” масжиди имом-хатиби