Мусулмон дунёси рамазон ойини катта қувонч ва мамнуният билан кутиб олади. Рамазон ойидаги фазилатлардан баҳраманд бўлишни тилаб Аллоҳга дуои хайрлар қиладилар. Ойлар султони моҳи рамазон ўз фазилати, гўзал мукофотлари ва ширин ифори билан юзланмоқда. Бу ой мурувват, хайр эҳсон, яхшилик қилиш, ўзаро иттифоқлик, дўстлик ва ҳамкорлик ойидир. Бу ой мусулмонлар юқоридагидек сифатларни ўзида татбиқ қилишга уринадиган ва бир савоб амалига етти юз ва ундан ортиқроқ ажр олишга имкон бериладиган ойдир. Бу ой кундузлари рўзадор, кечалари бедор бўладиган, таровеҳ намозларини барпо қилиш ойидир. Азизлар, бу ой Қуръон тиловати, суннат таровати ойидир.
Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини Қуръони каримнинг Бақара сурасида қуйидаги оят билан фарз қилди: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
«Рамазон» арабча сўз бўлиб, луғатшуносларнинг айтишларича, у «қаттиқ иссиқ», «жазирама», «қизиб чўғ бўлиш», «куйдириш» маъноларини англатувчи калимадан олинган. Бу ойнинг айнан ушбу номни олиши сабаби ҳақида аллома Жавҳарий: «Айтишларича, араблар ойларнинг номларини эски тиллардан ўгиришганида ойларни ўша пайтда тўғри келган вақтига кўра номлашган. Ўшанда ушбу ой иссиқнинг энг жазирамасига тўғри келган экан», дейди. Иккинчи бир фикрга кўра, «Рамазон ойи гуноҳларни куйдириб ташлагани учун шу ном билан аталган. Нима бўлганда ҳам, Рамазон ойини Аллоҳ алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рўзадорларга бериладиган ажр-мукофотлар нақадар улуғ бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Раййон деб аталади. Қиѐмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар турадилар. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Сўнг у эшикдан бошқа ҳеч ким кирмайди”.
Рўзадор кишининг сифатлари қандай бўлиши ҳақида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ѐмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ѐки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки,рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, Ўзим унинг мукофотини бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир», деган (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло розилиги учун рўза тутиш қалқондир: дунёда гуноҳлар хорлигидан, охиратда дўзах ўтидан ҳимоя қилади; рўза лаънати шайтон устидан ғалаба гаровидир, жисмимиз закотидир, жаннатга элтувчи кўприкдир. Энди ким Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарздир. Ўзи тутади, тутолмаса мискинга фидя беради. Зеро, Қуръони каримда: “Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди», дейилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар. Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.Рамазон Қуръон ойидир. Ҳа, Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир.
У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир. Рамазонда шайтонлар кишанланади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда «Унда бебош шайтонлар кишанланади», дейилган. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон кирганда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд этилади», дедилар». Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Абу Фазл Рамазон фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир», деганлар. Рамазоннинг охирги кечаси мағфират кечасидир. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса аввало, қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз таълимотига мувофиқдир. Зеро, ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимки рамазон рўзасини имон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Зеро, мусулмонларимиз бу ойда эҳсон-саховатларини ҳар қачонгидан кўпайтиришлари, оилаларга, бемор-ногиронларга ѐрдам қўлини чўзишлари, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари фазилатли ва савобли ишлардан саналади.
Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, ибодатларимизни бекаму-кўст Аллоҳ буюрганидай адо этишга муваффақ бўлаётирмиз. Олдинги йиллардагидек, бу йилги Рамазон ойида ҳам деярли барча масжидларимизда Қуръон карим хатмларини ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, таровеҳ намозлари, бошқа ибодатлар адо этилади, юртимиз равнақи, эл-юрт тинчлиги, ризқ-рўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилинади.
Бугунги кунга келиб бутун дунёда рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморларни даволаш учун ҳам ўта зарур омил эканлиги ошкора айтилмоқда. Яқинда Россия олимлари рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилишди. Натижа кишини ҳайратга соладиган даражада муваффақиятли эди. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам мана шу йўл билан шифо топишибди. Рўза турли касалликларга даво бўлиши билан бирга бадандаги ёмон, кераксиз ёғларни, холерик-сафро, флагматик-балғам, сангвиник-қон, меланхолик-қора ўтларни кетказади. Қонни мусаффо қилади, ошқозонни яхшилайди. Натижада рўзадор анча енгиллашиб қолади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади. Кўплаб тиббиёт мутахассислари: “Рўза тутиш баданнинг соғлом ва қувватли бўлишига сабаб бўлади”, деб таъкидлайдилар.
Кейинги йилларда Рамазон ойи арафасида ушбу муборак ойни муносиб ўтказиш тўғрисида алоҳида қарорлар эълон қилиниши эзгу ва гўзал анъанага айланди. Унда халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаѐтимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда, жамоат ташкилотлари, хусусан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг вилоятлардаги вакилликлари, сиз муҳтарам жамоат билан биргаликда ушбу муборак ойда амалга ошириб келинадиган хайрия ишлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллалардаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим тарбияси бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида этибор қаратиб, муборак Рамазон ойини миллий-диний қадриятларимизга мос ва монанд равишда ўтказишимизга асло шубҳа йўқ.
Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойини барчаларимизга қутлуғ ва баракотли этсин, ушбу ойни Қуръон хатмлари, таровиҳ намозлари, амри маъруф ва наҳйи мункар ва солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин!
Хасанбой домла Кенжаев
Урганч шаҳар бош имом-хатиби