ГЛОБАЛ ТАҲДИДЛАРНИНГ ХАВФ СОЛИШИ

Глобаллашув жараёнлари ва маънавий таҳдидлар фаслида дунёни тез суръатлар билан ўзгартираётган “глобаллашув” ҳодисасининг кўлами ва таъсири бугунги кунда кенгайиб, кучайиб бораётгани таъкидланади. “Шу маънода, глобаллашув — бу аввало ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви демакдир”.
Ҳар қандай ижтимоий ҳодисанинг ижобий ва салбий томони бўлгани сингари, глобаллашув жараёни ҳам бундан мустасно эмас. Глобаллашув даврида давлатлар ва халқлар ўртасидаги интеграция ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, хорижий инвестициялар, капитал ва товарлар, ишчи кучининг эркин ҳаракати учун қулай имкониятлар вужудга келиши, кўплаб янги иш ўринларининг яратилиши, замонавий коммуникация ва ахборот технологияларининг, илм-фан ютуқларининг тезлик билан тарқалиши, турли қадриятларнинг умуминсоний негизда уйғунлашуви, цивилизациялараро мулоқотнинг янгича сифат касб этиши, экологик офатлар пайтида ўзаро ёрдам кўрсатиш имкониятларининг ортиши каби ижобий жиҳатларига эътибор қаратилади. Биринчи Президентимиз И.А.Каримов глобаллашув жараёнининг айни пайтда мафкуравий таъсир ўтказиш воситаси сифатида, турли сиёсий кучлар манфаатларига хизмат қилаётганини, ушбу жараён орқали миллий қадриятларимизга ёт ғоя ва қарашлар ёпирилиб кириб келаётганини, буларнинг барчаси қандай салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини ҳаётий мисоллар асосида ёритиб берган. Хусусан, бугунги кунда инсон маънавиятига йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюлган кичкина хабар ҳам, ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин. Дарҳақиқат, ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб олиш қийин. Шу маънода, биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг тобора кучайиб бораётган бундай хатарларга доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, лоқайдлик ва бепарволикка барҳам бериш ҳақидаги даъватлари ғоят муҳим аҳамият касб этган. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз тарзда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин.
Бугунги кунда халқаро майдонда турли сиёсий кучлар ўзининг ғаразли манфаатларига эришиш учун “Эркинлик ва демократияни олға силжитиш” ниқоби остида амалга ошираётган, узоқни кўзлаган сиёсатнинг асл моҳияти ва мақсадларини ўз вақтида сезиш, англаш ғоятда муҳим экани таъкидланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, халқимизнинг маънавий оламини бундай таҳдидлардан асраш, ҳозирги ўта мураккаб замонда халқаро майдонда содир бўлаётган жараёнларнинг туб моҳиятига етиб бориш, улар ҳақида холисона ва мустақил фикрга эга бўлиш, бугунги куннинг энг долзарб вазифаси сифатида тилга олинади.
Шунингдек, коммунистик мафкура ва унинг ахлоқий нормаларидан воз кечилганидан кейин вужудга келган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган “оммавий маданият” ёпирилиб кириб келиши неча минг йиллик анъана ва қадриятларимиз, турмуш тарзимизнинг маънавий негизларига жиддий таҳдид қилиши, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солиши мумкинлиги, бундай хуружларга қарши курашиш ғоят муҳимдир.
Қисқача айтганда, бугунги замон воқеликка очиқ кўз билан, реал ва ҳушёр қарашни жаҳонда ва ён-атрофимизда мавжуд бўлган, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.
Ёш авлодда нафақат ўз ҳаёти, оила аъзолари, Ватани ва миллати олдидаги, балки атроф-табиат, бутун курраи замин ва жами башарият олдидаги масъулият туйғусини шакллантириш, бугунги кун таълим-тарбия тизимининг энг муҳим масаласи бўлиб турипти.
Ўзбекистон республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганларидек: “Бу ҳақда гапирганда, фақат битта миллат ёки халқ ҳақида фикр юритиш масалани ўта тор тушуниш бўлур эди. Яъни, бу ўринда сўз фақат бизнинг маънавиятимизга қарши қаратилган тажовузлар ҳақида, азалий фазилатларимиз, миллий қадриятларимизни ана шундай ҳужумлардан асраш хусусидагина бораётгани йўқ. Муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ушбу муаммони кенг миқёсда, дунёнинг барча мамлакатлари ва халқлари ҳаётига дахлдор масала сифатида ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш мақсадга мувофиқдир” Деган эдилар. Масалага бундай кенг қамровли ёндошув кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг ўзи ҳам эслаб ўтганидек, бизнинг улуғ аждодларимиз барчаси “ўз ижоди билан нафақат икки дарё оралиғидаги халқларни, балки бутун башарият фарзандларини доимо меҳр-оқибатли, дўст-биродар бўлиб яшашга” даъват этиб келганлар.

Т.Вайисов
Урганч туман “Қамбар бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *