Яратган ер куррасини том маънода тузатиб ва безатиб яратди, ундаги жамики нарсаларни жой-жойига қўйди ва барчасини инсон манфаатига бўйсундирди. Бунинг эвазига улардан ўз ўрнида фойдаланиш, бузғунчилик қилмаслик талабини қўйди. Табиат неъматларини исроф қилиш гуноҳлиги муқаддас китоблардан келтирилган қуйидаги сўзларда ҳам ўз исботини топган: “Сўнгра, ўша кунда (қиёмат куни) албатта, (сизларга берилган ҳар бир) неъматлардан (фойдаланганингиз ҳақида сўзсиз) сўраласизлар” (Такасур сураси 8-оят)
Ривоятлардан бирида айтилишича, улуғ ёшли инсоннинг дарахт кўчати ўтказаётганини кўрган биров ажабланиб сўрабди: “Шу ёшда кўчат экишдан нима наф?” жавоб шундай бўлибди: “Мен ўзимдан олдинги инсонлар эккан дарахтлар мевасидан баҳра олганман, бу кўчатдан биздан кейингилар баҳра олишсин…” мана буни келажак олдидаги масъуллик, дейдилар. Зеро, табиат ҳам омонат, унда келажак авлодларнинг ҳам ҳаққи бор.
Аммо бугун айрим манзаралардан кўнгилда оғриқ уйғонади: дуч келган жойга, ҳатто, оқиб турган тоза ариқ сувига турли маиший чиқиндилар оқизиш ҳолатлари йўқ дейсизми? Хазонларни, эски ашёларни тутатиб ёқиш-чи?! Хонадондаги чиқинди оқава сувларини кўчага ёки кичик ариқларга боғлаб қўйиш-чи?! Булар оддий ёки арзимас хато эмас. Чунки барча катта хатолар кичкинасидан бошланади. Ҳамон эсимизда, яқин-яқинга қадар яйловларда чорва боқиб, чанқаган вақтда ариқдан энгашиб сув ичилар, қорин очса, нон ивитиб ейилар эди. Бугун-чи?! Айрим анҳорларда ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланасан киши.
Поклик, озодалик туйғулари руҳиятига сингиб кетган халқ фарзандлари учун юқоридаги каби тутумлар ярашмайди. Ўзимиз яшаб турган хонадон, томорқа ва кўчамизнинг обод, тартибли ва озодалиги ўта муҳим.
Табиат аслида мусаффо. Мусаффо неъматларга эса поклик билан муносабатда бўлиш талаб этилади. Поклик – Исломнинг биринчи талаби. Пайғамбаримиз Мухаммад(с.а.в) таъбирлари билан айтганда: “Поклик имонга чорлайди. Имон эса ўз соҳиби билан жаннатда бирга бўлади” (Табароний ривояти). Юртимиз ободлигига хонадонимиз, махалламиз, туманимиз мисолида ҳисса қўшайлик.
Х.Худойназаров
Янгиариқ тумани «Шайх Жалолиддин Румий» масжиди имом-хатиби