Аввал хабар берганимиздек, юртимиздан Туркия давлатига борган делегация сафари давом этмоқда.Жумладан, жорий йил 22 апрел куни Туркия исломий тадқиқотлар марказида марказ раҳбари вабир қанча мутасаддилар билан самимий учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида илмий-маърифий соҳада музокаралар олиб борилди.
Жумладан, бугунги кунда жуда зарур бўлган китоблар нашри, уларнинг электрон вариантини ижтимоий тармоқларда кенг тарқатиш, сунъий интеллектдан ёшларимиз ўзларини қизиқтирган саволларини излаганларида жавобни асл манбага асосланган маълумотлардан олишлари борасида музокаралар олиб борилди.
Шу билан бир қаторда, “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти бўйича музокаралар олиб борилди. Фондга доир китоблар ва маълумотлар билан танишилди. Туркия давлати “Вақф” фаолиятини Ўзбекистондан, яъни қадимий Бухоро ва Самарқанд мактабларидан ўргангани, бу борада Туркия исломий тадқиқотлар маркази олимлари тадқиқотлар ўтказгани, китоб нашр этгани ва бу китобни Ўзбекистондан ташриф буюрганмеҳмонларга тақдим этишини мамнуният билан изҳор қилди.
Учрашувдан сўнг, тадқиқотлар марказида жойлашган кутубхонага ташриф буюрилди. Кутубхонада қатор китоблар устида тадқиқот ишлари олиб борилаётгани диққатга сазовордир.Айниқса, Ўзбекистондан етишиб чиққан уламоларимиз ва аждодларимизнинг бебаҳо мерослари ўрганилиб, тадқиқот олиб борилаётгани, хусусан, Имом Бухорий ҳазратларининг “Саҳиҳул Бухорий” асарларининг минг йил олдинги нусхаси қайта нашр этилгани фикримиз далилидир.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Тошкент Давлат Шарқшунослик универси-тети кутубхоналаридаги тарихий манбалар ва қўлёзма китоблар билан тадқиқот ўтказишга келишиб олинди.
Учрашув сўнгида марказ томонидан нашр этилган “Саҳиҳул Бухорий” асарларининг минг йил олдинги нусхаси ва Бухоро вақф ишлари бўйича тарихий китоблари совға қилинди.
Кейинги ташриф Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA – ИРСИКА) га амалга оширилди. Марказ ҳозирда Ўзбекистондаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Мотуридий халқароилмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси марказлари билан алоқа ўрнатган.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси,Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорлик масалалари бўйича келишувлар бўлиб ўтди. Айниқса, Ўзбекистонолимларининг тарихларини, ҳаёт йўлларини ваижодларини турк тилларига таржима қилиш ва турк олимларини ўзбек тилларига таржима қилиб, ижтимоий тармоқларга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шу билан бир қаторда Туркиядаги диний тизим фаолияти ва талабалар тажриба алмашуви бўйича музокаралар ўтказилди.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг Станбул шаҳрида жойлашган консулхонасида талабалар билан учрашув ўтказилди. Учрашув давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар, шукроналик, гўзал ахлоқ, ўзаро ҳурмат, миллий қадриятларга эҳтиром, Ватанга муҳаббат ва турли ёт оқимлардан сақланиш каби долзарб мавзулар ёритиб берилди. Талабаларга кўрсатилаётган бу каби эътибордан жуда хурсанд эканликларини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.
Сафар давомида “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлик масалалари бўйича келишувлар амалга оширилмоқда ва фонд фаолиятини жадаллаштириш бўйича турли режалар тайёрланмоқда.