Инсон ҳаёти давомида соғлом яшаши учун жуда кўп фойдали озуқаларга мухтож бўлади. Бу неъматлар инсониятга етарлича ато қилинган. Гоҳида эса инсон соғлиги ва жисмига табиатдаги зарарли моддаларни истеъмол қилиб, ўзига жабр қилади, гуноҳга ботади. Ҳақ таоло Қуръони каримда инсонга жуда кўп неъматларни ато этганини, унга покиза нарсалардан ризқ–рўз қилиб берганини эслатиб айтади.
«Дархақиқат, Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от- улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” ( “Исро “сураси, 70 оят)
Дархақиқат, Аллоҳ таоло инсониятга сон саноқсиз пок ва ҳалол нарсаларни тортиқ қилди. Унга зарар берадиган, ҳалокатга элтувчи нопок нарсаларни тақиқлади, Унга пок ва нопокни ажрата оладиган онг, ақл –идрок берди. Чунки башариятнинг мутлақо ижодкори Хақ таоло унга нима фойдаю нима зарар эканини яхши билади. Энди инсон мазкур неъматларни онгли равишда идора қилиши, пок ва нопокни ажратиб истеъмол қилиши лозим. Инсонга, ҳатто, ўз жасади, руҳи омонат қилиб берилган. Жисмига зарар
берадиган, тоқати етмайдиган нарсаларни унга юкламаслик шарт. Бу омонатни хақиқий соҳибига топширгунга қадар унга чиркин нарсаларни илаштирмасдан асраб-авайламоғи даркор. Зотан шариат ҳам уни бундай нарсаларга мажбурламайди, таклиф ҳам қилмайди.
Гиёҳванд моддалар орқасидан исроф бўлаётган миллиардлаб маблағлар, хонавайрон бўлаётган оилалар, ҳалок бўлаётган инсонлар , жарлик ёқасига бораётган миллатларни кўриб, шу ишларни онгли мавжудотлар гултожи –инсон қилаётганидан киши ҳайратда қолади. Динимиз таълимотида ҳам инсон ҳаёти, соғлигига зарар берадиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай ақлни олувчи моддани, у маст қилувчи ёки кайф қилувчи бўлишидан қатъий назар, зарарли деб билади ва уни истеъмол қилишдан мутлақо қайтаради. Аллоҳ таоло ўз Каломида бундай дейди: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз”
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Ислом динида ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам, зарар келтириш йуқ”. дейилган. Яшашдан мақсад нафсоний ҳисларни қондириш эмас, балки ақл билан дунё охират ва дунё саодатига эришишдир.
Ибн Аббос розияллоҳ анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Инсон боласи азият топган нарсадан фаришталар ҳам азият чекади”. Кишининг ҳаётига салбий таъсир қиладиган гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ёмонироқ бўлиши билан бирга, оила, хонадон ва юртнинг файз баракаси кетишига сабаб бўлмайди деб ҳеч ким айта олмайди. Барчамизга маълумки, муборак динимизнинг барҳаёт таълимотида ҳар бир инсоннинг жисми, ақли ва руҳиятига таъсир қиладиган ва зарар берадиган турли зарарли ичимликлардан, барча турдаги гиёҳвандлик, чекиш каби иллатлардан сақланмоғи вожиб бўлади.
Алламо ибн Ҳажар Маккийнинг сўзларига кўра, Гиёҳванд моддалар истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради. Ибодатдан тўсади, шарму–ҳаёни кетгазади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, аҳамиятсиз қилиб қўяди. Кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Яна фатволарда келишича, “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам ҳаром саналади.” Зотан, миллат поклик, садоқат, ҳалолликка интилиб, ҳаромдан ҳазар қилиб соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшаган инсоннинг ҳаёти мазмунли ўтади.
З.Машарипова
Урганч шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари