Сув – оби ҳаёт манбаи

        Аллоҳ бутун борлиқни тўрт унсурдан яратган. Булар орасида энг зарур ва афсуски, тобора танқис бўлаётгани сувдир. Инсон танасининг асосий қисми сувдан иборат эканлигини эслатсак, шу меъёрни сақлаш учун ҳар куни маълум миқдорда сув ичишга мажбурмиз. Сув айни дамда биз истеъмол қиладиган борики табиат неъматлари мавжуд бўлиши учун бирламчи зарурлигини ҳам унутмаслик керак.

     Қурони карим ва ҳадиси шарифларда борлиқ учун зарур барча илмлар мужассам бўлиб, инсонни ён атрофини ўраб олган табиат билан уйғунликда яшашга даъват қилади, табиатнинг борики неъматларини авайлаб-асраш ва беҳуда исроф қилмасликка чақиради. Жумладан, муқаддас китобимизда неъматлар ичида энг муҳими бўлмиш сув ва унинг фойдалари тўғрисида олтмишдан ортиқ ўринда зикр қилинган.  “Муъминун” сурасининг 17-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтмиш: “Биз осмондан  ҳисоби билан ёмғир сувларини  ёғдириб, Ерга ўрнаштирдик. Биз бу сувларни  кетказиб, сизларни  ундан маҳрум  қилиб  қўйишга ҳам қодирмиз”  сўзларга эътибор беринг! Бундан англашиладики, барча неъматлар қатори сувнинг ҳам ҳисоб-китоби бор ва ўлчов билан яратилган.

          Абдуллоҳ  ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтириладики, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи  васаллам саҳобалардан Саъад розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида “Эй, Саъад бу исроф нимаси?”- дедилар. Саъад розияллоҳу анҳу:”Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?”-деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ҳа,  агарчи оқиб турган  дарёнинг бўйида турган бўлсангиз ҳам”, дедилар.

       Кўпи билан бир ярим-икки литрча миқдорда сув сарфланадиган таҳорат жараёнида исрофгарчилик қилмаслик ҳақида гап борар экан, ана энди кундалик ҳаётимизда бу табий неъматни билиб-билмасдан ва ҳатто бепарволарча исроф қилаётганимизни бир кўз олдингизга келтиринг!

        Афсусланарлиси, айрим хонадонлар қувурдан келаётган сувнинг нарҳи арзонлигидан фойдаланиб, ундан томорқасидаги экинларни суғоришда ҳам фойдаланишади.

      Ваҳоланки, ҳозирда дунёда бир ярим миллиард киши тоза ичимлик сувга муҳтож. Айрим давлатларда сувнинг ифлослангани юқимли касалликларни келтириб чиқариб, болалар бевақт нобуд бўлишларига сабаб бўлмоқда.

      Қарияларимиз дастурхон устида дуога қўл очарканлар, юртимизга тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини тилаш асносида дарёларимиз мўл сув, деҳқончиликларимизга барокат тилашади. Дарёларимиз серсув бўлиши деҳқончиликларимиз барокатини таъминлайди.

      Гарчи юртимиздаги энг йирик ва серсув Амударё ўзанида жойлашган бўлсакда айрим йиллари сув танқислиги рўй бериши натижасида томорқа ва бошқа ер майдонларидан режадаги хирмонни кўтара олмай қолган вақтларимиз кўп бўлган. Шундай даврда сувни тежаш борасида кўп гапирилади. Ҳукуматимиз айнан сувни тежаш мақсадида ҳозирда фермер хўжаликларида томчилаб суғориш тизимини жорий қилаётгани бежизга эмас.  Бу оқилона сиёсат негизида ҳар томчи сув қанчалик қадрли ва қимматбаҳо неъмат эканлиги моҳияти мужассам.

     Сувнинг ҳар томчисини тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида ёшларимизга  ҳар кун, ҳар соатда тарғибот ишларини олиб бориш, уларни Аллох таолонинг неъматларига бепарво муносабатда бўлмасликни ўргатиш ҳар бир ота-она бўйнидаги фарз амаллардан бири бўлмоғи керак!

М.Болтаев

Тупроққалъа тумани “Абул Маржон” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *