Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари доирасида Боғот туманидаги «Эрали Эшон бобо» жоме масжиди замонавий талаблар асосида қайта қурилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев, Боғот тумани бош имом-хатиби Рашидбек домла Эрназаров, туман дин ишлари қўмита мутахассиси Ж.Матчанов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, вилоятдаги масжидлар имом-хатиблари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати билан бошланиб, сўнг янгидан қайта қурилган масжиднинг эл-юртимиз маънавиятини янада юксалтириш, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, эзгулик ва маърифатни мустаҳкамлашга хизмат қилиши, унда то қиёматгача намозлар, таровеҳлар, хатми Қуръонлар ва бошқа ибодатлар бардавом бўлиши тилаб дуолар қилинди. Шунингдек, ушбу хайрли бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.
Барча замонавий талабларга жавоб берадиган ва зарур шароитлар яратилган мазкур жоме масжиди бир вақтнинг ўзида 1000 нафар намозхонни қабул қилиш имкониятига эга.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган бундай хайрли ва бунёдкорлик ишлари халқимизнинг диний-маърифий ҳаётини юксалтириш, юртимизда тинчлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Аллоҳ таоло ушбу муборак масжидни қиёматгача Қуръон тиловати, ибодат ва маърифат зиёси тарқаладиган қутлуғ даргоҳлардан қилсин!