Ўзбекистон имом-хатибларининг хорижий давлатлардаги илғор тажрибаларни ўрганиши, билим ва малакасини оширишига қаратилган амалий машғулотлар давом этмоқда.
Жорий йилнинг 3–15 август кунлари Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган малака ошириш амалиётининг илк даврасида Хоразм вилоятидан икки нафар имом-хатиб иштирок этган эди.
24 август куни эса мазкур дастурнинг навбатдаги давраси ўз ишини бошлади. Унда Хоразм вилоятидан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев иштирок этмоқда.
Малака ошириш жараёнида давлатчилик, қонун устуворлиги, бағрикенглик, замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар ҳамда «васатия» — мўътадиллик тамойилининг жамият тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашдаги ўрни каби муҳим мавзулар қамраб олинмоқда.
Шунингдек, иштирокчилар БААнинг тараққиёт тажрибаси, диний-маърифий соҳадаги ёндашувлари ва жамиятда тинчлик-тотувликни таъминлаш борасидаги амалий тажрибаларини ўрганмоқдалар.
Ўз навбатида, БАА вакиллари Ўзбекистоннинг бой тарихи, буюк цивилизацияси ва жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган алломаларимиз илмий-маърифий меросини юксак эҳтиром билан эътироф этмоқдалар.
Бундай халқаро малака ошириш амалиётлари имом-хатибларнинг дунёқараши ва касбий салоҳиятини янада юксалтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда уларни юртимиздаги диний-маърифий фаолиятга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.