Аллоҳга маконга муҳтож эмас

Маълумки ижтимоий тармоқларда ўзларини олдинги ўтган  салаф уламоларга эргашяабмиз деб даъво қилуви тоифлар чиқиб ўзларининг эътиқоди тарихда ўтган адашган бузуқ эътиқоддаги “Мужассима ва Мушаббиҳа” ларнинг эътиқоди билан бир ҳил эканлигини намоён  қилмоқдалар.Уларнинг баъзи даъватчилари ўз сўзларида “Аллоҳ таъоло маконга мухтож эмас дейдиганлар бу сўзи билан Аллоҳни йўққа чиқармоқда”деганлар. Бу сўзлари билан бутун уммат ва уламолар иттифоқ қилган нарсага хилоф қилиб,мусулмонлар ичида фитна чиқаришга урунаётлари яққол ошкор бўлмоқда.

Қуйида уларнинг сўзларидан иқтибос келтирамиз:

“Махлуқотларнинг энг тепаси Арш бўлса, Аллоҳ аршдан юқорида. Энди “Аллоҳни юқоридамас, дейиш керак, Аршдан тепада, дейиш Аллоҳга макон нисбати бўлади, Аллоҳга макон бериб бўлмайди, У Зот ломаконда”, дейдиган одам ўзича Аллоҳни улуғлайман деб, Аллоҳга жой нисбат бермайин, деб, Аллоҳни йўққа чиқариб қўяяпти. Ломакон дегани йўқ, ҳеч жойда йўқ, деганидир. Нега Аллоҳ осмонда бўлмаса, осмонга қараб дуо қилаяпти?! Осмонда дегани, осмонни ичида дегани эмас. Осмонда дегани Аллоҳ юқорида дегани. Энг юқориси Арш бўлса, Аллоҳ Аршдан юқорида дегани” деган.Иқтибос тугади.

Қуйида «Аллоҳ таоло макон, замон ва жиҳатдан холи экани» ҳамда «Қуръони каримдаги «истиво» ояти эгаллаш, подшоҳлик ва қудрат маъносида экани» ҳақида машҳур саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар ва дастлабки уч асрда яшаган салафи солиҳлардан ишончли манбалар асосида иқтибос қилиб келтирамиз:

Хулафои рошидинларнинг бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари ва амакиваччалари улуғ саҳоба Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу (40-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:

Аллоҳ таоло бўлган, бирор макон бўлмаган, У ҳозир олдин қандай бўлса ўшандайдир. (Абу Мансур Бағдодий «Ал-фарқу байнал фирақ» китобида келтирган)

Истиво номаълум эмас, унга кайфият бериш ақлдан эмас, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақида сўраш бидъатдир. Чунки Аллоҳ таоло бўлган ва бирорта макон бўлмаган. У маконни яратишдан олдинги ҳолатидадир, Олдин бўлганидан ўзгармаган (Имом Насафийнинг «Мадорикут-Танзил» номли тафсирида келган).

Наҳотки бу бемазхабликни даъво қилаётан даъватчила эътиқодда ҳам зил кетиб , Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудек зотларга ҳам хилоф қилса “салафийман”деган даъвоси қайда қолади.

Қуръони карим муфассири дея ном олган саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу (68-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

Биз Роббимизни У зотнинг Ўзи уларда Ўзини таништирган хабарлар орқали таниймиз. Биз У зотни Ўзини Ўзи васф қилган сифатлар билан сифатлаймиз. У зот ҳис қилиш воситалари ила идрок этилмайди. У зот инсонларга қиёс қилинмайди. Нарсалардан яқиндир, лекин ёнма-ён турувчи эмас. Нарсалардан узоқдир, аммо буткул ажралувчи эмас. Уни ҳеч нарсага ўхшатмасдан тасдиқ этилади ва сифатларини инкор этмасдан якка-ю ёлғиздир дейилади (шайх Фузайлнинг «Жавоҳирул-калом» китобида келтирилган).

Улуғ тобеинлардан бири Зайнулобидин Алий ибн Ҳусайн раҳматуллоҳи алайҳи (94-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар:

Сен — бирор макон ўз ичига ололмайдиган Аллоҳсан! («Соҳийфатус сажжадия» китобидан).

Улуғ тобеин Абу Муҳаммад Саъийд ибн Мусайяб ибн Ҳазн Махзумий раҳматуллоҳи алайҳи (94-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

У зот «қаердалик»сиз истиво қилган деймиз. Маконни исбот қилмаймиз. Чунки Аллоҳ маконни яратишидан олдин ҳам бор эди ва ҳозир ҳам олдин қандай бўлса ўшандекдир (Абул Қосим Ҳиндий «Ал-баён фий шарҳи сифотир-Раҳмон»да келтирган).

Машҳур улуғ тобеинлардан яна бири, олиму зоҳиду фақиҳ имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи (110-ҳижрий санада вафот этганлар) «жория ҳадиси»даги «في السماء» калимаси ҳақида айтган қуйидаги гаплари Ибн Ашурнинг «Аҳкомул-муташабиҳот» китобида нақл қилинган:

У ҳақида ақл юритилмайди, у борада жоҳиллик ҳам қилинмайди, қандайлигига киришилмайди.

Яна бир улуғ тобеин Абу Муҳаммад Ато ибн Абу Рабоҳ Аслам ибн Сафвон раҳматуллоҳи алайҳи (114-ҳижрий санада вафот этганлар) айтадилар:

Аллоҳ Аршнинг устида қоимдир демаймиз. Балки ундан нима ирода қилинганини Аллоҳ ўзи билади (Шайх Абу Шарифанинг «Тавҳид» китобида келган).

Яна бир тобеин имом Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳи (148-ҳижрий санада вафот этган) шундай деганлар:

Кимки Аллоҳ таолони бирор нарса ичида, ё бирор нарсадан таркиб топган, ё бирор нарса устида деб ҳисоблаган бўлса, ширк келтирибди. Чунки У зот агар бирор нарсанинг ичида бўлса чегараланган бўлиб қолади, агар устида бўлса, кўтариб турилган бўлиб қолади, агар бирор нарсадан таркиб топган бўлса янгидан пайдо бўлган бўлиб қолади (Қушайрий «Ар-рисолатул Қушайрийя»да келтирган).

Тобеинлардан яна бирлари мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Куфий раҳматуллоҳи алайҳи (150-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-фиқҳул абсат» китобларида шундай деганлар:

Аллоҳ таоло бўлган, бирор макон бўлмаган, У зот халойиқни яратишдан олдин бўлган, бирор макон ҳам, бирор халойиқ ҳам, бирор нарса ҳам бўлмаган. У барча нарсанинг яратувчисидир.

Ушбу китобда яна келадики:

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтганлар: Кимки Роббим осмонда ё ердалигини билмайман деса, ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, У Аршнинг устида, лекин мен Аршнинг осмонда ё ердалигини билмайман деб айтган киши ҳам!

Бу рўйҳатни узоқ давом эттириш мумкин.

Ўзларини “Салафийликка” нисбат бераётган ва биз фақат салафларга эргашамиз деб даъво қилаётганлар,мана салафларнинг сўзлари, агар даъвоингиз рост бўлса тепада келтирилган салафларнинг сўзларини қабул қилишингиз лозим бўлади.

Агар шу сўзларни ҳам қабул қилмасангиз сиз ўз даъвоингизда ёлғончисиз ва Ислом уммати ичига фитна солаётган фитначисиз.

Агар сизга, сиз ўзингизни шу кишига эргашамиз у бизнинг раҳнамойимиз деганларингиз   Аҳмад ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳининг сўзларини келтирсак сизнинг иддиъоларингиз ёлғон эканлиги маълум бўлади.

Сунний уламолар ижмо қилган кўпгина масалаларда хилоф қилгани билан машҳур Аҳмад ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳи (728-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» масаласида жамоат эътиқодини қабул қилганини (ашъарий мазҳабига ўтганини) эълон қилиб, жумладан шундай дейдилар:

Мен Ашъарийман!… Ва Аллоҳ таолонинг: «Раҳмон Аршга истиво қилди» ояти ҳақида шундай эътиқод қиламан: Албатта у жамоат айтган маънодадир, у ҳақиқати ва зоҳиридаги маънода эмас. Мен ундан ирода қилинган нарсанинг асл моҳиятини билмайман, балки уни фақат Аллоҳ таологина билади… Ушбуларни Аҳмад ибн Таймия ёзди («Фатҳул-Борий шарҳу саҳиҳил-Бухорий» асарини ёзган таниқли муҳаддис Ибн Ҳажар Асқалоний «Ад-дурарул камина фий аъянил-миатис самина» китобида Қози Нувайрийдан нақл қилиб келтирган).

Ҳурматли Азизлар! Хулоса қиладиган бўлсак Муташобиҳ оятларга изоҳ бериш масаласида аҳли сунна олимлари, асосан салафи-солиҳлар жумҳури тафвиз йўлидан бориб, Аллоҳ таолога айни сифатнинг аслини исбот қиладилар, унинг васфи яъни, кайфияти хусусида эса аниқ бир маъно айтмасдан, Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиб тафвиз қиладилар.

Аҳли сунна жамоаси уламолари тафвизни ҳам, таъвилни ҳам ўзларидан ихтиро қилмагани, балки салафи-солиҳлардан мерос олиб умматга қолдирганлар.

Биз ҳам Аҳли сунна жамоаси уламолари изидан бориб,уларга эргашмоғимиз лозимдир.

Аллоҳ таъолога макон исбот қиладиган адашган тоифалар изидан эмас!

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Тавал бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *