Инсон ҳаётида шундай улуғ зотлар борки, уларнинг меҳнати ва эзгу амаллари йиллар ўтса-да, ўз аҳамиятини йўқотмайди. Ана шундай шарафли ва масъулиятли касб эгаларидан бири — устозлардир. Устоз инсонга нафақат илм беради, балки унинг қалбига эзгулик, меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ ва юртга муҳаббат туйғуларини сингдиради. Шу боис устозга бўлган ҳурмат ва эҳтиром халқимиз маънавиятида азалдан юксак қадрият сифатида шаклланган.
Устоз — маърифат машъалидир. У ўзининг билими, тажрибаси ва ибрати билан инсонлар қалбида илмга бўлган иштиёқни уйғотади. Машъал қандай қилиб атрофни ёритса, устознинг маърифати ҳам шогирдларининг қалби ва тафаккурини ёритади. Унинг бир оғиз насиҳати, биргина яхши сўзи баъзан инсон ҳаётида катта бурилиш ясаши мумкин.
Айниқса, диний-маърифий соҳада фаолият юритаётган устоз ва устозаларнинг меҳнати алоҳида эътиборга лойиқ. Улар инсонларга динимизнинг эзгулик, меҳр-шафқат, бағрикенглик, ҳалоллик ва поклик каби юксак қадриятларини тушунтиради. Одамларни яхшиликка чорлаб, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат каби фазилатларни ҳаётимизда қарор топтиришга хизмат қиладилар.
Устозлик- оддий касб эмас, балки юксак масъулият ва фидойиликни талаб этадиган шарафли вазифадир. Чунки устоз қўлига нафақат китоб, балки инсон тақдири ишониб топширилади. Унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ўгити ва шахсий намунаси шогирд қалбида из қолдиради. Шунинг учун ҳақиқий устоз аввало ўзининг одоби, ахлоқи ва юриш-туриши билан ибрат бўлиши керак.
Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган ҳикматли сўз бор. Бу иборада устознинг инсон ҳаётидаги ўрни нақадар юксак экани мужассам. Ота инсонни дунёга келтириб, уни вояга етказса, устоз унинг ақлини чархлайди, қалбига маърифат уруғини сочади, ҳаёт йўлини англашга ёрдам беради.
Буюк аждодларимиз ҳам илм ва устозни доимо улуғлаганлар. Илм аҳлига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг меҳнатини қадрлаш халқимиз маънавий меросининг муҳим қисми ҳисобланади. Зеро, илм бор жойда маърифат, маърифат бор жойда эса тараққиёт ва эзгулик бўлади.
Бугунги кунда устозларнинг вазифаси янада кенгайиб, масъулияти ортиб бормоқда. Замон шиддат билан ўзгармоқда, ахборот оқими тобора кучаймоқда. Бундай шароитда ёш авлодга тўғри йўл кўрсатиш, уларни турли ёт ғоялардан асраш, илм-маърифатга қизиқтириш ва мустақил фикрлайдиган, одобли, ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялашда устозларнинг ўрни беқиёсдир.
Айниқса, хотин-қизлар билан ишлаш, оилавий муҳитни соғломлаштириш, фарзанд тарбияси ва маънавий-маърифий масалаларда меҳнат қилаётган устозаларнинг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Чунки оиладаги маънавий муҳит жамият маънавиятига бевосита таъсир қилади. Оналик масъулияти, фарзанд тарбияси, оилада меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш каби муҳим масалаларда берилган ҳар бир тўғри маслаҳат келажак авлод тарбиясига хизмат қилади.
Отинойиларнинг маърифий суҳбатлари, учрашувлари ва турли тадбирлардаги фаол иштироки ҳам ана шу эзгу мақсадга қаратилган. Улар маҳалла ва оилаларда тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, инсонларни яхшиликка чорлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшларга одоб-ахлоқ ва маънавият сабоқларини беришда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Ҳақиқий устоз шогирдининг ютуғидан ўз ютуғидек қувонади. Шогирд камолга етса, унинг эзгу ишларини кўрса, устознинг қалбида беқиёс фахр туйғуси пайдо бўлади. Чунки устоз учун энг катта мукофот — шогирдларининг одобли, билимли, ҳалол ва эл-юртга наф келтирадиган инсон бўлиб вояга етишидир. Устознинг меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайди. Унинг бир фарзандга берган насиҳати, бир оилага айтган яхши сўзи, бир инсоннинг қалбида уйғотган умиди йиллар ўтиб ўз самарасини бериши мумкин. Шунинг учун устоз меҳнатини фақат бир кунлик байрам ёки бир оғиз ташаккур билан баҳолаб бўлмайди. Устозга ҳурмат — илмга, маърифатга ва инсон камолига бўлган ҳурматдир.
Устозлар байрами — бизга таълим ва тарбия берган, ҳаёт йўлимизда тўғри йўл кўрсатган устозларимизни яна бир бор ёд этиб, уларга миннатдорлик билдириш учун гўзал фурсатдир. Бу кунда биз нафақат бугунги устозларимизни, балки ҳаётимизда из қолдирган барча муаллим ва мураббийларимизни эслаймиз. Уларнинг меҳнати, дуоси ва берган сабоқлари қалбимизда ҳамиша яшайди.
Устоз — қалбларга эзгулик уруғини қадайди. Устоз — илмга йўл очади. Устоз — инсонни камолот сари етаклайди. Устоз — жамиятнинг маънавий таянчларидан биридир.
Шунинг учун ҳар биримиз устозларимизни қадрлашимиз, уларнинг меҳнатини ҳурмат қилишимиз ва дуоларини олишга интилишимиз лозим. Зеро, устозга кўрсатилган эҳтиром-келажакка кўрсатилган эҳтиромдир.
Азиз устозлар! Сизлар қалбларга маърифат зиёсини улашиб, эзгулик ва яхшиликка чорлаб, инсонларни камолот сари етаклаб келмоқдасиз. Сизнинг ҳар бир сабоғингиз, ҳар бир насиҳатингиз, ҳар бир эзгу тилагингиз инсонлар ҳаётида ўзининг муносиб ўрнини топсин.
Умрингиз илм ва маърифат йўлида баракали, қалбингиз доимо хотиржам, ишларингиз файзли бўлсин. Сиз тарбиялаган шогирдларингиз, қилган эзгу амалларингиз ва тарқатган маърифат зиёнгиз ўзингизга доимо савоб ва дуолар бўлиб қайтсин.
Устозга эҳтиром — маърифатга эҳтиром.
Устозга ҳурмат — келажакка ҳурмат.
Устознинг эзгу сабоғи эса инсон қалбида умрбод яшайди.
Ф.Отажонова
ЎМИ Хоразм вилояти бош имом-хатибининг хотин- қизлар масалалари бўйича ўринбосари