IX асрда яшаб, фаолият юритган ҳакимийлик тариқатининг асосчиси, термизлик машҳур олим, қатор диний-фалсафий асарлар муаллифи, йирик зоҳид Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ал-Ҳаким ат-Термизий (ваф. 869) номи билан боғлиқдир. Ҳаким Термизий нафақат зоҳирий, шу билан бирга, ботиний илмларни чуқур эгаллаган уламолардан бири бўлган. “Ал-Ҳаким”, “Донишманд Термиз ота” , “ат-Термизий” нисбасини айнан термизлик бўлганлиги учун олган. Мазкур шахс номи билан аталувчи зиёратгоҳ объектининг машҳурлиги нафақат вилоятда, балки бутун ислом оламида “Термиз ота” номи билан улуғланади . Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида Муҳаммад бин Али Ҳаким Термизий иккинчи табақадандур, кунияти Абу Абдуллоҳ бўлиб, Абу Туроб Нахшабий ва Аҳмад Ҳузравайҳ ва ибн Жалло билан суҳбатга киришганини ҳамда олимнинг “Хат ул-валоят”, “Наҳаж”, “Наводир ул-усул” ва шунга ўхшаш кўпгина китоблари борлигини келтиради . Ҳаким ат-Термизий машҳур муҳаддис ва тасаввуф шайхларидан бўлиб, VIII-IX асрларда яшаб ўтган. Бу алломанинг ота-онаси ҳадис илмидан хабарлари бўлиб, дастлабки таълимни улардан олгани келтирилади .
Аллома 25 ёшгача Мовароуннаҳр шаҳарларида таълим олиб, 27 ёшида Маккага Ҳаж амалини ўташ учун йўлга чиқади. Йўлда ҳадис илми ривожланган Куфа, Бағдод ва Басра шаҳарларида бўлиб, балхлик сўфий Аҳмад ибн Хизруя ва ‘Осим ал-Антокийнинг шеърлари билан танишади. Унинг илмий-адабий намуналаридан Ҳаким Термизий қаттиқ таъсирланади. У бир қанча сўфийлар, хусусан Абу Туроб ан-Нахшабий (ваф. 861) ва Яҳё ибн Жамол ва Аҳмад ибн Хизруя (ваф. 855)нинг қўлида таълим олади . Ҳаким Термизий Шом, Бағдод, Миср мутасаввуф олимлари билан ҳам мулоқотда бўлиб, илк суфийлик ҳаракати, зоҳидлик ва орифлик ғоялари кучайган Макка, Мадина, Миср, Бағдод, Басра, Куфа, Яман, Ҳамадон, Нишопур каби ислом дунёсининг марказий шаҳарларида тасаввуфий қарашлар шаклланган даврда яшагани илмий камолотида муҳим аҳамият касб этган. Тасаввуф илми бобокалонларидан бири Зуннун Мисрий (Зуннуния тариқати асосчиси), Боязид ал-Бистомий (тайфурия тариқати асосчиси), Жунайд ал-Бағдодий (жунайдия тариқатининг асосчиси), Абу Мансур ал-Ҳаллож кабиларнинг тариқатларини ўрганган, мақомоту маноқибларни таҳлил қилган. Ҳаким Термизий Нишопурга бориб, ҳакимия тариқатига асос солган . Халифа Маъмун Бағдодда таъсис этган илм маскани Байт ул-ҳикмада фаолият кўрсатган олиму фозиллар орасида алоҳида шуҳрат топиб, “Қидват ул-авлиё”, яъни “Авлиёлар йўлбошчиси”, деган ном билан танилган . Ҳаким Термизий 400 дан ортиқ асарлар ёзгани, улардан 57 тасигина бизгача етиб келгани ҳақидаги баҳсли маълумотлар мавжуд . Улардан айримлари ҳозирда ЎзР ФАШИ қўлзёмалар фондида, Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Истамбул, Лондон каби шаҳар кутубхоналарида сақланади . Масалан, ҳакимиянинг мақомотлари, низомлари, пир-муридларга қўйиладиган талаблар, зикр ва ибодат усулларига бағишланган“Китоб ан-нажоҳ” (Йўл-йўриқлар китоби), “Хатм ал-авлиё” (Валийлар муҳри), “Иршод ат-толибин” (Толибларга йўриқнома), тасаввуфга оид “Китоб ҳақийқат ал-одамийа” (Инсоният ҳақиқати тўғриисдаги китоб), “Адаб ун-нафс” (Нафс одоби) номли китоблари ҳозиргача ўз илмий-аҳамиятини йўқотмасдан келмоқда . Унинг “Назоир ал-Қуръон”, “Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул” (Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар) , ақидага оид “Усул ал-муваҳҳидин”, “Хатм ал-вилоя”, шаръий масалаларга оид “Исбот ал-илал аш-шарийя”, “Ғафр ал-умур”, “Китоб ал-маноҳи”, “Китоб шарҳ ас-салот”, “Наврўзнома”, “Солнома” каби асарлари машҳурдир . Ҳаким Термизийнинг таълимоти ибодат ва маросим шариати, тасаввуф ҳамда эътиқод каби уч йўналишдан иборат бўлган. Ҳаким Термизий Термизга қайтгач, Жайҳуннинг Балх шаҳри ва Пайғамбар ороли кўриниб турадиган энг баланд қирлик, хушманзара ва баҳаво қирғоғидан жой танлаб, масжид ва хонақоҳ қурдирган. Бу мақбара Эски Термизда, Амударё қирғоғида қад кўтариб, мақбарада илм аҳли тўпланишар эди, олим вафотидан кейин ушбу хонақоҳда дафн этилган . Ҳаким ат-Термизий мақбараси IX-XV асрларга оид культ мемориал комплекси бўлиб у ўзида масжид, мақбара, хонақо ва сағанани бирлаштирган.
2001-2002 йилларда Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Ҳаким Термизий зиёратгоҳи давлат томонидан таъмирланган. 2008-2010 йилларда мажмуада Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан буджетдан ажратилган маблағ эвазига ҳамда Республика темир йўл компанияси ҳомийлигида қайта реставрация ишлари олиб борилган. 2010 йилда Республика Бош Вазири Ш.М. Мирзиёев бошчилигида зиёратгоҳда катта ободонлаштириш ишлари олиб борилган. 2016 йил август ойидан 2017 йил май ойигача Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги Археологик ёдгорликларни сақлаш бўлими томонидан бюджет маблағи асосидан қайта таъмирланган. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ал-Ҳаким лақаби билан аталиши масаласи олиму-уламоларни азалдан қизиқтириб келган ва бу масалада турли фикрлар ҳам билдирилган. «Ҳаким» сўзининг тарихига назар солсак, бу ибора Қуръонда ҳам, Тавротда (Хохом шаклида) ҳам учрайди. Ҳакимнинг луғавий маъноси доно, донишманд, ақл-идрокли, файласуф, шунингдек, табиб, доктор тушунчаларини англатади. Шу сабабли баъзи олимлар уни ҳатто моҳир табиб деб ҳам атаганлар. Ат-Термизий яшаган давр истилоҳларига таяниб баён қилсак, ҳикмат (ҳакимдан олинган) ибораси ҳақиқатга етишиш (арабча исобат ал-ҳаққ)ни англатиб, бунга илм ва ақл билан эришиш мумкин деб изоҳланган. Ҳаким киши шундай шахски, у мукаммал ақл-идрок ва чуқур билим билан ҳар доим ҳақиқатга эришади. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг «Таҳсийл назоир ал-Қуръон» номли асарида: «Ҳаким илмнинг ички, ботиний маъноларини тушунувчи киши» деган фикрни ҳам келтирган. Қуръони каримга «Мафотиҳ ал-ғайб» номли ўн беш жилддан иборат улкан тафсир ёзган буюк ватандошимиз Фахриддин ар-Розий ҳикматдан мурод ёки илм, ёки савоб, яъни тўғри ишни қилишдир, деб талқин қилган. Тасаввуф аҳли ҳам «ҳаким» сўзини шу мазмунда таъвил қилиб «ҳикмат» — илм (билим)дан юқорироқ даражада туради, «ҳаким» деб ҳар қандай илмни чуқурроқ ўзлаштирган кишига айтилади, чунки бу шарафли даражага узоқ машаққат ва риёзат орқали эришилади деб таъкидлайдилар. Доктор Усмон Исмоил Яҳёнинг фикрича, ат-Термизий «ҳаким» лақабига тасаввуфда инсон табиатини яхши ва чуқур тушуниб етгани учун эришди, деб ҳисоблайди. Ҳаким, унинг эътиқодича, валийнинг бир хилидир (арабча ал-ҳаким ҳува навъ мин ал-валий). Валий киши ҳақиқатга фақат чуқур илм ва катта ақл-идрок билан эмас, балкии Аллоҳ таоло унга ато қилган бир илоҳий сир воситасида эришади, бинобарин, уни тугал ақл ва чуқур илм билан сийлаган ҳам Аллоҳнинг ўзидир. Гарчанд ал-Ҳаким ат-Термизийда «ҳаким» калимаси «валий» калимаси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ифода қилинса-да, «ҳаким» билан «валий» тушунчаси ўртасида муайян фарқ бор, албатта. Ал-Ҳаким ат-Термизий «ҳаким» мақомига эга шахснинг жамият ижтимоий ҳаётидаги ўрни ҳақида ёзиб, у миллатнинг диний соҳадаги файласуфи, муомалат масалаларидаги қозиси, намоз ва ибодатларида уларнинг имоми ҳамда уларни тинчлик, хотиржамлик, бахт-саодат ва фаровон турмушга бошловчи валийси бўлишлигини таъкидлайди.
Хонқа туман бош имоми хатиби. Ф.Матяқубов.