Ал-Ҳаким ат-Термизий…..

 Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизий бўлиб, таржимаи ҳолига оид маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, ал-Хатиб ал-Бағдодий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ас-Сулламий ва бошқалар асарларида, шунингдек, унинг ўзининг қаламига мансуб «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» («Абу Абдуллоҳ ишининг бошланиши») номли автобиографик рисоласида келтирилган.

Унинг мазкур шаклдаги тўлиқ исми аллома томонидан ёзилган «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор ар-расул» («Расулуллоҳ хабарлари ҳақидаги нодир усуллар»), «Илм ул-авлиё» («Валийлар (ёки авлиёлар) илми»), «Хатм ул-авлиё» («Авлиёларнинг охиргиси») ва «Назоир ул-Қуръон» («Қуръон ибратлари») каби асарларнинг номлари ёинки муқаддима қисмларида ҳам айнан шу тарзда келтирилган. Ал-Ҳаким ат-Термизий таваллуд топган сана хусусида ҳам ёзилган манбалар ва адабиётларда турли йиллар келтирилган. Одатда, ўрта асрларга оид ёзма манбаларда аксар ҳолларда муаллифнинг фақат вафот этган йили кўрсатилиб, таваллуд этган санаси келтирилмайди. Жумладан, таниқли олим Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф уз-зунун» номли машҳур асарининг бир неча ўринларида ал-Ҳаким ат-Термизий вафотини ҳижрий 255 (мелодий 869) йил деб кўрсатган. Шунингдек, алломанинг Термиз шаҳри яқинида жойлашган мақбараси устида ўрнатилган қабртошдаги битикларда ҳам унинг ҳаёти ҳақида баъзи маълумотлар келтирилиб, вафот этган санаси ҳижрий 255 (мелодий 869) деб ёзилган. Бошқа баъзи манбаларда ҳам унинг мазкур санада вафот этганлиги қайд этилади. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг узоқ — 116 ёинки 120 йил умр кўрганлигини эътиборга олсак, аллома саккизинчи асрнинг ўрталарида (тахминан 750—760 йиллар оралиғида) таваллуд топганлиги аён бўлади. Айни вақтда унинг мақбараси Термиз шаҳрининг яқинида Амударё бўйида жойлашган.

Термиз шаҳри ҳақидаги қимматли маълумотларни араб географлари ал-Муқаддасий (Аҳсан ут-тақосим фи маърифат ал-ақолийм), ал-Истахрий (ал-Масолик вал-мамолик), ал-Балазурий-Футуҳ ул-булдон ва бошқа қатор муаллифларнинг асарларида учратамиз. Мазкур манбаларда таъкидланишича, ал-Ҳаким ат-Термизий туғилган Термиз шаҳри ҳам IX асрда Мовароуннаҳрнинг энг йирик ва обод шаҳарларидан бири сифатида машҳур бўлган. Шаҳарда исломий илм ва маданият юксак даражада тараққий этган. Илм-фаннинг турли соҳалари, жумладан, исломий илмлар бўйича Термиз шаҳридан етишиб чиққан кўплаб алломалар ат-Термизий нисбаси билан бутун дунёда машҳур бўлганлар. Жаҳоний эҳтиромга сазовор бўлган термизлик буюк сиймолардан бири ал-Ҳаким ат-Термизийдир. Афсуски, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг болалик ва ёшлик йиллари ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар учратмадик. Унинг ота-онаси ҳақидаги баъзи хабарлардан маълум бўлишича, унинг отаси Али ибн ал-Ҳасан ўз даврида ҳадис илмининг кўзга кўринган олимларидан бири сифатида машҳур бўлган. Араб тарихчиси ал-Хатиб ал-Бағдодий ўзининг машҳур «Тарихи Бағдод» («Бағдод тарихи») номли асарида ёзишича, у мусулмон оламининг энг йирик марказларидан саналган Бағдод шаҳрида бўлиб, ўша даврнинг машҳур олиму уламолари билан ҳадис илмининг турли масалалари бўйича қизғин баҳс ва мунозараларда иштирок этган. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг автобиографик рисоласи «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» ва «Ар-Радд аълол-муаттила» каби асарларида ёзишича, унинг онаси ва бобоси ҳам ўз даврида ҳадис илмининг етук билимдонларидан бўлган. Бу маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, ал-Ҳаким ат-Термизий илм-маърифат юксак қадрланадиган, зиёли бир хонадонда дунёга келиб, мана шу илмий-маънавий муҳитда ўсиб улғайган. Охир оқибатда мазкур омиллар таъсирида унинг маънавий дунёси ва илмий тафаккури шаклланиб, камолга етган. Айни вақтда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илмий камолотида унинг отаси Али ибн ал-Ҳасаннинг хизматлари бениҳоя катта. Чунончи, у ўз фарзанди учун нафақат меҳрибон ва ғамхўр ота, балки унга нисбатан талабчан мураббий ва маърифатли устоз мақомида ҳам бўлган. Бу хусусда ал-Ҳаким ат-Термизий ўз китобларидан бирида шундай ҳикоя қилади:

— Оллоҳ таоло мени устозим — волидимдан жудо қилганда мен саккиз ёшда эдим. Унинг саъй-ҳаракатлари боис мен илм олишга шундай берилиб кетгандимки, китоб мутолаа қилиш мен учун асосий машғулот бўлиб қолган эди. Ваҳоланки, менинг тенгқурларим ўйин-кулги ва вақти хушлик билан банд бўлардилар. Волидимнинг ижтиҳодлари туфайлик мен шу ёшимда «Илм ал-осор» (Қадимий ривоятлар (ҳадислар) ҳақидаги илм)ва «Илм ар-рай» («Эътиқод ҳақидаги илм») билимларини тўлиқ эгаллаб олган эдим…

Отаси вафотидан кейин ал-Ҳаким ат-Термизий ўз шаҳридаги етук олимлардан асосан тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. Унинг термизлик муҳаддислар Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан ҳадис илмини ўрганганлиги ҳақида манбаъларда аниқ маълумотлар келтирилган. Шундан сўнгра аллома Фаридуддин ал-Атторнинг ёзишича, ёши йигирма еттига етганда ал-Ҳаким ат-Термизий икки ўртоғи билан ўша пайтда бутун Шарқда илму маърифатнинг энг йирик марказларидан бири саналган Бағдодга бориб илм олишни ният қилганда бирдан онаси бетоб бўлиб қолади ва унга: «Эй ўғлим, мен бир муштипар, заифа аёл бўлсам, менга сендан бўлак бошпаноҳ бўлиб ёрдам берадиган бирор кимса бўлмаса, менинг бутун борлиғим фақат сен билан боғлиқ бўлса. Сен мени кимга ташлаб кетмоқчисан?» — деб унга илтижо қилади. Волидасининг бу сўзлари ал-Ҳаким ат-Термизийга қаттиқ таъсир қилиб, у илм талабидаги ушбу сафаридан воз кечади. Унинг икки ўртоғи эса ўз сафарларига отланиб йўлга тушадилар. Сўнгра, ушбу воқеадан кейин талай вақт ўтгач, ал-Ҳаким ат-Термизий Бағдодга боролмаганлиги учун ғоятда афсусланиб, мақбаралардан бирининг ёнида йиғлаб хафа бўлиб турганида унинг ёнида юзидан нур ёғилиб турган бир шайх пайдо бўлиб, ундан йиғлашининг сабабини сўрайди. Ал-Ҳаким унга юз берган воқеани бирма-бир айтиб беради. Шунда шайх: Истасанг, мен сенга ҳар куни турли илмлардан сабоқ бериб, сени ўқитаман, дейди. Ал-Ҳаким унинг бу сўзига дарҳол рози бўлади. Бу ҳол бир неча йил давом этади. Сўнгра у билса бу киши Хизр алайҳиссалом эканлар. Унинг бу саодатли марҳаматга эришиши волидаи мушфиқасининг дуоси барокотидан бўлган эди. Айни шу воқеа бошқа манбаларда бироз бошқачароқ тарзда ҳикоя қилинади…

Бу ҳикоя ҳақиқатми ёки афсонавий ривоятми, қандай бўлмасин унинг оиласи ҳақида муайян даражада тасаввур беради. Чунончи, ушбу ҳикоядан маълум бўлишича, у ота-онасининг яккаю ягона фарзанди бўлган, онасининг илтижосига қараганда уларнинг оиласида ал-Ҳакимдан бошқа унга бошпаноҳ бўлиб, қарайдиган кимса бўлмаган. У ўз онасига меҳрибон, уни боқувчисиз ташлаб кетишга журъат қилмаган — оилапарвар, қанчалик илм олишга иштиёқи кучли бўлгани билан ўз волидасининг сўзига қулоқ солиб, унинг дуосини олганлиги боис охир-оқибатда илм олишда ҳам ўз матлабига эришади. Шунингдек, манбаларда унинг оилавий аҳволи, рафиқасининг солиҳа, тақводор, покиза аёл эканлиги, оилада олтита фарзанди бўлганлиги ҳақида ҳам баъзи маълумотлар келтирилган.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг биринчи устози, юқорида зикр этилганидек, унинг отаси Али ибн ал-Ҳасан ат-Термизий эди. Бу ҳақдаги маълумотлар ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» (2-жилд, 373-бет) номли асарида келтирилган.

Қутайба ибн Саъийд ас-Сақафий ал-Балхий ҳақидаги маълумотлар ҳам ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» (4-жилд, 264-бет) номли асарида келтирилади. У илм олиш талабида ёшлигидан кўп мамлакатларга сафар қилган. Шу мақсадда Бағдод, Макка, Мадина, Шом ва Миср каби мамлакатларга борган. Ўз даврининг етук муҳаддисларидан ҳисобланган Молик ибн Анас, Ал-Лайс ибн Саад, Абдуллоҳ ибн Лаҳийъа, Яқуб ибн Абдураҳмон, Ҳамод ибн Зайд, Исмоил ибн Жаъфар, Суфён ибн Уйайнадан ҳадислар эшитган. Ўз навбатида Қутайба ибн Саъийддан ҳам Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Бакр ибн Абу Шайба, Юсуф ибн Мусо, Абу Довуд ас-Сижистоний, Иброҳим ал-Ҳарбий, Мусо ибн Ҳорун, абу Зуръа, Имом ал-Бухорий ва Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож («Саҳийҳ» асарларида) ва улардан бошқа кўплаб йирик олимлар ҳадислар ривоят қилганлар. У тахминан ҳижрий 150 (мелодий 767) йидда таваллуд топиб, қарийб тўқсон йил умр кўриб, ҳижрий 240 (854 мелодий) йилда ўзи узоқ муддат истиқомат қилган Балхнинг Буғлон номли қишлоғида вафот этган.

Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизий. Унинг ҳақидаги мухтасар маълумотлар ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Бағдод тарихи» (1-жилд, 315-бет) ва Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг «Лисон ал-мейзон» (3769 рақамда) каби асарларида келтирилган. У узоқ муддат Бағдодда яшаб Молик ибн Анас, Ҳамод ибн Яҳя ал-Абаҳ, Абдулворис ибн Саъийд, Абсар ибн ал-Қосим, Шурайк ибн Абдуллоҳ, Жаъфар ибн Сулаймон, Фараж ибн Фазола, Умар ибн Ҳорун ал-Балхий каби олимлардан ҳадис илмидан сабоқ олган. Шунингдек, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Зуръа, Абу Ҳотам ар-Розийон ва бошқа олимлар ҳадислар ривоят қилганлар. Тарихчи Ибн Ҳиббон ўзининг «ас-Сиқот» номли асарида унинг ҳақида ёзиб «Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизий «Соҳиб суннат ва фазл» деб таъкидлаган.

Суфён ибн Вакийъ. Таниқли тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабий ўзининг «Мейзон ал-эътидол» номли асарида (2-жилд, 173-бет) унинг исмини Суфён ибн Вакийъ Ибн ал-Жарроҳ Абу Муҳаммад ар-Равосий деб тўлиқ келтирган. Муаррих Ибн Ҳиббоннинг ёзишича, унга отаси Вакийъ ибн ал-Жарроҳ варроғини (ёзганларини оққа кўчирувчисини) алмаштиришни маслаҳат берган, чунки у (варроғ) унга чалкаш, мавқуф ҳадисларни ҳам ёзиб келаверганлиги сабабли кўп азиятга мубтало бўлган экан. Суфён ибн Вакийъ фозил ва ҳақиқатгўй шайх бўлиб, Ибн ал-Ҳиббоннинг ёзишича, ҳижрий 247 (мелодий 861) йилда вафот этган.

Ал-Ҳасан ибн Умар ибн Шафиқ ал-Балхий. Унинг тўлиқ исми ал-Ҳасан ибн Умар ибн Шафиқ ибн Асмоъ Абу Али ал-Жармий ал-Басрий бўлиб, Ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» асарида зикр қилинишича (7-жилд, 355-бет), у тижорат ишлари билан кўпинча Балхга бориб тургани учун ал-Балхий нисбати билан машҳур бўлган, сўнгра у Бағдодга бориб унда отасидан, Абдулворис ибн Саъийд, Жаъфар ибн Сулаймон ва бошқалардан ҳадислар ривоят қилган.

Ал-Ҳасан ал-Балхийдан Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Зуръа, Абу Ҳотам ар-Розиён, Мусо ибн Исҳоқ ал-Ансорий ва ал-Ҳасан ибн ат-Таййиб ал-Шижоъийлар ҳадислар ривоят қилган. Унинг ҳақида Абу Зуръа ва Имом ал-Бухорий каби алломалар ҳам таҳсинга лойиқ фикрларни айтганлар. Ал-Ҳасан ал-Балхий 230 ҳижрий (845 мелодий) йидда вафот этган.

 Аҳмад ибн Ҳизравайҳ. Унинг тўлиқ исми Абу Хомид Аҳмад ибн Ҳизравайҳ ал-Балхий бўлиб, унинг ҳақидаги қисқача маълумотлар Абу Нуаймнинг «ал-Ҳилйа» (10-жилд, 42-бет), Абу Абдурраҳмон ас-Сулламийнинг «ат-Табақот» (103—106-бетлар) номли асарларида келтирилади. Улар ёзишларича, Аҳмад ибн Ҳизравайҳ Хуросоннинг йирик машойихларидан бири бўлган. У Абу Туроб ан-Нахшабий Ҳотам ал-Асамнинг суҳбатида бўлиб, Абу Язийд ал-Бистомий билан учрашган. Замондошларининг фикрича, у олийҳиммат, ҳақиқатгўй киши бўлган. Вафоти ҳижрий 240 (мелодий 854) йилга тўғри келади.

Абу Туроб ан-Нахшабий. Абу Туроб ан-Нахшабийнинг тўлиқ исмини тарихчилар Асқар ибн Муҳаммад Ҳасийн Абу Туроб ан-Нахшабий деб келтирганлар. Ас-Сулламий «Табақот ас-суфиййа», Тожуддин ас-Субкий «Табақот аш-шофоиъййа ал-кубро» номли асарларида Абу Туроб ан-Нахшабийнинг Хуросоннинг энг буюк машойихларидан бири бўлганлигини, у ўз илми, футуввати, зоҳидлик ва художўйлиги билан алоҳида ажралиб турганлигини таъкидлайдилар. Тожуддин ас-Субкийнинг таърифлашича, Абу Туроб ан-Нахшабий бешак ўз даврининг улуғ шайхи бўлиб, илм ва динни ўзида тўла мужассам қилган зот бўлган.

 Яҳя ибн Маоз ар-Розий. Унинг ҳақидаги мухтасар маълумотлар ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод», ас-Сулламийнинг «Табақот ас-суфиййа» ва бошқа баъзи асарларда келтирилган. У Исҳоқ ибн Сулаймон ар-Розий, Маккий ибн Иброҳим ал-Балхий ва Али ибн Муҳаммад ат-Танофусий каби олимлар ҳадисларидан сабоқ олган. Ундан эса Рай, Ҳамадон ва Хуросоннинг бошқа шаҳарларидан келган олимлар исноди кам бўлган ҳадисларни ривоят қилганлар.

Яқуб ибн Шайба ибн ас-Салт. Унинг тўлиқ исми Яқуб ибн Шайба ибн ас-Салт ибн Асфур Абу ас-Садусий бўлиб, у асли Басра аҳлидан. Яқуб ибн Шайба ҳақидаги маълумотлар тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабийнинг «Тазкират ул-ҳуффоз» («Ҳофизлар ҳақида тазкира»), ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» номли асарларида келтирилган. Молик ибн Анаснинг гапига қараганда, у асли бағдодлик фақиҳлардан саналган, кўплаб ҳадислар ривоят қилиб, қатор асарлар ҳам яратган.

У Али ибн Осим, Язид ибн Ҳорун, Аффон ибн Муслим, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ансорий, Асвад ибн Омир, Яҳя ибн Абу Бакр ва уларга ўхшаш кўплаб олимлардан ҳадислар эшитган.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг юқорида номлари зикр этилган устозларидан олган билими, ўз даврининг йирик алломаси даражасигача етишида салмоқли таъсир кўрсатган, албатта. Айни вақтда шуни ҳам таъкидлаш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизий амал қилган ўзига хос сўфиёна нуқтаи назар, унинг тутган фиқҳий йўли ҳадисларни ривоят қилишда муҳаддисларнинг анъанавий йўлларидан фарқ қилиши баъзи олиму уламоларнинг ғазабини келтириб, охир-оқибатда унга кўп ташвиш келтирди. Шу билан бирга ал-Ҳаким ат-Термизийни муайян бир сўфий мактабига мансуб этиш ҳам қийин, чунки у юқорида кўриб ўтганимиздек, Хуросоннинг энг буюк шайхларидан саналган Абу Туроб ан-Нахшабий ва Аҳмад ибн Ҳадравайҳ билан яқин муносабатда бўлган, Яҳя ибн ал-Жалоъ ал-Бағдодий билан ҳамкорлик қилган, Шом мактабининг шайхларидан бири ал-Антокийнинг асарларини ўзлаштириб унга шогирд мартабасида бўлган. Ушбу Шом мактабининг Миср мактаби билан алоқалари ҳам мустаҳкам бўлганлиги ва ниҳоят ал-Ҳаким ат-Термизийнинг Нишопурда ал-Маломатийлар мактаби билан боғлиқлиги ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

Ушбу илмлар билан шуғулланишни ал-Ҳаким ат-Термизий ҳатто Маккага — Байтуллоҳ ал-Ҳарамга ҳаж ибодатини адо этиш учун бораётганида Ироқда тўхтаб ўтганида ҳам давом эттиради. Ўша пайтда унинг ёши йигирма еттига яқинлашиб қолган эди. Айтиш керакки, айнан мана шу сафарлар давомида турли олимлардан олган билимлари унинг илмий ҳаётида сезиларли из қолдирган эди. Манбаларда кўрсатилишича, ўз ҳаётининг айнан шу босқичида ал-Ҳаким ат-Термизий ҳадис ва фиқҳ илмларига алоҳида эътибор берган.

Мана шу жараёнлар оқибатида у ўз тариқатини яратдики, натижада кечалари унинг атрофида кўплаб издошлари ва маслакдошлари тўпланишиб баҳсу мунозаралар уюштирадилар, дуо ва тазарруълар билан ўз шуурларини изҳор қиладилар. Афтидан, мана шу баҳсу мунозаралар пайтида ўзининг чуқур мазмунга эга бўлган сўфийлик тажрибалари ҳақидаги ошкора баёнотлари туфайли диний масалаларнинг баъзи жиҳатлари, хусусан, илм ар-раъй, ёинки илм ал-осор, ҳатто тасаввуф илмларига доир фикрлари билан ўз замонидаги қатор олимларнинг қаҳру-ғазабини қўзғаб, уларнинг шиддатли ҳужумларига дучор бўлади. Натижада ал-Ҳаким ат-Термизий устида гап сўзлар кўпайиб, уни ҳавойи гапларга берилишда ва бидъатда айблай бошлайдилар.  Абу Муҳаммад Яҳя ибн Мансур ал-Қозий, Абу Мансур Али ибн Абдуллоҳ ибн Холид аз-Зуҳлий ал-Ҳиравий, Абу Али ал-Ҳасан ибн Али ал-Журжоний, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо, Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Муҳаммадибн ал-Ҳайсам ибн Умрон ибн Бурайда, каби шогиртлар етиштирган

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илмий-ижодий фаолияти хорижий юртларга қилган сафарлари билан бевосита боғлиқдир. Дастлабки сафари давомида у Хуросоннинг қатор шаҳарларида бўлиб, кўп олимлар билан илмий-ижодий мулоқотда бўлган. Жумладан, Балхда бўлганида ҳадис ва тасаввуф илмларининг таниқли олимлари билан учрашади. Балхда етук муҳаддислардан ал-Ҳасан ибн Умар ибн Шақийқ ал-Басрий (у ал-Балхий нисбаси билан ҳам машҳур эди), Қутайба ибн Саъийд ас-Сақафий ал-Балхий (қайсики ундан Ибн Можадан бошқа олти саҳийҳ ҳадислар тўпламларининг муаллифлари ҳадислар ривоят қилгандилар) билан самимий мулоқотда бўлган эди. Айни вақтда айтиш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг мутасаввуфлар билан муносабатлари муҳаддисларга қараганда анча самарали ва чуқурроқ эди. Шу билан бир қаторда ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илм талабидаги риҳлатлари фақат Хуросоннинг барча шаҳарларига бўлиб қолмай, балки Ироқнинг ҳам деярли ҳамма томонларини қамраган эди. Мана шу сафарлари чоғида ал-Ҳаким ат-Термизий илмий тафаккурининг шаклланишида айниқса йирик шаҳарлар Балх, Нишопур ва Бағдодда бўлганлиги алоҳида ўрин эгаллайди. Мана шу шаҳарлар билан бир қаторда ат-Термизийнинг илмий ижодий фаолиятида у туғилиб ўсган она шаҳри Термизнинг ҳам ҳиссаси бениҳоя катта бўлган. Айнан шу шаҳарда ал-Ҳаким ат-Термизий илм толибларига дарс берган, ўзининг ўлмас асарларини яратган.

Гурлан туман бош имоми хатиби.           М.Бекметов.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *