Буюк аллома

Президентимизнинг жорий йил 7 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ шу йил ноябрь ойида Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзуига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади. Айни пайтда Сурхондарё вилоятида ислом оламининг энг таниқли олим ва уламоларини жамлайдиган анжуманга катта ҳозирлик кўрилмоқда. Вилоятда улуғ аждодимиз таваллудларининг 1200 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик ишлари давом этмоқда,­ – дейди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита котиби Музаффар Жониев.­ – Ул зотнинг “Наводирул усул” ва “Баҳрут тафсир” асарлари, алломанинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашрга тайёр бўлиб қолди. Илмий меросига оид туркум рисолаларни чоп этиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган турли кўргазмали ахборот воситалари туркуми яратилмоқда. Маълумки, мустақиллик даврида бутун ислом оламида юксак эътироф ва эътиборга сазовор бўлган буюк юртдошларимиз Имом Бухорий ва Имом Термизий каби алломаларимиз шахсияти, илмий мероси ёшларимизга ибрат намунаси сифатида кенг талқин этила бошлади. Ушбу алломалардан бири Абу Исо Муҳаммад Исо Термизий (824-892) бўлиб, унинг илмий ва диний меросини ўрганиш олимларимизнинг катта саъй-ҳаракатлари билан давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Термизлик алломалар асарларининг қўлёзмалари каталоги” лойиҳаси доирасида католог-китоб нашр қилинди[3]. “Абу Исо Термизий илмий меросини тадқиқ қилиш, асарларини таржима ва нашр қилиш” номли лойиҳа доирасида “ал-Жомеъ ас-Сунан” (Суннатлар тўплами)[4], “Абу Исо Муҳаммад Термизий асарлари илмий-изоҳли таржималарини тайёрлаш ва нашр қилиш” лойиҳаси доирасида алломанинг “Тасмияту асҳоби Расулуллоҳ” (Расулуллоҳ сафдошлари)[5] номли китоблари нашр қилинди.

Ҳадисларни танқидий ўрганиш бўйича қисқа вақт оралиғида олти тўпламда учраган бир қатор махсус терминлар гуруҳи вужудга келди. Имом Термизий бу соҳада салмоқли ишни амалга оширгани, у фақатгина ҳадисларни тўплаш билангина чекланиб қолмасдан, ҳадисларнинг таҳлилига ҳам алоҳида бўлим ажратгани ҳам бу соҳада катта воқелик ҳисобланади. Имом Термизий биринчилардан бўлиб ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан ва заиф гуруҳларга ажратган олимдир. Вақт ўтиши билан ҳадис илмидаги терминлар тараққий этиб борди ва бу соҳада умумий қабул қилинган шаклга келди.

Имом Термизийнинг ёзган асарлари орасида бизгача етиб келган ва нашр қилинган тўртта китоблари борлиги бизга маълум. Булар:

“Ал-Жомеъ ас-Сунан (Суннатлар тўплами)”. Бу тўплам Имом Термизийнинг шоҳ асари ҳисобланади. Унинг мазкур асаридан танланган ҳадисларнинг икки жилди ўзбек тилида ҳам нашр қилинган.

“Аш-Шамойил ан-Набавийя” “Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг гўзал суратлари ва сийратлари”. Бу китоб Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг ташқи кўринишлари, кундалик одатларига бағишланган бўлиб, “Шамоили Муҳаммадия” номи берилган Саййид Маҳмуд Тарозийнинг таржима-шарҳидан фойдаланилган ҳолда ўзбек тилида ҳам нашр этилган.

Х.Матяқубов
Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *