Мазҳабсизлик динсизликка олиб боради

Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар бўлсинки, халқимиз мусулмонлари бир неча асрлардан бери Имоми Аъзам – Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар. Ҳанафийлик мазҳаби юртимиз мусулмонларининг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлашга, мамлакатда илму ирфон ривож топишига улкан хисса қўшди.

Ҳанафий мазҳабининг энг кўзга кўринган уламолари бизнинг Мовароуннаҳрдан чиққан десак, муболаға қилмаган бўламиз. Юртимиз аллома ва фуқаҳолари инсоният тараққиётида, тамаддун ривожида, башарият карвонида инсонпарварлик, ижтимоий адолат ва ахлоқда йўлбошчи бўлдилар. Натижада, Ироқ (Куфа)да юзага келган бу мазҳаб юртимизда ўз тараққиётининг чўққисига кўтарилди.

Аммо афсуслар бўлсинки, юртимиз мусулмонлари эътиқод қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳаби вакилларини адашганликда айблаш, мазҳабни инкор этиш ёки бошқа минтақа аҳолиси эътиқод қилаётган мазҳабга тарғиб қилиб, ихтилоф чиқаришга уринувчиларнинг учраб туриши кузатилмоқда.

Ислом динида ақидавий, фиқҳий масалаларда ўзаро ихтилоф қилиш, турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниш қатъий тақиқланади. Бирдамлик, ҳамжиҳатликка тарғиб қилинади, низо, ихтилоф, парокандалик каби иттифоқни парчаловчи омиллар қораланади. Аллоҳ таоло зулмнинг ҳар қандай кўринишидан қайтаради ва турли фирқаларга бўлинмасликка буюради: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг…» (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Абу Лайс Самарқандий «Аллоҳнинг арқони» оятини Аллоҳ таолонинг дини ва Қуръонини маҳкам ушланг, яҳудий ва насронийлар ихтилоф қилгани каби фирқаларга бўлинманг деб тафсир қилган.

Абул Баракот Насафий «Аллоҳнинг арқони» оятини Қуръони карим деб тафсир қилади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини келтиради: “Қуръон Аллоҳ таолонинг мустаҳкам арқонидир. Ким у билан сўзласа рост гапиради. Ким унга амал қилса ҳидоят топади. Ким уни маҳкам ушласа тўғри йўлда бўлади”.

Аллома Насафий «…фирқаларга бўлинманг…» оятини “бўлинишга сабаб бўладиган ва бирлик йўқоладиган ишни қилманг, уммат иттифоқ қилган нарсани олинг ҳамда иттифоқни бўлманг” деб тафсир қилган.

Имом Мотуридий мазкур оятнинг тафсирида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг «Аллоҳнинг арқони» бу Қуръони каримдир деб айтган сўзини ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларини келтиради: “«Аллоҳнинг арқони» бу жамоатдир. Қачонки уммат жамоатдан ажраса, тафриқага юз тутиб, ҳалок бўлади.

Шу боис, ушбу оят жамоатга тарғиб этади, гуруҳларга бўлинишдан қайтаради. Зеро, Ислом жамоатга, бирдамликка буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди» (Анъом сураси, 153-оят)”.

Бироқ ҳозирда деярли 1300 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган мазҳабларнинг инкор қилиниши мусулмон умматининг ихтилофига сабаб бўлмоқда. Тўрт мазҳаб ва бошқа имомларнинг фатволари, кўрсатмалари, тутган йўлларини рад этиш ва нотўғрига чиқариш, мазҳаблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида бўлмаган бидъат нарса, шунинг учун унга амал қилиш керак эмас, Қуръон ва Ислом таълимотини пухта ўзлаштирган ҳар бир мусулмон ижтиҳод қилиши мумкин деган даъволар тобора авж олмоқда.

Шайх Муҳаммад Хизр Жанги Шинқитий: “Имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал ижмо қилинган тўрт мазҳабдир. Барча уламолар улардан бошқа мужтаҳиднинг мазҳабига эргашишни ман қилганлар”, деган.

Аллома Таҳонавий айтади: “Динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақим ҳидоятда бўлиб, уларнинг мазҳабларидан қай бири юртда кенг тарқалган ва унинг уламолари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Унга ўзга юртида мазҳаби тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган имомнинг мазҳабига эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди”.

Фиқҳий мазҳабга амал қилиш айниқса бугунги кунда янада аҳамиятли ва зарурдир. Чунки мазҳабга эргашиш мавжуд турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиб, ҳамма ўз мазҳабига амал қилган ҳолда, ўзга мазҳабларни ҳам ҳурматлашига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз: “Ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим. Шунда ихтилофлардан сақланилади”, дейдилар.

Самҳудий “Иқд ал-фарийд фий аҳком ат-тақлид”да айтади: “Тўрт мазҳабни ушлашда катта фойдалар, улардан юз ўгиришда эса катта фасод-бузуқлик бор. Биринчидан, уммат шариатни танишда ўтган олимларга суянишга ижмо қилганлар. Тобеинлар саҳобаларга, табаъ тобеинлар эса тобеинларга суянганлар. Қолаверса, ҳар бир табақадаги олимлар ўзларидан олдингиларга суянганлар.

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингизга катта жамоани – саводи аъзамни лозим тутинг!” деганлар. Мазҳабларга эргашиш саводи аъзамга эргашиш демакдир”.

Валийуллоҳ Деҳлавий: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр шаҳарларида шофеийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби йўқ. Шунинг учун ушбу шаҳарларда яшовчи ҳар бир билимсиз инсонга Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига тақлид қилмоғи вожибдир. Унга ўз мазҳабидан чиқиши ҳаромдир”, дейди.

Шу ўринда яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мазҳаблардаги ихтилофлар динимизнинг камчилиги ҳам, ундаги қарама-қаршилик ҳам эмас. Бундай ихтилофнинг бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Шу боис, қиёсга мурожаат қилиш ва ҳукмларнинг иллатига, шариат соҳибининг ғаразига, шариатнинг умумий мақсадларига назар солиш ҳамда ҳодисалару янги пайдо бўлган масалаларда унинг ҳукмини жорий қилиш лозим бўлади. Бундай ҳолатда уламоларнинг фаҳмлари ва бир неча эҳтимолдан бирини устун қўйишлари ҳамда шунга биноан бир масала бўйича чиқарадиган ҳукмлар ҳар хил бўлиши табиийдир.

Шунингдек, тўрт мазҳаб имомлари Қуръонни шаръий аҳкомларнинг биринчи манбаси қилиб олишлари аввало, уларни ўзаро бирлаштирган, қолаверса, мусулмонлар жамоасини ҳам бирлаштириш орқали турли тафриқалардан сақлаб қолган. Агар бундай қилинмаганда, ҳамма ўзича иш кўриши ва умматнинг турли ихтилофларга дуч келиши тайин эди.

 

Мазҳабларга эргашиш – шариат кўрсатмасига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, Ислом тарихида бирор муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳни бемазҳаб бўлгани маълум эмас.

Бир мисол, тўрт мазҳаб гўёки тўртбурчак ҳовузнинг тўрт тарафига ўхшайди. Унинг асосчилари тўрт томонда турсаларда, барчалари бир ҳовуздан сув олишган. Яъни сувдан мурод – шариат манбалари Қуръон, суннат, ижмо, қиёс. Ҳар бир мазҳаб албатта шариатга таяниб ҳукм чиқарган. Шундан келиб чиқиб, фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳадисни қўйиб, бировнинг фикрига юриш, дегани эмас. Яъни, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни қўйиб, масалан, Абу Ҳанифага эргашиш дегани эмас. Аксинча, мазҳабга эргашиш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга кўр-кўрона эмас, балки оқилона ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўзлаган ва мақтаган маънода эргашишдир.

Шундай экан, бирорта ҳадисни санади билан тўлиқ ёд билмай туриб, минглаб ҳадисларни санади билан ёд билган, уларни ҳамма жиҳатдан синчиклаб ўрганиб чиққан муҳаддис ва мужтаҳид фақиҳлардан ўзимизни юқори қўймайлик. Уч-тўрт ҳадис маъносини чала-чулпа тушуниб олиб, ўтган азиз уламоларга тош отмайлик.

Уламолар мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳлар йўлидан юз ўгириш бўлиши, шубҳасиз, адашишга олиб бориши ҳақида огоҳлантиради. Зеро, тўрт мазҳаб пайдо бўлгандан кейин Ислом олами тан олган забардаст олимларнинг барчалари тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар. Шундай экан, бир мазҳабни маҳкам ушлаб, унга амал қилиш Набий алайҳиссалом ва саҳобаи киромлар тутган йўлда юриш билан баробардир.

Ҳозирги кунда ҳали ҳам юртдошларимиз орасида билиб-билмай мазҳабсизлик ғояси таъсирида юрган кишилар борлиги мазҳабларнинг моҳияти, хусусан, халқимиз амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабининг аҳамиятини халқимизга, ёшларимизга тўғри тушунтириб, эслатиб туриш заруриятини тақозо этади. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Омин.

А.Рахимов

Ҳазорасп тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *