Тинчликни асраш огоҳлик ва ҳушёрликда

Аллоҳнинг бизга ато этган неъматлари беҳисобдир. Уларни қанча санасак ҳам, охирига етолмаймиз. Шу беҳисоб неъматлар ичида барчага баравар зарур бир неъмат бор — бу «Тинчлик» эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Зеро, ҳар бир жамиятнинг ривожи, тараққиёти, истиқболи ва халқининг фаровон ҳаёти учун аввало тинчлик керак. Аллоҳнинг бу инъомининг қадрини бирор миқдор ёки ўлчов билан ўлчаб бўлмайди. Тинчлик — Аллоҳнинг энг улкан, энг азиз ва бебаҳо неъматидир. Уни асраш, қадрига етиш ва шукр қилиш ҳаммамиз учун баравар вазифадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: «Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи улардан ғафлатдадир. Булар — тинчлик ва саломатликдир», деганлар.

Минг афсуски, бугунги хавотирли замонда бутун бир мамлакатнинг тинчини бузишни ният қилган кимсалар юрт тараққиётини издан чиқариш, миллат маданияти ва маърифатига рахна солиш, аҳоли орасида нотинчлик уруғини сочиш, жамият келажаги бўлмиш ёшларни йўлдан уришнинг турли йўлларини ўйлаб топмоқда. Жамиятда парокандалик туғдирадиган «диний экстремизм», инсоннинг насли, дини, жони ва молига зарар берувчи, аср вабоси бўлмиш «гиёҳвандлик», юртимиз келажаги — ёшларга худбинлик ва маданиятсизликни сингдирувчи «оммавий маданият», ахил ва иноқ яшаётган аҳоли орасида келишмовчилик чиқарувчи «миссионерлик» каби иллатлар шулар жумласидандир.

Бу каби иллатлар орқали ғаламис кимсалар ёшларимизни алдаб, ўз юртига, миллатига, оиласига, ота-онасига ва динига қарши қўймоқда. Мақсад барчамизга аён ва равшан. Юртимиз тинчлигининг, истиқлолимизнинг боқий бўлиши, элу юртимиз осойишталигини асраб-авайлаш учун биздан талаб қилинадиган нарса эса — огоҳликдир.

Аллоҳ бизга ато этган неъмат шукр қилинса, зиёда бўлади. Чунки Аллоҳнинг «Агар берган неъматимга шукр қилсангизлар, уни сизларга зиёда қилурман» деган ваъдасини кўпчилигимиз биламиз ва эшитганмиз. Тинчлик — неъмат, унинг шукри эса огоҳликдир, десак муболаға бўлмайди. Тинчликни асраш фақат чегара посбонларининг ёки бу ишга масъул кишиларнинг вазифаси, деган одам катта хатога йўл қўяди.

Келинг, ҳар вақт, ҳар дақиқада огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшайлик. Бугунги фаровон кунларимиз учун шукрона айтиш билан бирга, унинг давомийлиги учун масъуллигимизни ҳам ҳис этишимиз лозим. Атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини чуқурроқ ўрганиш ва англаш, маҳалла-кўйдаги таниш-нотаниш кишиларнинг хатти-ҳаракатига ҳушёрлик билан баҳо бериш, энг муҳими, ҳеч нарсага бепарво бўлмаслик — тинчлик учун масъулликнинг пойдеворидир. Демак, имони комил инсон атрофига ҳамиша ҳушёрлик билан боқади. Зеро, ўз ҳузурини ўйлаб, бошқалар ҳақида қайғурмайдиган кимсалар муқаддас динимизда ҳам қаттиқ қораланади. Ҳар бир инсон аслида фаровон ва эмин-эркин яшаш учун туғилади. Шундай экан, тинчлик ва осойишталик деб аталмиш бебаҳо неъматни асраш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.

Афсуски, дунёга таҳдид солаётган хавфлар серқирра бўлиб, энди улар бирон давлат ёки минтақа билан чекланиб қолмаяпти, балки бутун оламга хавф солмоқда. Жумладан, бугунги таҳдидлар сиёсий ва диний экстремизм, миллатчилик ва миллий маҳдудлик, этник ва миллатлараро низолар, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик зиддиятлари, коррупция, жиноятчилик ҳамда экологик муаммоларни ўз ичига қамраб олмоқда. Инсоният ва унинг тараққиёти учун жиддий хавф туғдираётган бу таҳдидлар қаршисида ҳушёр ва огоҳ туришни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Зеро, терроризм, сиёсий ва диний экстремизм, наркобизнес кўринишида, «оммавий маданият» ниқоби остида кириб келаётган турли хавф-хатарлар инсониятни қандай кулфатларга гирифтор этаётганини кўриб-билиб турибмиз.

Ҳушёрлик хавф-хатардан сақлайди, фалокатларнинг олдини олади. Айниқса, тинчлигимизга нималар таҳдид солаётганини олдиндан кўриб, англаб олсак, уларга қарши чора топишга ҳам вақт, ҳам имкон бўлади. Бугун дунёда юз бераётган турли воқеа-ҳодисалар ва таҳдидлар фақат ўша давлат ёки минтақа ҳаётига дахлдор, деган одам адашади. Чегара билмас бу хавф-хатарлар бутун инсониятнинг, тараққиётнинг душманидир.

Азалдан юртимизда тинчлик ва тотувлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик руҳи юксак қадрланган. Чунки инсонлар онгини эзгу фикр эгалласа, ҳар қандай келишмовчилик, бузғунчилик ва ёвузлик рад этилади. Эзгу фикрнинг ифодаси бўлган сўз яхшилик ва хушмуомаланинг кенг ёйилишига, бу ўз навбатида эзгу амалларнинг чуқур илдиз отишига, ҳар бир инсоннинг ўз вазифасини самимий ва садоқат билан адо этишига йўл очади ва шу тариқа мамлакат ривожи ҳамда бунёдкорлик учун кенг йўл яратади.

А. Абдушарипов

Янгариқ тумани “Саид Абдулла Румий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *