
Ҳамд — Аллоҳ таолога, салавот ва саломлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаларига бўлсин.
Инсон ҳаёти — Аллоҳ таоло ато этган энг улуғ неъматлардан бири. Уни асраш, саломатликни муҳофаза қилиш ва турли хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳар бир инсоннинг муҳим бурчидир. Айниқса, совуқ кунларда иситиш воситаларидан фойдаланишда эҳтиёткорликни сусайтирмаслик, ис гази билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга жиддий эътибор қаратиш зарур.
Ис гази — инсон ҳаёти учун ўта хавфли, рангсиз ва ҳидсиз заҳарли газ. Унинг энг хатарли жиҳати шундаки, инсон уни сезмаслиги, хавф борлигини англаб етгунига қадар оғир ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Носоз печлар, газ жиҳозлари, мўриларнинг яхши тортмаслиги, хоналарда ҳаво айланишининг етарли эмаслиги фожиали оқибатларга сабаб бўлади.
Ачинарлиси, бундай бахтсиз ҳодисалар кўпинча оддий эҳтиёт чораларига амал қилмаслик, хавфсизлик талабларига бепарволик билан қараш оқибатида юз беради. Ваҳоланки, ўз ҳаёти ва яқинларининг саломатлигини асраш ҳар бир кишининг масъулиятидир.
Ислом таълимотида инсон ҳаётини асраш юксак қадрият саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара сураси, 195-оят), деб марҳамат қилади.
Ушбу ояти карима инсонни ҳаётига бефарқ бўлмасликка, хавф-хатарнинг олдини олишга ва эҳтиёткорлик билан иш тутишга ундайди. Демак, газ жиҳозларини ўз вақтида текширтириш, мўри ва тутун йўлларини тозалаш, хона ҳавосини алмаштириб туриш, носоз ускуналардан фойдаланмаслик нафақат техник талаб, балки ҳаётни асрашга қаратилган масъулиятли амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ», деб марҳамат қилганлар (Имом Молик ривояти). Бу ҳадис ҳар бир инсон ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаётига зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатларга бепарво бўлмаслиги лозимлигини англатади.
Унутмайлик, эҳтиёткорлик — ҳаётни асрайди, меҳр-оқибат эса инсонларни бирлаштиради!
Қ.Искандаров
Боғот тумани “Тавал бобо” масжиди имом-ҳатиби