Қўшничилик одоби ва қўшни ҳақлари

Ҳеч бир инсон бошқа одамлар билан муносабатсиз яшай олмайди. Ислом дини кишиларни ҳамиша савобли ишларга даъват этади. Бугунги ваъзимизда шундай эзгу амаллардан бири — қўшни ҳақлари хусусида сўз юритамиз.

Аллоҳ таоло ер юзини ва ундаги барча нарсаларни йўқдан бор қилди, улар орасида инсонни энг азиз ва улуғ мавжудот этиб яратди.

Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай буюради: «Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яxшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди».

Бу оят тафсирида таъкидланишича, қўшни ҳам мусулмон, ҳам қариндош бўлса, унинг мусулмон қўшнисидаги ҳаққи учтадир: биринчиси — ислом ҳаққи, иккинчиси — қариндошлик ҳаққи, учинчиси — қўшничилик ҳаққи. Агар у бегона бўлса, икки ҳаққи бор: қўшничилик ва ислом ҳаққи. Ғайридинга мансуб бўлса, унинг фақат битта — қўшничилик ҳаққи мавжуд.

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) уч марта: «Аллоҳга қасамки, мўмин эмас!» деб айтганларида, саҳобалар: «Ким у, эй Аллоҳнинг расули?» — деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кишидир», — дедилар.

Дарҳақиқат, қўшни ҳаққи унга озор бермасликдангина иборат эмас. Унинг озорига сабр қилиш, мулойим муомала қилиш ва яхшиликни биринчи бўлиб бошлаш ҳам шу ҳақнинг таркибига киради. Қўшнига аввал салом бериш, у билан чўзиб гаплашмаслик, касал бўлса ҳол-аҳвол сўраш, мусибат кунида таскин бериб ёнида туриш, хурсандчилигида муборакбод этиш, хато қилса кечириш, ҳовлисига мўралаб қарамаслик, девори ёнига ёғоч тираб уни ранжитмаслик, томидаги сувни унинг тарновига қуймаслик, ҳовлидан ҳовлига ариқ ўтган бўлса суви ифлос қилмаслик, девори тагига чиқинди тўкмаслик, ҳовлисига тупроқ сочмаслик, уйига олиб кираётган нарсаларга разм солмаслик, суҳбатига қулоқ осмаслик, оила аъзолари — аёллари ва қизларига қарамаслик, қўшни уйда бўлмаса, оиласининг юмушларига қарашиб туриш — буларнинг барчаси қўшни ҳаққидир.

Имом Бухорий ва Имом Муслим (р.ҳ.) ривоятларида яна бундай ҳадис келган: «Ҳар кимнинг Аллоҳ таолога ва охиратга имон келтиргани рост бўлса, қўшнисига ёмонлик қилмасин, озор бермасин, меҳмонга икрому иззат кўрсатсин. Ҳақиқий мўмин бўлса, гапирганда фойдали гаплардан гапирсин ёки сукут сақласин!».

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ ҳузуридаги дўстларнинг яхшиси дўсти учун хайрли бўлганидир. Аллоҳ ҳузуридаги қўшниларнинг яхшиси қўшниси учун хайрли бўлганидир».

Қўшни ҳаққи борасида ҳадиси шарифларда яна қуйидагилар баён этилган: «Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим».

Ҳасан Басрий ҳазратлари яхши қўшничиликни шундай таърифлайдилар: бу фақат қўшниға зарар етказмаслик эмас, балки қўшнидан бирор зарар ёки озор етганда ҳам бунга чидаб, жанжал чиқармасликдир.

Низолар одатда қўшнилар болалари ўртасида кўпроқ юз беради. Бундай пайтда ота-оналар бир-бирини айбдор қилавермай, ҳар бири ўз фарзандини ўзи тергаб, одобга чорлаб борса, бу савобли амал бўлади.

Ислом динининг қўшнилар ҳақларини шарҳлашдан мақсади — мусулмонлар, қолаверса, ер юзидаги барча халқлар бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда тинч-тотув ва осойишта яшашига ундашдир. Зеро, ўртасига гина-адоват тушганларни яраштиришнинг қанчалик муҳим ва зарурлигига Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ишора қилинган. Ойша онамиз бундай ривоят қиладилар: «Эй Расулуллоҳ, менинг икки қўшним бор, уларнинг қайси бирига туҳфалар киргизиб турай? — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: Эшиги эшигингга яқинига, деб жавоб қилдилар».

Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур».

Қариндош ва қўшниларга кўмак бериш, яқинларнинг аҳволидан доимо хабардор бўлиш вожиб амалдир. Ука-сингиллар учун ака ота ўрнида, опа она ўрнида туради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким умрининг узун бўлишини, ризқининг кўпайишини истаса, ота-онасига яхшилик ва қариндошларига меҳр-оқибат қилсин», — деганлар.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай деган: «Кимнинг қариндошлари билан алоқаси узилса, Мен билан унинг ўртасидаги алоқа ҳам узилади». Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндош-уруғлар ва қўшнилар билан сўрашиб, ҳол-аҳвол билиб туришни, ҳеч бўлмаса шу тарзда меҳр-оқибат кўрсатишни тавсия этганлар.

Абу Ҳурайра (р.з.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Эй Абу Ҳурайра, тақводор бўлгин, одамларнинг обидроғи бўласан: қаноатли бўлгин, одамларнинг шукр қилувчироғи бўласан! Одамлар учун яхши кўрган нарсангни уларга ҳам раво кўр, мўмин бўласан. Сенга қўшни бўлганга яхши қўшичилик қилгин, мусулмон бўласан. Кулишни камайтирган, чунки кўп кулишлик қалбни ўлдиради.»

Қўшни деганда фақат маҳалладаги ёнма-ён хонадонларда яшовчиларнигина тушуниш тўғри эмас. Атрофимиздаги қўшни давлатлар ҳам шу тушунчага киради. «Қўшнинг тинч — сен тинч» деган халқ маталининг мазмуни уларга ҳам тегишлидир. Хусусан, асрлар давомида қон-қариндошлик ришталари мустаҳкам бўлган, дини ҳам, мазҳаби ҳам бир, мусулмон халқ деган муқаддас номга сазовор бу қардош қўшниларимиз билан ўртамизга арзимас сабаблар туфайли совуқчилик тушиши ҳеч мумкин эмас. Аллоҳ таоло доно раҳбарларимизнинг тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни янада кучайтириш йўлида олиб бораётган барча хайрли ишларида улкан муваффақиятлар ато этсин!

Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар орасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни-қўшнилар билан самимий муносабатларимиз тобора яхшиланиб боришини Яратганнинг Ўзи барчамизга насиб этсин!

Ф.Сададдинов

Урганч тумани “Курамбой ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *