ОТА-ОНА ҲУРМАТИ

Халқимиз томонидан “Қариси бор уйнинг париси бор” деб бежизга айтилмаган. Ўзимиздан катта ёшдаги инсонларни ҳурмат қилсак, ғамхўрлик кўрсатсак, қийналиб қолган оилаларга ёрдам қўлини узатсак, катта савобларга эришамиз. Шу қатори ота-онани ҳурмат қилишлик ҳам энг муҳим вазифалардан саналади. Аллоҳ таолога энг маҳбуб ва мақбул амаллардан бири ота-онага итоат этишдир. Фарзанднинг ота-она олдида бир қанча вазифалари мавжуд. Ота-онанинг оғирини енгиллатиш, уларни турли ёмонлик ва нохушликликлардан ҳимоя қилиш фарзандларга ҳам фарз ҳам қарз.
Ота-онанинг гуноҳга сабаб бўлмайдиган ҳар-бир буйруқ ва топшириғи сўзсиз бажарилади. Уларнинг олдида жаҳлланиб, “уф” тортилмайди, гаплари қайтарилмайди. Ота-онага қўпол муомала қилиб, ранжитиш энг катта гуноҳлардан ҳисобланади. Ота-она ҳузурида изнсиз гапирилмайди, олдилари ва икки ёнларида юрилмайди, балки орқароқда юрилади. Фарзанд ота-онасининг номини айтиб чақирмайди, аксинча отажон, онажон деб мурожаат қилади. Ҳазил-мазах қилинмайди. Таомга муҳтож бўлса таом, кийимга муҳтож бўлсалар кийим берилади. Уларнинг иссиқ-совуғидан доимо хабардор бўлиб, сўрамасалар ҳам моддий кўмак бериб турилади.
Ота-она билан сўзлашувда, албатта одоб билан, оҳиста, паст овозда гапирилади, заруратдан ортиқча гаплар айтилмайди, сўзлари бўлинмайди, уларга буйруқ, таъна, қаҳр оҳангида гапиришлик одобсизликка киради. Ота-она билан хўмрайиб муомала қилмаслик лозим. Кесатиқ, пичинг билан: “Сиз ундоқ эмассиз, бундоқ эмассиз”, деб уларни ранжитмаслик керак.
Ота-онага доимо раҳм-шафқат кўрсатилади, чин дилдан дўст тутилади, улар ноҳақ бўлса ҳам, дилларига озор етказилмайди, улардан камчилик ўтса, ранжимай кечирилади.
Улар касал бўлса, даволатиш тадбирлари изланади, соғлиқлари учун садақа қилинади ва Аллоҳдан шифо тиланади. Айниқса, оналар қаттиқ иззат ҳурматга лойиқдир. Онани елкада кўтариб юрганида ҳам унинг бир марта қийналганлик ҳаққини адо этиш қийин.
Фарзанд ёмон кўрган нарсани ота-онага раво кўрмаслиги, яхши кўрган нарсасини уларга ҳам раво кўришлиги лозим бўлади. Ота-она розилигисиз ҳеч қаерга, ҳаттоки ҳажга ҳам борилмайди. Агар уйга ота ёки она кириб келишса, дарҳол туриб, эҳтиром билан кутиб олиш, юқорига ўтказиб, улар олдида тавозеъ билан ўтириш керак. Оёқни узатиш ёки ёнбошлаб олиш одобсизликдир.
Ота-она тириклигида ҳам, вафот этганидан кейин ҳам уларнинг дўстлари ва яқинлари билан алоқани узмаслик, уларни уйга меҳмон қилиб туришлик ва ота-она ҳаққига яхши дуоларда бўлиш, қабрларини зиёрат қилиш, яхши ишларини эслаш, Қуръон тиловат қилиб руҳониятларига бағишлаш ҳам фарзандлар бурчидир.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч ва осойишта бўлишида, фарзандларимизни ватанпарвар, юртини, ота-онасини ҳурмат қиладиган комил инсон бўлиб вояга етишида Ўзи раҳбару раҳнамо бўлсин.

Мадиёр Қаландаров
Ҳазорасп туман “Саид Боғдод” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *