ДИН ЭЗГУЛИКДИР

Кечиримли ва сабр-тоқатли бўлиш ислом динининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 199-оятида шундай марҳамат қилади: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”
Оятдаги “афв” сўзининг тафсири турлича келган. Баъзи муфассирлар у – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш десалар, бошқалари закот вожиб қилинмасдан олдин бойлардан олинадиган садақалар деб изоҳлаганлар. Лекин биринчи тафсир маъқулроқдир. Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” – деган эканлар
Исломнинг бутун тарихи ана шу асосий тамойилни жамиятнинг ижтимоий ҳаётига жорий қилишнинг ёрқин мисоли бўла олади. Жаҳон тарихидан маълумки, мусулмонлар динлараро беҳисоб тўқнашувлар ва биродаркушлик урушларидан азоб чекиб ётган янги ерларга озодлик, тинчлик ва диний эркинлик олиб келганлар. Ислом дини турли маданиятлар, тил оилалари ва диний конфессияларга мансуб халқларга бир само остида тинч ва осойишта яшашни таъминлаб берди. Усмонлилар империяси 700 йил мобайнида бирорта ҳам миллатлараро тўқнашувларсиз улкан жўғрофий кенгликларда ўзининг қудратли давлатини сақлаб қолиш билан бирга, ўз таркибига кирган сон-саноқсиз халқларга диний эркинлик, тинчлик, осойишталик, ўз динларига бемалол эътиқод қилиш муҳитини яратиб бера олди. Ислом ақидаси нозил қилинган биринчи йилларданоқ мусулмонлар марҳаматли ва раҳм-шафқатли диндорлар сифатида ном қозонишди, улар ҳамиша энг адолатли ҳукмдорлар бўлишди. Кўп миллатли мусулмон давлатлари таркибидаги барча этник гуруҳлар ўз динларига эътиқод қилишда ҳамиша эркин бўлишган, бунинг устига қавмлари ҳаётини ўз динларининг ҳуқуқий ва диний қонунларига биноан қуриш ҳуқуқига эга бўлишган.
Мусулмонларга хос бўлган ҳақиқий диний эркинлик Аллоҳ таолонинг ҳақ амр-фармонларига биноан ҳаётга тадбиқ этилгандагина инсониятга тинчлик ва осойишталик олиб келади. Бу ҳақиқат Қуръони каримда баён этиб қўйилган: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ — содиқ дўст каби бўлиб қолур” (Фуссилат, 34).
Аллоҳ таоло мўминларга кўп марталаб хабар берадики, кечиримли бўлиш ва раҳм-шафқат инсоннинг ҳақиқий хислати ҳисобланади ҳамда ўзида ана шу ахлоқ қирраларини тарбиялай олган киши Парвардигорнинг юксак ажр-мукофотларига сазовор бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “…(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас” (Шўро, 40).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда яна шундай хабар берадики, инсон ҳатто очиқ-ойдин адолатсизлик қилинса ҳам афв-кечиримли, марҳаматли бўлиши мўминларга хос фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони карим оятлари орқали шундай деб марҳамат этади: “(Эй Муҳаммад), сиз мудом улар тарафидан қилинган бирон хиёнат устидан чиқасиз. Магар улардан (Исломни қабул қилган) озчилик кишиларгина хиёнат қилмайдилар, холос. Бас, уларни афв этиб, кечириб юбораверинг. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади” (Моида, 13).
Ислом мўминларга амр этган ахлоқий сифатлар энг улуғ фазилатлар ҳисобланади ва инсониятга тинчлик, осойишталик, адолат олиб келади. Айни пайтда ҳозир террор деб аталаётган ваҳшийлик – бу қотиллар, жоҳил мутаассибларнинг иши бўлиб, унинг Қуръони карим даъватига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўзларининг қонли ёвузликларини дин софлиги учун кураш ниқоби остида амалга оширишга уринаётган террорчиларнинг ваҳшийлигига қарши маърифат воситасида кураш олиб боришнинг ягона йўли — одамларда Қуръони каримнинг ҳақиқий даъвати ва ахлоқий кўрсатмаларини шакллантиришдир. Бошқача айтганда, Ислом таълимоти ва Қуръон даъвати бу асло террор мафкурасининг пайдо бўлиш манбаи эмас, балки террорчиликни таг-томири билан тугатиш йўлидир.
Ислом тинчлик динидир. Бу «Салом» дегани, яъни тинчлик ва хотиржамлик, деган тушунчанинг кенг мазмун-моҳият касб этишидир. Қуръони каримда: «Дарҳақиқат, биз одам болаларини азиз-мукаррам ва уларни қуруқлик ва денгизда юрадиган қилиб қўйдик ҳамда ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Уларни ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик», деб марҳамат қилинади (Ал Исро, 70).
Ислом дини кишиларни бир-бирига нисбатан меҳр-оқибатли бўлишга чақириш билан бирга уларни динидан, миллатидан қатъий назар бир-бирларига ўзаро ҳурмат-иззат кўрсатишга чақиради. Ислом маданиятига мансуб бўлган кўҳна тарих, буюк алломаларимизнинг хайрли ва сўнмас жасоратлари аждодларимизнинг бой меросини мукаммал ўрганишга илҳомлантиради.
Ислом дини – ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди. У одамларни доимо яхшиликка, эзгу ишларга чорлаб келган. Шу боис ҳам халқимиз асрлар мобайнида юксак маънавияти, бой мероси ва миллий анъаналарини мустаҳкам сақлаб қолган.
Ислом дини дунё халқларига Аллоҳ таолонинг улуғ даъвати раҳм-шафқат, хотиржамлик, тинчлик ва адолатни келтирди, инсонлар ўртасида тақводан бошқа афзаллик йўқ, улар бир-бирлари билан тенгдир, деган ғояни олға суради. Ислом дини ўзга динларни инкор этмайди, аксинча Аллоҳнинг каломи Қуръони карим ўзидан олдинги муқаддас китоблар — Забур, Таврот, Инжилни тан олишга, ўзидан олдинги китобларни, бошқа дин вакилларини ҳурмат қилишга чақиради. Одамларни ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишга, ҳамкорликка чақириб, нифоқ ва низоларнинг ҳар қандай кўринишини енгиб ўтишга даъват этади.
Мусулмонлар ҳар кунги беш вақт намоз чоғида, жума намозларида Аллоҳдан мадад, ўз юртларига тинчлик, фаровонлик тилаб, дуо қиладилар. Яратган парвардигор инсон зиммасига ер юзида эзгулик ила яшаш ва яратиш вазифасини юклайди. Қуръони каримда: «Эй имон келтирган бандалар! Барчангиз тамомила тинчлик ва тоат йўлига киришингизлар, шайтоннинг йўлига юрмангизлар, чунки у сизларнинг ошкора душманингиздур» (Бақара, 208) деб марҳамат қилинади. Ана шуларга амал қилган юртдошларимиз тинчлик ва тараққиёт ишига доимо ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Аминов Ҳамдам
Янгиариқ тумани «МуҳаммадСаид» масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *