ҲАЛОЛ ЛУҚМАНИНГ БАРАКАСИ-ХАРОМ ЛУҚМАНИНГ НИҲОЯСИ

Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига жавоб берган динимиз кўрсатмалари, ейдиган овқатимизни ҳам қандай тановул қилишимизга ҳам аҳамият беришимизни тарғиб қилади.

Имоми Шофиъий (раҳматуллоҳи аълайҳ) кунларнинг бирида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи аълайҳ)нинг уйларига меҳмонга қоладиган бўлиб келадилар. Имоми Шофиъий бир ўзлари ёлғиз келганларига қарамай Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қизлари уларга уч кишилик таом ва таҳажжуд намозга таҳорат қилиш учун сув тайёрлаб қўяди.

Эрталаб қизлари туриб қараса овқатни ҳаммаси ейилган, аммо сув ҳеч ҳам ишлатилмаган. Қиз ўзича ўйлайдики, отам бу келган меҳмонни жуда тақводор киши дегандиларку, аммо ўта очкўз дангаса эканку, бир ўзи ҳамма таомни еб, кечаси билан ухлаб таҳажжудга ҳам турмай, сувниям ишлатмабди.

Шу онда отаси билан меҳмон бомдод намозини адо қилиб масжиддан келиб қолибди. Қиз бўлган воқеани отасига айтиб турса уни эшитиб турган Имоми Шофиъий: “Мени кечирасизлар, тўғри, ҳақиқатан ҳам мен бу қадар ҳалол таомни ҳеч қачон емаган эдим. Бу таомдан бир луқма еб у ичимга тушиши билан қалбимга бир нур кирди. Қалбимда пайдо бўлган бу нурни янада кўпайтирай деб овқатни ҳаммасини еб қўйдим. Бу таомни еганимдан кейин менинг фикримга бир неча ечилмаган масалалар ижтиҳод бўлди. Ўйлаб қолдим таҳажжуд ўқисаммикин ёки масалаларни ижтиҳод қилсаммикан. Қарасам таҳажжуд ўзимни фойдамга экан, ижтиҳод оммани фойдасига экан. Таҳажжудга кетадиган вақтимниям қўйиб, кечаси билан ухламай бир неча масалани ечдим”, деган эканлар.

Ҳақиқатқан ҳам ҳалол луқманинг фойдаси инсонга ҳам қувват, ҳам қалб нуридир. Яна бу фикримизнинг далили ушбу воқеъада ҳам ўз исботини топган.

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ шундай деган эканлар:
«Падари бузрукворим Муҳаммад Шафиъ Усмоний роҳимаҳуллоҳ вафот қилдилар. Тумонат одам йиғилиб кетди. Жанозага тайёргарлик кўрилаётган эди, отамни қадрдон дўсти, менинг устозим, мавлоно доктор Абдулҳай Орифий қуддуса сирруҳу етиб келдилар. У киши жуда кексайиб қолган эдилар, қийналиб келибдилар. Ҳам қаричилик, ҳам отамнинг вафотлари у кишига қаттиқ таъсир қилган эди. Падари бузрукворим Муҳаммад Шафиъ Усмоний роҳимаҳуллоҳ доим ёнларида ҳамийра деган, шакар қўшиб тайёрланган, одамга қувват берадиган бир дори олиб юрардилар. Кекса, касалманд одамга берай, бироз бўлса ҳам қувват бўлсин деб, отамдан қолган ўша дорини олиб чиқиб, устозим Абдулҳай Орифийга бердик. Бироқ, у зот дорини қўлларига олдилар-да, «Болам, энди бу нарсанинг эгалари рози бўлмагунча уни истеъмол қилиш менга ножоиз. Бу дори отангиздан қолди, энди меросхўрларнинг мулки бўлди», дедилар. Мен: «Ҳазрат, отамнинг ҳамма меросхўрлари балогатга етган, ҳаммаси шу ерда ҳозир. Ҳаммамиз розимиз, буни истеъмол қилиб, қувватланиб олинг», дедим. Шундан кейингина у зот доридан ичдилар».
Мана, азизлар, ҳақиқий уламоларнинг бировнинг ҳаққидан қанчалик қўрқишларига бир мисол. Ўзига зарур бўлиб турган дорини ичишдан олдин, эгалари рози бўлишини билса ҳам, бировнинг ҳаққидан парҳез қиляпти, шу кичкина амал билан, аммо улкан ибрат билан шариатнинг битта илмини баён қилиб беряптилар.

Нима учун Аллоҳни таниган, шариатнинг илмини билган одамлар бировнинг ҳаққидан шу қадар қўрқадилар? Чунки ҳаром нарса танага кирса, қирқ кунгача таъсир қилиши, қирқ кунгача ибодатларимиз қабул бўлмаслиги мумкин.

Шунингдек, Умар ибн Абдулазиз одил халифалардан бири бўлишлик билан танилган зотлардан. У зотнинг оталари бир улуғ, илмда пешво бўлган олимни хизматларини қиларди. Кунларнинг бирида устозлари бу кишига бир бўлак нон бердилар. Кейин нонни уйларига олиб келиб хотинлари билан маслаҳат қилиб, энди бу нонни нима қилсак ўз жойига сарфлаган бўламиз, бизга берилган бу мукофотни ҳақиқий улуғлаган бўламиз, чунки устоз ҳар кимга ҳам ҳар нарса беравермайдилар, деб охири бу нонни ифторликка ейишликка келишишади. Эр-хотин уч кун кетма кет рўза тутиб уч кун ифторликка нонни учга бўлиб истеъмол қилишади ва учинчи куни аёли билан бирга бўлишлик билан ҳомила бўлади. Бу ҳомиладан келажакда бешинчи халифаликка лойиқ бўлмиш Умар ибн Абдулазиз дунёга келади.

Аслида ҳақиқий тақводор зотлар, луқманинг ҳалол бўлишига қаттиқ эътибор берадиган биродарларимиз нафақат ҳаромлиги очиқ-ойдин кўриниб турган нарсани, ҳатто бунга бироз шубҳа бўлган нарсалардан ҳам эҳтиёт бўладилар. Масалан, гўшти ҳалол бўлган, аммо нопок нарса еган жониворларни сўйишдан олдин ҳам уларни алоҳида сақлаб, покиза озуқа бериб боқишади. Фиқҳда бундай ҳайвонлар жаллола дейилади. Баъзи уламолар фақат нажосат еб ўсган ҳайвонни жаллола дейишган, баъзилар эса гўштидан ўша нажосатнинг ҳиди ёки таъми келиб турсагина жаллола деб ҳукм қилишган. Масалан, товуқ нажосат, гўнг еган бўлиши мумкин.

Ҳозир баъзилар паррандаларни кушхоналарнинг чиқиндиси билан боқар экан. Ана шундай ҳайвонларни сўйишдан олдин покиза озуқа бериб, маълум муддат боқилади. Масалан, туя бўлса, 40 кунгача сақланади дейилган, қора моллар 30 кун, қўй-эчкилар 10 кунгача алоҳида боқилади. Ҳайвонлардаки шундай бўлса, демак инсонда ҳам шундай. Шунинг учун луқмага жиддий эътибор қилишимиз керак, биродарлар. Фарзандларни боқиш вазифам экан деб, кўчадан топганимизни олиб келиб, едираверишдан сақланмоғимиз керак. Ризқимизнинг, фарзандимизга едираётган луқмамизнинг қаердан келаётганига эътибор бермас эканмиз, Аллоҳ сақласин, Парвардигор ҳам бизнинг дўззахнинг қайси эшигидан киришимизга эътибор қилмайди.

Бу дунё ҳаётини ғанимат билиб, биринчи ўринда луқмага эътибор қилайлик. Майли, ризқ озгина бўлса бўлсин, аммо хотиржамлик берсин, ҳаловат берсин, тинч уйқу берсин. Дунё кўп бўлса-ю, ором олиб ухлай олмаса, унинг инсонга нима фойдаси бор. Бировнинг ҳаққига ҳам, халқнинг мулкига ҳам хиёнат қилмай, ҳалол луқма топиб, борига қаноат қилайлик.

Тасаввуф намоёндаларидан бўлган Аҳмад Зарур деган зот “Қоидаи куллия” тасаввуфга доир қоидаларни зикрида бир қоидани қайд қиладилар: “Овқатни қай ҳолатда, ёки қай тарзда истеъмол қилинса, у овқат қуввати шу каби ишларга сарф қилинади” деганлар. Бундан маълум бўладики, овқатни кулиб есангиз уни кулгига сарфлайсиз, уни тафаккур ва зикр билан есангиз, уни Аллоҳни зикрига сарфлайсиз, ҳар хил мусиқа, ўйин бепарволик билан есангиз уни шундай ўйин кулгиларга сарфлайсиз.

Шунинг учун мусулмон одам овқатланиш ҳолатини ҳам эътиборга олиш керак.

                                                                                  Х.Бўронов

Янгибозор тумани “Шайх Абдуллаи боғдоджон бобо” масжиди

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.