ИЛМ ДАРГОҲЛАРИНИ ОБОД ҚИЛАЙЛИК

Маълумки, Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи ва эзгуликка чорловчи диндир. Пайғамбаримизга (с.а.в.) нозил қилинган дастлабки оятларда ҳам илм олишга ундашнинг борлиги, Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Шунинг учун Аллоҳнинг Пайғамбар (а.с)га илк ваҳийси ҳам илм билан бошланди: “Ўқинг (Эй Муҳаммад. Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Роббингиз исми билан. (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг. Роббингиз эса карамли зотдир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди”. (Алақ сураси, 1-5-оятлар)
Инсон тафаккурининг илмни қандай қабул қилиши, шубҳасиз, унинг ёшига боғлиқ. Илм ўрганишнинг йўллари ва усуллари кўплиги, инсон учун унинг ёшига мувофиқ эгаллашда енгиллик туғдиради. Бунда услуб ва ёшни тўғри мувофиқлаштириш муҳим. Илмни эгаллай олмаслик ва уни тафаккур қила олмаслик, аксар ҳолда ана шу мутаносибликнинг йўқлигидан юзага келади. Ўқув муассасаларида ўқувчининг ёш меъёрига қарамасдан дарсликлар танланиши ва нотўғри услублардан фойдаланилиши, илм савиясининг тушиб кетишига ҳамда ўқувчиларда у ёки бу фанга қизиқишнинг сўнишига олиб келади. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида бу муаммо анча сезиларли даражада кўзга ташланади. Бу икки даргоҳ боланинг илм олиш дебоча манзили бўлиб, таълимнинг тўғри йўлга қўйилиши шу даргоҳлардан бошланиши лозим. Бунинг учун ҳар бир фаннинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ёндашиш муҳим ўрин тутади.
Боланинг тафаккурида кўриш, тинглаш ва эслаб қолиш хусусиятлари кучли бўлади. Кўриш деганда, у катта ва рангли шаклдаги ҳарф ва суратларни яхши қабул қила олади. Бунда у ҳарфни ҳам, суратни ҳам сурат деб қабул қилади ва қулоғи орқали эшитиб уларнинг номларини эслаб боради. Боланинг тафаккурида турли тилларни фарқлаш ҳали ривожланмагани учун у бир неча тилни (таъкидлаш жоизки, бир неча тилни бола чалкаштириб юбормайди) баробар эгаллаб бориши мумкин. Албатта, бола кўрган ва эшитган нарсасинигина олиб қолади ва юздан ошиқ сўзларни эслаб қолиши мумкин. Тажрибаларда бундан ҳам кўп натижалар кузатилган. Муҳими шундаки, бу узвийликни тўхтатмаслик керак. Чунки кўрмаётган ва эшитмаётган нарсасини унутиш, бола учун кўп вақтни олмайди. Қанчалик тез эгаллаган нарсасини, шунчалик тез унутади. Албатта, бу машаққатли йўлда илк устоз боланинг ота-онаси ҳисобланиб, илм саройининг илк ғиштларини улар қўядилар.
Мактаб боланинг қандай шаклланишида асосий ўрин тутадиган восита бўлиб, у ерда эришилган ютуқ ёки йўл қўйилган ҳар бир камчилик, боланинг шаклланишида ўз натижасини кўрсатмай қолмайди. Бунда устоз, дарслик ва услубнинг ўрни беқиёс. Устозда ўз фанига ва ўқувчиларига муҳаббати бўлмаса, дарслик ўқувчининг ёшига ва халқ менталитетига мос бўлмаса ҳамда услуб тўғри танланган бўлмаса, ўқувчи мактабни тамомлаганда, худди бўш хонанинг у эшигидан кириб бу эшигидан чиққандек ҳолатда бўлади. Оқибатда бошланғич таълимни ололмаган боланинг ўрта-махсус ва олий таълим даргоҳларида таҳсил олиш сифатини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас.
Илм олишда узвийлик бўлса, ҳар бир илм даргоҳи бериши лозим бўлган илм даражасини беришга эришса, болада илмга муҳаббат уйғота олинса, албатта, илм боғидаги ниҳоллар барг очиб, улкан мевали дарахтларга айланиб, илмли ва зукколи олимлар бўлиб етишиб чиқадилар. Зеро, Пайғамбаримиз ўз ҳадисларида: “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қилиб қолдирмаганлар, фақат илмни мерос қилиб қолдирганлар”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).
Аллоҳ таоло барчаларимизни давлатимизга ва динимизга манфаати тегадиган илмли инсонлардан бўлишлигимизни ўзи насиб айласин!

Ф.Бобожонов
Қўшкўпир тумани
“Иморат бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *