БУЗҒУНЧИЛАР ХУРУЖИДАН ЭХТИЁТ БЎЛАЙЛИК

Бугунги кунга келиб ислом дини номидан гапирадиган, барча қилаётган ишларини исломга нисбат бериб, бутун дунёга жар солаётган кўплаб жамоалар, қуролланган гуруҳ ва ташкилотлар кўпайгандан кўпайди. «ИШИД», «Жабҳат ан-нусра», «Боко Ҳарам», «Толибон», «Ал-Қоида»… афсуски бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
Бу жиноятчи тоифаларнинг ҳар бири, ўзини ҳақ йўлда деб ҳисоблаб, ўзларига ўхшаган бошқа тўдаларни қанчалик танқид қилмасин, уларни бирлаштириб турадиган умумий жиҳат бор. У ҳам бўлса, ваҳшийлик ва ҳақиқий ислом таълимотларидан четланганликдир. Улар ўзларини ислом динининг «ҳақиқий жонкуярлари» қилиб кўрсатишга қанчалик уринмасинлар, муқаддас динимиз улар «ҳижрат» деб атаётган ватанфурушликдан, «жиҳод» деб даъво қилаётган қонхўрликдан ва «шаҳидлик» деб иддао этаётган худкушликдан мутлақо покдир. Улар инсонларни ҳаққа чақираётган уламоларни «кофир» деб эълон қиладилар, уларни омма олдида қатл қиладилар ёки масжидда ибодат қилиб турган пайтида портлатиб юборадилар. Бу қонхўрлар Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам «Дўззах итлари» деб таърифлаган аждодлари – хорижийларнинг изидан бормоқдалар. Улар ҳам нафслари ўзларига чиройли қилиб кўрсатган ботилга қарши чиққан, ҳақни айтган инсонлар, уламолар, ҳатто саҳобаю тобеъинларни ҳам тап тортмай қатл этгандилар.
Бу бузғунчилар ўзлари фитнанинг қоқ ўртасидаги ботқоққа ботиб туриб, исломобод юртларда тинч-хотиржам яшаётган мусулмонларни «ҳижрат»га чорламоқдалар, тинчликда яшашни афзал билишни, ота-онасини қон йиғлатиб, юртини ташлаб кетиб, ёшу қари, аёллар-у болаларни ўлдиришдан ҳазар қилишни «фитна» деб атамоқдалар.
Минг таассуфки, бизнинг юртимиздан ҳам айрим ёшлар ота-онасини қон йиғлатиб Сурия, Ироқ каби фитна ўчоқларига кетганлари йўқ эмас. У ерларда дийдаси қотиб, жаллодларга айланган бу жоҳиллар, юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар. Мазкур жоҳиллар ўзларининг бу нонкўрликлари қиёмат кунида ўзлари учун ҳасрат ва надомат бўлишини қайдан билсинлар?! Ўз Ватанига хиёнат қилиш, ота-онага оқ бўлиш, фитналарга учиб, ҳақ йўлдан тойилишдан ҳам оғирроқ гумроҳлик борми?! Энг ачинарли жиҳати шундаки, улар ўзларини тўғри йўлда ҳисоблаб, қилаётган ишларини савоб деб билмоқдалар. Аслида эса уларнинг бу қилмишлари оғир гуноҳ ва нотавонликдан ўзга нарса эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Сизларга қилмишларидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини гўзал амаллар қилаётган ҳисоблайдиганлардир” деб марҳамат қилади (Каҳф сураси 103-104 оятлар).
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, юртимизда тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда. Бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир.

Х.Худойназаров
Шайх Жалолиддин Румий масжиди имом хатиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *