Тўйлар ҳақида ўйлар (ТЎЙ ОДОБЛАРИ)

Дунёдаги кўп халқлар қатори биз – ўзбекларда ҳам азалдан оила ва никоҳ муқаддас саналиб, эъзозланган. Шу боис ўзбеклар доимо тўйларига алоҳида эътибор берганлар. Аждодларимиз никоҳни Оллоҳ буюрган шариат қоидаларига қаттиқ риоя қилган ҳолда ўтказишга интилганлар. Тўй расм-русмлари ҳам никоҳни, оилани мустаҳкамлашга қаратилган. Тўйлар халқни маънавий-руҳий томондан тарбияловчи восита бўлган. Чунки тўйларда халқимизни милллий анъаналарини ўзида мужассам қилган ғазалларни хофизларимиз ижро қилганлар ва шу тариқа халқимиз ўзлигини йўқотмаганлар.
Афсуски кейинги юз йилликда ўзбеклар ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, юртимизнинг рус истеълочилари томонидан босиб олиниши ва улар олиб борган руслаштириш сиёсати халқимизнинг муқаддас анъаналарига, жумладан, тўйларга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Ота боболаримиз асрлар давомида риоя қилиб келган анъаналар, расм-русмлар унутила бошланди, шариат аҳкомларига риоя этилмай қўйилди.
ХХ асрнинг 60-йилларида, аввало “қизил тўй”, кейинроқ “комсомолча тўй” деб номланган “янгича” тўйлар пайдо бўлди. Сўнгра бу тўйлар “базм” деб атала бошлади. Бундай тўйларда Ислом дини томонидан ҳаром деб таъқиқланган спиртли ичимликлар истеъмол қилинди. Оқибатда халқимизнинг имони сустлашди, руҳи ўтмаслашди, ўзи жисмонан заиф ва ожиз бўлиб қолди. Устига-устак эркак ва аёлларнинг тунда, бир дастурхон атрофида ўтириб майхўрликка, ўйин-кулгига берилишлари улар орасидаги илоҳий пардани – ҳаё ва иффат пардасини олиб ташлади. Халқимиз орасида тарихда кузатилмаган зино, фаҳш каби хорликка элтувчи ишлар содир бўла бошлади. Баъзилар эса тўқликка шўхлик қилиб ким ўзарига, сендан мен камми зайилида иш тутиши оқибатида исрофгарчилик каби иллатларнинг авж олишига сабабчи бўлдилар.
Донғи кетган санъаткорларни ёллаш, махсус бақиртиргичлар ўрнатиб тўйнинг овозини ети маҳаллага эшиттириш халқнинг ижодкорлигини бўғди. Тўйларда миллий куй қўшиқлар, лапарлар ижро этиш, шеърхонилкар қилиш, ёр-ёр, алёрлар айтиш кўпинча унутилди. Шу тарзда тўйларимиз минг йиллардан буён бажариб келган улуғ вазифасини, яъни халқнинг ижодкорлик қобилиятини шакллантирувчилик вазифаси барҳам топа бошлади.
Барчасининг оқибатларини айтсам тилим, айтмасам дилим куяди: оилавий можаролар, эр-хотин орасидаги низолар, қўйди-чиқдилар, болаларнинг тирик етим қолиши, етимхоналарнинг кўпаяётганлиги ва ҳоказо… ҳоказо…. Булар нима? Қандай гуноҳларимиз ва хатоларимиз эвазига кўраётган кўргуликларимиз булар? Ахир, камтарона ва покиза тўйлар ўтказган бизнинг аждодларимиз бундай фожеаларни билмаганлар-ку, бундай ишларни ўзлари учун ор билганлар-ку?! Бугун ўзлигимизга қайтадиган давр келмадимикан?
Мустақиллик даврида халқимиз ижтимоий хаётида, ижтимоий-сиёсий қарашларида туб ўзгаришлар содир бўлди. Лекин, афсуски, тўй расм-русумларида ижобий силжишдан кўра, салбий – номақбул одатлар кўпроқ кўзга ташланмоқда. Никоҳнинг муқаддаслигини англаш, уни пок сақлаш, ҳаром-харишдан асраш ўрнига латта-путтага берилиш, молу дунёга, дабдабага, ҳою-ҳавасга ҳирс қўйиш тобора авжига чиқмоқда. Ижтимоий ҳаётдаги иқтисодий тақчилликка қарамай, тўйларни дабдабага айлантириш, дастурхонга, сарпо ва либосларга ҳашам бериш, кайф-сафо, маишатга муккасидан кетиш камайиш ўрнига кучаймоқда. Бундай тўйлар жуда кўпчиликнинг жонига теккан бўлса-да, тўйларни бошқача тартибда ўтказиш учун ҳеч кимда ирода, қаътият етишмаяпти.
Бугунги кунда никоҳ тўйларини ўтказишда ҳам ҳаддан ошиш, исрофгарчиликка ружу қўйиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу борада ҳам шариатимизга амал қилиб, унда келган кўрсатмаларни ҳаётимизга тадбиқ этишимиз лозим. Сарвари коинот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида оддий ва содда тўйлар қилганликлари барчамизга маълум ва машҳур.
яъни: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан мадина орасида уч кун турдилар ва Софийя бинт Ҳуяйга уйландилар. Мен мусулмонларни валиймага таклиф қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларини ёзишга амр қилдилар. Уларни устига хурмо, қурут ва сарёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хоҳласалар хозиргидан 10 баробар ошириб тошириб тўй қилган бўлар эдилар чунки у зотга тоғлар сизга олтин бўлиб берамиз деганларида у зоти шариф бош тортганлар.
Хозирги кунда тўй маросимларимизда ҳаддан ташқари дабдабабозлик, манманлик ва исрофгарчиликлар авж олмоқда. Манашу нарса аксар оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик ваҳоказо салбий оқибитларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий саъвияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади. Тўй-маърака — бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала ҳисобланади. Шундай экан, бу борада ўзбошимчалик қилиш, пулни ўзим топдимми, уни хоҳлаганча сарфлайман дейиш жамоатчиликкка нисбатан ҳурматсизлик ёки уларни назар писан қилмаслик саналади.
Исломда никоҳ тўйи зиёфати ва умуман бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир.
Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Таомнинг энг ёмони бойлар чақирилиб, қамбағаллар чақирилмаган никоҳ тўйи таомидир” (Имом Бухорий, Имом муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Айни замонда тўй ўтказаётган ота-онага агар тўй қилиб таниш-билишларнинг кўнглини олишдан ҳам кўра фарзандининг бахтли бўлиб кетиши, ўқиладиган никоҳ ҳайрли, қурилажак оила мустаҳкам бўлиши муҳимроқ бўлса, улар фикримизча, қуйидаги уч қоидага қаттиқ амал қилишлари лозим:
Аввало, тўйда спиртли ичимликларни қўймаслик. Чунки никоҳ ҳалоллик ва поклик рамзидир. Унга Аллоҳ томонидан ҳаром этилган нарса аралаштирилса, ҳалолга ҳаромнинг касри уради ва никоҳнинг мустаҳкамлигига футур етади.
Шунингдек, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ноз-меъматларни, сарпо-сидраларни, қизнинг сепини ошириб-тоширмаслик. Чунки Оллоҳ бундай ҳолни суймайди ва бу ҳаром амалдир.
Шу қоидаларга риоя қилган одам, шубҳасиз, ўз фарзандига ва бошқаларга бахт улашган, яхшилик қилган, қурилаётган ёш оила пойдеворининг мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшган бўлади.
Халқимиз орасида ичкиликсиз тўй зерикарли бўлади, бундай тўйга боргандан бормаган афзал, деган ақида шаклланган. Ваҳоланки, тўйга еб-ичиш, хурсандчилик, кайф-сафо учун борилмайди. Тўйга икки ёшга оқ йўл тилаш, фарзандларини камолга етказиб, мустақил ҳаётга йўллаётган ота-онани, қавм-қариндошларини, ёру дўстларини муборакбод этиш учун борилади.
Айни кунда биз – ўзбеклар шундай тўйларни жорий этишимиз лозимки, бу ўзбекининг ўзининг тўйи, ўзига хос ва ўзига мос миллий, ўзбекона тўйи бўлиб довруғи кетсин. Бу тўйлар унинг миллий қиёфаси, шавкати ва ор-номусидан дарак бериб турсин; у бизнинг чинакам ифтихоримизга айлансин.
Энг асосийси ёшларимиз бахтли, оилаларимиз тинч тотув, фарзандларимиз комил инсон бўлиб вояга етсинлар.

Қ. Машарипов
Урганч шаҳар “Мискин бобо ” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *