ПОКЛИК ИМОННИНГ ЯРМИДИР

Поклик – «Таҳорат» сўзи луғатда «тозалик ва озодалик» маъносини англатади. Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Муқаддас Ислом дини поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва озодаликни иймонга тегишли даражага кўтармаган.
Сиз билан бизнинг фахримиз боиси бўлмиш поклигимиз асли Роббимизнинг пок китоби Қуръондан ва Пайғамбаримизнинг пок Суннатлари – ҳадисдан келади. Бу эса, сиз билан бизнинг покликка амал қилишимиз илоҳий таълимот асосида эканлигини билдиради. Бу ҳар бир банда учун ўта олий мақом мартабадир. Ота-боболаримиз минг тўрт юз йилдан бери амал қилиб келаётган ва биз бадану маконда, кийиму ўзимизга боғлиқ ҳар бир нарсада давом эттираётган поклигимиз оддий поклик эмас, балки Аллоҳнинг савобига ва жаннатига эришишимизга сабаб бўладиган ибодат даражасига кўтарилган покликдир.
Биз азалдан катта ва кичик нопокликдан доимо покланиб юрадиган халқмиз. Шунинг учун ҳам инсоният тарихидаги энг катта илмий меросни ўз ичига олган фиқҳ китобларимизнинг барчаси «Поклик китоби» билан бошланади. Уларда поклик масаласига кўплаб саҳифалар ажратилган.
Покликнинг фазли бу дунё билан чегараланиб қолмайди. У охиратимизни обод этиш учун ҳам асқотади. Албатта, поклик ва покланиш учун ишлатиладиган асосий восита тоза сувдир. Бунинг учун сувларнинг ҳукми ҳақида билимга эга бўлишимиз шарт. Дунёдаги энг кучли ва янгича маданиятли юртда яшайдиган, аввал протестант диёнатида бўлган ва Аллоҳнинг ҳидояти ила Исломга кирган бир аёл мусулмонликка қадар поклик маъносидаги ҳолатимни эсласам, ер ёрилса кириб кетгудек бўламан, деган эди.
Бир вақтлар Европада масиҳий дини ҳукмронлик қилган пайтда поклик гуноҳ ҳисобланган. Кишилар ўзига, кийим-бошига узоқ вақт сув теккизмаганлари билан фахрланганлар. Ҳозирда ҳам кўпчилик назарида поклик тиббий ёхуд шахсий озодалик иши ҳисобланади. Исломда эса бу иймон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун аввало, банданинг қалби, нияти пок бўлиши керак. Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт. Пок бўлганда ҳам каттаю кичик, кўзга кўринадигану кўринмайдиган барча нопокликлардан холи бўлиши керак. Ана шундоқ покликка эга бўлмаган банда Аллоҳга ибодат қила олмайди. Яъни, намоз ҳам ўқий олмайди, Қуръон ҳам ушлай олмайди. Бу борада Аллоҳ таоло: «Унда покланишни яхши кўрадиганлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради», деган. (Тавба сураси, 108-оят)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилса, бас, у юзини ювганида ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундоқ қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», деганлар. Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Мусулмон киши таҳорат қилиш учун қайси бир аъзосини ювса, ўша аъзо туфайли содир бўлган гуноҳ тўкилиши таъкидланмоқда. Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига кўрсатган улкан марҳамати бу. Мусулмон банда таҳорат қилаётганда яхши ният билан Аллоҳ таолодан астойдил тилаб, ушбу ҳадиси шарифни эслаган ҳолда ҳар аъзосини юваётиб: «илоҳо, ушбу аъзолардан содир бўлган гуноҳларим тўкилган бўлсин», деб сўраса, иншааллоҳ, мақсади ҳосил бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадиси шарифда: «Мўминнинг безаги таҳорат суви етган жойгача бўлади», деганлар. Демак, бу дунёда таҳоратни яхшилаб қилган мўминнинг у дунёдаги безаги ҳам яхши бўлади, кўп таҳорат қилганнинг безаги кўп бўлади. Шунингдек, банданинг қайси жойларига таҳорат суви етган бўлса, безаги ҳам ўша жойларгача етиб боради.
Ислом дини покликни ҳар бир мусулмон учун ибодат қилиб, уни иймоннинг ярмига тенглаштириб қўйгани ва ибодат нопок ҳолда қабул қилинмаслиги бежиз эмаслиги туфайлидан ўн тўрт аср ўтгандан сўнггина бошқалар ҳам поклик инсоният учун қанчалар зарур эканини англаб етдилар. Аста-секин юз-қўлларини, кейин баданларини ювишга ўтдилар. Ундан сўнг кийим-бошларини, турар жойларини, кўчалари, шаҳар-қишлоқларини озода, пок тутишга одатландилар.
Илм-фан Ислом дини амр қилган покликка риоя қилиш инсон учун, инсоннинг соғлиги учун, турли касалликларнинг тарқалмаслиги учун жуда зарур омил эканини аллақачон исбот этиб қўйган. Биз бу ишни динимиз бундан ўн тўрт аср олдин ибодат даражасига кўтаргани, иймоннинг ярми, деб эълон қилгани ҳақида фахр билан гапиришимизнинг ўзи етарли эмас! Балки бу амрларга амал қилиб, ҳаммага ўрнак бўлишимиз керак. Ўзимиз, кийим-бошимиз, турар-жойимиз, шаҳар-қишлоқларимиз, ҳамма-ҳамма тарафларимиз поклиги билан бошқалардан ажралиб туриши лозим. Чунки Аллоҳ таоло поклик ҳақидаги буйруқларини айнан бизга юборган.

A.Бобоев 
Шовот тумани Ваянган бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *