ОГОХ БЎЛГАН АБГОР БЎЛМАС

Аллохнинг бизга берган неъматлари хисобсиз. Биз уларни ҳар қанча санасакда адоғига ета олмаймиз. Хисобсиз неъматлар ичра бир неъмат  борки, бу неъмат барчага бирдек зарур. Бу неъмат “Тинчлик” эканини барчамиз биламиз. Чунки, ҳар қайси жамият ривожи, тараққиёти, истиқболи, халқининг фаровон турмуш тарзи учун биринчи навбатда тинчлик керак. Аллоҳнинг бизга берган бу неъмат қадрини, борор бир миқдор ёки бирор бир ўлчов билан ўлчаб бўлмайди.
Тинчлик Аллохнинг энг улкан энг азиз ва бебахо неъмати. Уни асраш, қадрига етиш ва бу неъматга шукр қилиш ҳаммамиз учун бирдек шарт.  Пайғамбаримиз с.а.в. хадиси шарифларида “Икки неъмат борки, инсонларнинг кўплари ундан бехожат (ғафлатда, қадрига етмайди)лар, булар тинчлик ва сихат саломатликдир” деганлар. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги тахликали замонда бизларга берилган Аллоҳ таолонинг тинчлик деб аталмиш бу неъматини Аллоҳ барча халққа баробар бераётгани йўқ.
Шу билан бирга бизнинг тинчлигимиз, истиқлол йилларида эришган ютуқларимиз ва халқимизнинг фаровон турмуш тарзи, кўзларимиздаги қувонч, эртанги кунимизга ишонч барчани бирдек хурсанд қилмаётгани ҳам маълум. Бугун бир мамлакатнинг тинчини бузиш пайида юрган кимсалар, мамлакат тараққиётини издан чиқариш, юрт равнақи, миллат маданияти, маърифатига рахна солиш, ахоли орасида нотинчлик келтириб чиқариш, жамият келажаги хисобланмиш ёшларни йўлдан оздиришнинг турфа ҳил йўлларини ўйлаб топмоқда ва керакли натижаларга эришмоқда. Халқимизда бир мақол бор: «Овсару-анқов душман учун яхши ов». Бизнинг ота боболаримиз овсар ҳам анқов ҳам бўлган эмаслар. Кўр-кўрона бошқаларга эргашиб кетган эмаслар. Балким ҳар ишда етти ўлчаб бир кесганлар. Илму маърифат, караму шафқат  ила одамларни эзгулик сари эргаштирганлар. Мутахаассисларнинг маълумотларига кўра, бугун ахборот техналогиялари кенг имкониятлар бераётган бир вақтда, минг афсуслар бўлсинки бу имкониятлардан бузғунчилик, қабоҳат йўлида фойдаланаётганлар ҳам, кун сайин ортиб бормоқда. Бузуқ, ақидапараст оқимларнинг  чорловларини тарғиб қилишда, интернет сайтлари асосий манбага айланди. Масалан ўн йил аввал бундай сайтлар 20та бўлган бўлса, бугун 7000дан ортиб кетган. Одам юрагини эзадиган жиҳати шуки, қанчадан қанча ёшларимиз билиб билмай шу сайтларга кириб, ундан маълумотларни  кўчириб олиб, ўз эътиқодларига путур етказмоқдалар.
Унданда ачинарлиси, калта бинларча қилиб қўйган нобокорликлари  етмагандай, яна камига бошқаларни ҳам йўлдан уришга уринаётганларидир. Бугун дунёда адолат, саодат, раҳмат дини бўлмиш ёш мусаффо динимиз Исломни ёмон отлиқ қилмоқчи бўлган, унга нисбатан одамларда нафрат туйғусини ўйғатмоқчи бўлган, ўта маккор, бадбин, шаккок кимсаларнинг, узоқни ўйлаб, чуқур режалаган фитналарининг самарасини кўриб турибмиз.
Аллоҳ бизга инъом қилган неъмат борки, шукр қилишлик билан зиёда бўлади. Бизга берилган ҳар-бир неъмат, унинг шукри бор. Зеро ҳар-бир неъмат шукр билан зиёда бўлади. Чунки, Аллоҳнинг “Агар берган неъматимга шукр қилсаларингиз уни сизларга зиёда қилурман” деган ваъдасини кўпларимиз биламиз ва эшитганмиз. Юртимиз ривожи, тараққиёти, истиқлолимизу истиқболимизга  муносиб ҳисса қўшадиган,  ватанини севадиган, киндик қони тўкилган муқаддас бу заминни ардоқлайдиган, химоя қиладиган фарзандларни тарбия қилиш, барчамизнинг шу юрт олдидаги қарзимиздир. Сухбатимизни бир зарбул масал билан нихоясига етказсак. Ўрмонда ғала ғовур тўпалон бошланди. Эмишки ўрмонга бир болта номли асбоб келиб ўрмондаги барча дарахтларни бир чеккадан кесмоқда экан. Ўрмондаги кичик дарахтлар бу балодан омон қолиш чорасини излаб, катта дарахтлардан маслаҳат сўрашибди. Катта дарахтлар ўша бизни кесгувчи асбоб болтанинг дастаси нимадан экан билинглар.
Чунки у биттамизни кесар, иккимизни кесар, ўнтамизни кесар, лекин  бир кунмас бир кун унинг дастаси синади, дебди. Кичик дарахтлар бориб кўрса болтанинг дастаси ёғочдан экан. Келиб катта дарахтларга болтанинг дастаси ёғочдан экан, дебди. Шунда катта дарахтлар аттанг болтанинг дастасини ўзимиздан чиқариб қўйибди, деган эканлар. Тўғри ҳозир юртимиз тинч кўнглимиз хотиржам, бироқ хотиржамлигимиз ғафлатга айланмасин.
Ҳар вақт хар дақиқа огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшайлик. Юртимиз келажаги бўлган фарзандларимизни эл-юртига содиқ хамда фидойи инсонлар қилиб, ватанпарварлик руҳида тарбиялайлик. Токи бизнинг фарзандларимиз уларнинг қўлида ғаразли мақсадларини амалга оширадиган болтанинг дастаси бўлиб қолмасин. Чунки хокимятни қўлга киритиш, аҳоли тинч яшаб турган мамлакатда фитна тарқатиб, ўша юртнинг бойлигига эга чиқишни мақсад қилиб олган ғаламис кимсаларнинг иддаолари, ғаразли мақсадлари, асл ниятлари ҳам бамисоли ўрмонга дарахт кесишга келган “болта”.
Юртимиз ривожи, равнақи, хотиржамлигимиз пайини кесишга тайёр турибди. Агар бизлар хушёр ва огох  бўлмасак, эртанги кунимиз ишончи, суянчи, таянчи бўлган ёшлар уларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Шиоримиз “Огохлик давр талаби” бўлсин.

Ф.Абдираманов
Хонқа туман “Жирмиз ота” масжид ходими

 

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *