ИСЛОМДА БУЗҒУНЧИЛАРГА МУНОСАБАТ

Ислом дини бузғунчилик, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган бир қанча оқимлар ва тоифалар пайдо бўлди. Улар ўз ғаразли мақсадларига етишиш ниятида бузғунчилик, бегунох одамлар ва хатто ёш болалар ва аёлларни қонини тўкишни, фуқоролар тинчлигини бузиб, халқ орасида фитна тарқатишни Исломнинг буйруғи деб бонг урмоқдалар.
Динимизда тажовузкорлик, зўравонлик, ҳаддан ошиш қаттиқ қораланган. Аллоҳтаоло Қуръони каримда хитоб қилиб шундай дейди: «… Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ерюзида бузғунчилик қилмангиз (дедик)» «Бақара сураси 60-оят» Шунингдек, ислом динида мўмин киши бошқа бировга заррача бўлса ҳам, озор бермасликка амр этилган. Пайғамбаримиз (с.а.в ҳадиси шарифларида: «Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир », — деганлар.
Террорчилик эса – инсонлар дини, юрти, моли, жони, оиласига бузғунчилик билан тажовуз қилишликдир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият бериш, таҳдид солиш, нохақ қон тўкиш, инсонлар ва жамият мол-мулкага тажовуз қилиш, йўлтўсарлик каби таҳдидларнинг барча турлари киради. Террорчилар ислом динини ниқоб қилиб олиб, «Биз ислоҳчилармиз», дея, ўзларининг ғаразли мақсадларини дин билан хаспўшлаб, ғояларига эргашмаганларни «адашганлар» дея аҳолиси тинч-тотув яшаётган бутун бир мамлакатни вайронага айлантирмоқдалар.
Нотинч юртларда қанча-қанча тинч аҳоли, қариялар, аёллар, ёш болалар ўлими тўхтамаяпти. Натижада кундан-кунга боқувчисини йўқотган оилалар, бева аёллар, етим болалар сони ортмоқда. Бирвақтлар дунё ва дин ривожига, тараққиётига улкан ҳисса қўшган, етук, забардаст олим ва алломалар истиқомат қилган, илм олган, туғилиб ўсган, илм маркази бўлган юртлар бугун харобага айланмоқда. Инсонлар яхши ниятлар ила ўз қўллари билан меҳнат қилиб минг-минг машаққат билан қурган уй-жойларини ташлаб, ўзга юртларда бошпанасиз оч-наҳор хору-зорликда яшашга мажбур бўлмоқдалар.
Аллоҳ бузғунчиларни севмаслигини, бундай ҳаракатлар муборак динимиз таълимотига мутлақо зид эканини Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг фикрларидан ҳам англаш мумкин. Азизлар, Аллоҳ инсонга “ақл” деган неъматни берди. Бу ақл билан инсон оқ-қорани, яхши-ёмонни ажратади. Шундай экан, бугун нега муқаддас динимиз қоралаган турли ёмон йўлларни кўра билатуриб айрим инсонлар бу йўлга кириб кетмоқда. Осонгина ватанини, динини, халқини сотмоқда. Бузғунчи, ғаламис кимсаларнинг ёлғон ваъдаларига, ёлғон сўзларига учмоқда. Ахир, юқорида айтилганидек, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда, улуғларнинг китобларида бу нарсалар очиқ баён қилинганку. Қарс икки қўлдан чиқади, деган гап бор.
Бугун айрим инсонларни, айниқса ёшларни бундай бегона ғоялар таъсирига тушиб қолиши, бузғунчи ва ғаламис кимсалар таъсири доирасига кириб қолиши ота-она, маҳалла-кўй, узтозлар ва бошқаларнинг етарлича эътибор қаратмаётгани, назорат қилмаётганида эмасмикан. Яқин-яқинларда ҳам, бир болага етти маҳалла ота-она, деган мақолга барча бирдек амал қилар эди. Бугунги кундачи, сен менга тегма, мен сенга тегмайман, деган нақлга кўпроқ амал қилиб қолмаяпмизмикан.
Душман аввал ҳийлаю найранг қилиб, сўнг хужум бошлайди. Бугун дунё майдонида бўлаётган фитна йўлини жидду-жахд билан тўсмасакагар, эртага улар янада мустаҳкам томир ортиб, бизнинг миллатимиз, динимиз, муқаддас юртимизга ҳам зарар келтириш мумкин. Бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин. Бутун дунёда тинчлик, осойишталик ҳукм сурсин.

И.Отажонов
Ҳазорасп тумани «Султон Ҳубби»
масжиди имом хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *