ЗИНО ВА УНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

            Маълумки Ислом дини инсоннинг ҳаёти, ақли, дини, шаънини ва мол-мулкини мухофаза қилишга буюриши билан бирга унинг наслини ҳам сақлашга амр этади.

            Инсон наслининг пок бўлишлиги учун албатта эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларни никоҳ орқали бўлишига тарғиб этади.

            Бу икки жинс ўртасидаги никоҳсиз муносабатлар эса зино деб аталади.

Аллоҳ таъоло бандаларини зинога яқинлашишдан ва зинога сабаб бўладиган ишлардан қайтариб шундай дейди: «Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир.» (Ал-Исро сураси,32)

            Бошқа бир ояти каримада ҳақийқий мўминлар зинога яқинлашмаслиги, ким шу ишни қилса дунё ва охиратда уқубатга дучор бўлишини таъкидлаб шундай дейди:

            “Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирор илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон Зотдир”. (Фурқон сураси, 68-70- оятлар).

            Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар:  «Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида зино қилади.Ўғри ўғрлик қилаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида ўғирлик қилади. (Ичувқи)хамр ичаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида ичади.»

            Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар киши зино қилса,иймон ундан чиқади ва унга соябон каби бўлади .Агар (зинодан) бош тортса, иймон унга қайтади» деб таъкидланган.

            Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) хадисларининг бирида қуйдагича мархамат қиладилар: “Қайси бир қавмда зино авж олса, Аллоҳ таоло ўша қавмга бир балони юборадики, бу балони уларнинг ота – боболари ҳам кўрган эмас”.

            Кимки Аллоҳ таоло қайтарган харом қилган фахш ва зино ишлардан хазар қилмаса қайтмаса, Аллоҳ таоло унинг бошига турли бало ва офатларни солади.

            Маълумки СПИД касаллигининг келиб чиқиш сабаби зинодир. Бундан қутилишнинг чораси Қуръони каримга амал қилишдир.

            Аллоҳ таоло Қуръони каримда шу тўғрида бундай махамат қилади:

Яъни: “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят) ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур” (Ал – Исро, 82).

            Бу нарсаларнинг барчасидан Аллоҳ таоло доимо бохабар эканлиги тўғрисида шундай мархамат қилади: Яъни: “(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур”.(Ғофур, 19).

            Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Кўзнинг зиноси назардир», дейилган. Албатта, ҳамма бало назардан бошланади. Биринчи назар тушганда, Худодан қўрқиб ўзини тийган одам ютади. Лекин яна назар солса…Ҳар бир эркак-аёл ушбу сўзларни ёдидан чиқармаслиги ва номаҳрамларга шаҳват назари билан қарашдан ўзини тийиб юрмоғи лозим.

            Зинонинг энг ёмон оқибатларидан яна бири ҳақида Пайғамбаримиз алайҳи салом ҳадисларида баён қилинган: «Зино қарздир. Ким зино қилса уни ҳам (Яни унинг яқинларини)зино қиладилар,агарчи диворига бўлса ҳам.»

            Хулоса қиладиган бўлсак Зино бу Аллоҳ  ва расули лаънатлаган иш экан. Унинг уқубати дунё ва охиратда ҳам бўлар экан. Дунёдагиси жамиятда тузалмас касалликлар тарқалишига сабаб бўлади, молидан ризқидан барака кетади. Аллоҳ ва расулини норизо қилади. Энг ачинарлиси эса унинг бадалини ўзининг қизи ёки яқинлари тўлайди.           Охиратдагиси Аллолҳнинг ғазаби бўлган дўззахда аламли азобларга гирифтор бўлади.

            Тузалишни истаган инсонлар учун эса ҳали имкон бор. Аллоҳга чин дилдан надомат чекиб, шу ҳаром ишни бошқа қилмасликка аҳд қилиб тавба қилса ҳамма гуноҳларни кечиришга Аллоҳ таоло қодир зотдир.

            Аллоҳ таъоло ҳаммамизнинг бундай фахш ва мункар ишларни қилишдан сақласин, ўзи бизни икки дунё саодатига етиштирсин.

                                                                                  Қ.Искандаров 

                                               Боғот тумани  “Абдол бобо”масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *