ИСЛОМ ДИНИДА БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОИЛЛАРИ

Бағрикенглик сўзи диярли барча тилларда бир-хил ёки бир-бирини тўлдирувчи мазмунга эга. Уларни умумлаштириб «бағрикенглик» чидамлилик, бардошлик, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, мурувватлилик, ҳимматлилик, кечиримлилик, меҳрибонлик, ҳамдардлик каби маъноларга эга дейиш мумкин.
«Бағрикенглик» чинакам исломий фазилат бўлиб, араб тилида «Самааҳатул ислам» дейилади. Исломнинг бағрикенглигини биз ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий намуналарида тўлиқ ва равшан кўришимиз мумкин. Зеро, умуман рисолатнинг мақсади, асосий вазифаси одамзотнинг бу дунёдаги ҳаётини енгиллатиб бериш, охиратда эса абадий роҳат маконидан ўрин олишига ёрдам беришдир. Шунинг учун Қуръони Каримнинг услубига қарасак, ўқиганимизда баъзан мўминларнинг қалбини жунбушга келтирувчи, уларнинг диққатларини муҳим бир масалага қаратувчи хитоб билан бошланган ояти карималарни кўп учратамиз. Бу оятларда  «Эй иймон келтирганлар!» деган буюк хитоб билан бошланади. Демак, бу хитоб билан бошлаган оятларда айнан мўмин-мусулмонларга тегишли масалалар келган бўлади. Аммо Каломуллоҳнинг қолган барча оятлари умуминсоний, умумбашарий кўрсатмалар бўлиб, уларда динидан, ирқидан, жинсидан қатъи назар, Бани Одам назарда тутилади.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасининг 70-оятида: – «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», дейди.
Ҳадиси шарифларда ҳам худди шундай. «Кимки…» деб бошланган барча ҳадисларда мутлақ инсон кўзда тутилади. Масалан, «Кимки бир дарахт экса ва ундан ҳайвонми, қушми, ҳашаротми, одамзотми еса, уни эккан одамга савоб бўлади», деган мазмундаги ҳадисни олайлик. Бу ерда ҳар қандай инсон назарда тутилган, унинг дини ёки бошқа жиҳати қайд қилинмаган.
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: – «Одамларга раҳм қилмаганга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди», деганлар. Бу ерда ҳам мусулмонлар эмас, умуман ҳар бир инсон, ҳар қандай одам тушунилади.
Мана шу каби оят-ҳадисларда биз динимизнинг бағрикенглигини кўрамиз.
Яна бир мисол. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бир гуруҳ ансорийлар келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Сақиф қабиласи ҳидоятга кирмаяпти, уларни дуоибад қилинг» дейишганида у зот алайҳиссалом «Аллоҳим, Сақифни ҳидоят қил», дедилар. Ансорийлар яна «Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуоибад қилинг» дейишди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна «Аллоҳим! Сақифни ҳидоят қилгин» дедилар. Учинчи маротаба сўрашганда ҳам шу дуони қилдилар. Мана, бағрикенгликнинг ёрқин намунаси. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу муборак дуолари ижобат бўлиб, ана шу Сақиф қавмидан кейинчалик буюк зотлар, улуғ уламолар етишиб чиқди.
Тарихимизда бундай мисоллар жуда кўп. Саҳобалардан Туфайл ибн Амр ад-Давсий розияллоҳу анҳу дўстлари билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Давс қабиласи ҳаддидан ошди, куфр келтирди. Уларни дуоибад қилинг» деганларида ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом «Аллоҳумма, иҳди давсан» (Аллоҳим, Давсни ҳидоят қил) деб уч марта дуо қилдилар. У зот алайҳиссалом Давсни дуо қилиш учун қўлларини кўтарганларида Туфайл ибн Амр ва унинг шериклари «Ана энди Давс ҳалок бўлди, Давснинг шўри қуриди» дейишди. Улар Пайғамбар алайҳиссалом Давсни қарғайди деб ўйлашган эди. Йўқ, Пайғамбар алайҳиссалом Давсга ҳидоят сўраб, «Роббим, Давсни ҳидоят қилгин, уларни Мадинага мусулмон ҳолида келтиргин» деб дуо қилдилар.
Бундан бошқа ҳолатларда ҳам, бир гуруҳ саҳобалар мушрикларни дуоибад қилишларини сўраб, у зотга мурожаат қилишганда «Мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Мен раҳмат қилиб юборилганман» деганлар.
«Ва маа арсалнаака иллаа роҳматал лил оламийн» («Эй Муҳаммад алайҳиссалом! Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик») ояти сўзимизнинг далилидир.
Эътибор қилсак, бу оятда Аллоҳ таоло «оламларга» деган. Нима учун «оламлар» дейилган? «Олам» деб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ҳамма нарсага айтилади. Ҳар бир жинс, ҳар бир тоифа бир оламдир. Шунинг учун олам сўзи кўплик шаклида ишлатилган. Инсоният олами, ҳайвонот олами, фаришталар олами, жинлар олами ваҳоказо оламлар бор. Демак, ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом фақат мусулмонларга эмас, бутун башариятга, балки бутун оламга, бутун борлиққа раҳмат ўлароқ юборилганлар.
Мустақиллик йилларида ўзининг таркиби ва мазмуни жиҳатидан хилма-хил миллат, маданиятлар бирлигидан ташкил топган жамиятимизда ҳам миллатлараро тотувликни сақлаш, фуқароларнинг ҳамжиҳатлиги ва бағрикенглигини таъминлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Зотан, хайрли ишларда ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш, Яратганнинг талабидир. Аллоҳ таборака ва таоло:
«Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..», (Моида сураси 2 – ояти) деб марҳамат қилган.
Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги давлатимизнинг Асосий қонунида кафолатлаб қўйилди. Барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётлар ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Ислом динимиз аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда.
Мамлакатимизда турли динлар вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши йўлида бирлашмоқда. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифаларни адо этиб борилади. Бир-бирларимизни диний байрамларимиз билан қутлаймиз. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталикда ўз ифодасини топмоқда.
Ислом ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданияти ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ «Гуноҳ қилган одам ҳақида яхши гумонда бўлиш авлиёларнинг хислатидир», дейдилар. Шунинг учун бир гуноҳкор билан тортишиб қолсангиз, уни ёмон кўриб, ўзингизни ундан баланд олманг, чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизнинг гуноҳларингизни яшириб тургани учун сиз бошингизни баланд кўтариб юрибсиз. Эҳтимол, сиз кўрган гуноҳи унинг учун охиргисидир, балки у тавба қилиб, Аллоҳнинг ризосини топар? Аммо сизнинг ибодатингиз ҳам охиргиси бўлиб қолиши, залолатга кетиб, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб қолишингиз ҳам мумкин-ку. Шунинг учун бир инсонга муомала қилганда у қилган гуноҳ-маъсиятига қараб муомала қилиш керак эмас. Аввало унинг инсонлигини эътиборга олиш керак. Мана шу амал суннатдир.
Нима учун динимиз қўполликдан, ҳақоратдан, сўкишдан қайтаради?
Ибн Касир ўз тафсирларида тақво ҳақидаги оятларнинг тафсирида: «Тақводорлик авлодларга таъсир қилади. Аллоҳ тақводор, солиҳ одамнинг етти пуштини муҳофаза қилади» деб ёзганлар. Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг тарихларида Хизр алайҳиссалом билан бирга икки етим бола яшайдиган уйнинг деворини тузатиб қўйганлари айтилган. Аллоҳ таоло иккита азиз бандасини – уларнинг бири пайғамбар, бири илми ладуний ато этилган зот – ухлаб ётган икки етимга текин мардикор қилиб қўйди. Нима учун? Бунинг ҳикмати шу эканки, ўша етимларнинг отаси солиҳ одам бўлган экан. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шу оятнинг тафсирида «Ўша икки етимнинг бевосита туғдирган отаси эмас, еттинчи авлодидаги бобоси солиҳ зот бўлган» деб келтирадилар. Умуман, бир ёмонликнинг етти пуштга уриши, етти пуштини суриштириш деган истилоҳ бекорга қўлланилмайди. Авлодлар орасида етти пуштгача ўзаро алоқалар бўлади. Қайси бир суҳбатимизда инсоннинг уруғи орқали нафақат қон, суяк, тирноқ, соч каби белгилар, балки ирсий маълумотлар ҳам ўтади, деган эдик. Буни бугунги куннинг юксак тараққий этган генетика, психогенетика фани тасдиқлаб турибди. таърифлаб беряпти.
Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.
Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин, Аллоҳ Ўзи бизларни Ҳақ динидан айирмасин ва иймонимизни доимо ҳамроҳ қилсин!

У.Бекязов
Ҳазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *