Минг афсуслар бўлсинки, 10 ҳижрий асрдан бошлаб инсониятнинг луғати яна бир сўзга – «гиёҳвандлик» деган сўзга бойиди. Шундан буён уламоларимиз ўз китобларида гиёҳвандлик балоси ҳақида ёза бошлаганлар. Одамлар энди гиёҳвандликнинг ёмонлигини, унинг чинакам офат, бало эканини англаб етмоқдалар. Таассуфлар бўлсин, йигирманчи, йигирма биринчи асрга келиб бу бало шунчалик оммалашиб кетдики, уни энди аср вабоси деяпмиз.
Бу бало кўплаб мусибатларни, офатларни келтириб чиқармоқда, энг муҳими Исломнинг барча бош мавзуларига бирдек болта урмоқда. Бу кулфатнинг дунё миқёсидаги кўлами шу қадар кенгайиб кетдики, Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан ҳар йилнинг 26 июнь куни «Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни» деб эълон қилинди. Гиёҳвандлик балосига мубтало бўлганлар сонининг ортиши ва улар томонидан содир бўлаётган жиноятларнинг кўпайиши бизни хавотирга солмоқда.
Хўш, нима қилсак бўлади? Нима чоралар қўлласак бўлади? Гиёҳвандликнинг зарарини ва унга қарши курашнинг самарали йўлини топиш учун биз масалага ана шу томондан ёндашамиз. Гиёҳванд моддалар истеъмол қилган одамни ёки гиёҳванд моддаларнинг ўзини ёмонлайвериш билан иш битмайди. Уни зарарини, хатарини тушунтириш, унинг сабаб ва ечимларини ойдинлаштириб бериш лозим. Бунда эса бизга тарих ёрдамга келади. Тарихга назар ташлайлик. Ислом илк зоҳир бўлган даврда Макка мушриклари хамрга – маст қилувчи ичимликларга қандай муккасидан кетган эди. Қандай қилиб жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату вассалом қисқа муддатда уларни бу зулматдан, бу ботқоқдан қутқариб, аксариятини асҳоби киром даражасига кўтариб қўйдилар? Кечагина ҳаётини ароқсиз тасаввур қила олмайдиган инсонлар бу набавий муолажадан кейин уни кўрса жирканадиган бўлди, хаттоки қўлига ушламайдиган бўлдилар. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бундай натижага қай йўл билан эришдилар? Ўйлаймизки, бугунги кунда ҳам бу офатдан нажот топиш учун ёш авлодни, халқимизни гиёҳвандлик моддалари истеъмолидан, савдосидан, сақлашдан қайтариш учун асосий йўли муаммога шаръий нуқтаи назардан ёндашишдир. Авваламбор ёшларимизга, халқимизга бу қабоҳатни ёмон деб эълон қилиш керак, унинг нима учун ёмон деб эълон қилинганлигини тушунтириш керак. «Бу ҳаром, буни қилма» деган билан уни қилмай қўйиши учун аввал ўша ҳаром деган тушунчани бериш керак, ҳаромни ҳаром қилган Зотни танитиш керак. Нима учун Аллоҳ таоло буни ман қилди?
«Аллоҳни билган одам ўзини билади, ўзини таниган одам Аллоҳни танийди», дейди сўфийларимиз. Бу каби ёмон ҳолатларга қарши курашда шариатимизнинг умумий услуби бор. Пайғамбар алайҳиссолату ва саллам шундай деганлар: «Қай бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин. Бунга имкони бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга имкони бўлмаса, қалби билан ёмон кўрсин. Лекин бу иймоннинг заифлигидир».
Авваламбор, ҳадисда айтилган Мункар иш – шариат тақиқлаган, қайтарган ишдир. Гиёҳванд моддалар истеъмоли ва унга боғлиқ гуноҳлар ҳам мункар ишдир. Бу мункар иш эканми, демак унга фақат салбий муносабатда бўлишимиз керак. Бунга йўл қўймаслик керак, балки чек қўйиш керак. Қўлида имкони борлар қўли билан қайтарсин, дейиляпти. Бу тоифага чегара қўшинлари, божхона хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари киради.
Бунга имкони йўқлар эса тили билан қайтарсин, дейиляпти. Бу тоифага уламолар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари киради. Бу соҳа вакиллари одамларни мункар ишдан тил билан, тушунтириш, тарғибот ишлари билан қайтарсин. Учинчи тоифа – қалбдан ёмон кўриш. Агар бу балони ҳамма бирдек қалбидан ёмон кўрса, ундан ҳазар қилса, орамизга бу нарса суқулиб кира олмайди. Юқоридаги услубларнинг бирортаси қўлланилмаса, бу офатга қарши муносабат билдирилмаса, унда иймоннинг заифлигидан бўлиб қолади. Демак, иймонимизни қувватлаш учун бу каби мункар ишларга ўз муносабатимизни билдиришимиз керак экан. Лоқайд бўлишга, бепарво қарашга ҳаққимиз йўқ!
Ў.Жуманиязов
Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом-ноиби