АХБОРОТ АСРИ ТАҲЛИКАЛАРИ

Глобаллашув жараёнининг тобора кенг кўламда намоён бўлиши жамият ҳаёти, кишилар турмуш тарзи ва менталитетига янги эҳтиёжларнинг, коммуникация шарт-шароитлари ва шакллари, қадриятларнинг пайдо бўлиши, оммавий маданият намуналарини сингдириш  орқали жиддий таъсир кўрсатади. Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, бу давр кенг имкониятлар даври бўлибгина қолмасдан, балки у ҳозирги шароитда ғоявий, мафкуравий таъсир ўтказишнинг ўткир қуролига ҳам айланиб, инсон ҳаётига ва у яшаётган жамиятга таъсир ўтказиши мумкин.
Давлат ва сиёсат арбоблари, файласуфлар ва жамиятшунос олимлар, шархловчи ва журналистлар, бугун кунни яъни, тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, глобаллашувни юксак технологиялар замони деса, кимдир тафаккур асри, яна биров ялпи ахборотлашув даври сифатида изоҳламоқда. Ҳақиқатдан ҳам, бу фикрларнинг барчасида маълум маънода ҳақиқат, тўла маъно бор. Чунки уларнинг ҳар бири, ўзида бугунги шиддаткор ҳаётнинг қайсидир белги аломатини акс эттириши табиийдир. Глобаллашув яна шундай жараёнки, уни чуқур ўрганмаслик, ундан фойдаланиш стратегияси, тактикаси ва технологиясини ишлаб чиқмаслик, мамлакат иқтисоди ва маданияти, маънавиятини тоғдан тушаётган шиддатли дарё оқимига бошқарувсиз қайиқни топшириб қўйиш билан баравар бўлади.
Глобаллашув жараёнида ахборот технологиялари, айниқса интернет, ёшлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. “Ахборот асри” деб аталаётган ҳозирги замонда, маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси интернетдир. Бироқ бу тармоқда ҳамма нарса аралаш-қуралаш – оқ билан қора, эзгулик билан ёвузлик ўрин олган. Маълумот тарқатиш, бизнес ва реклама учун катта майдонга айланган глобал тармоқни назорат қилишнинг имкони йўқ. Кўпчилик ёшлар интернетни маълумот олишнинг асосий манбаи деб қарайди. Интернетга янгиликлардан хабардор бўлиш, дўстлар билан мулоқот қилиш, мусиқа ва кино ёзиб олиш учун кираётган ёшлар, манашу ахборот алмашинуви орқали кўринмас тахдидлар хужуми остида қолаётганларини сезмаяпдилар.
Натижада эса баъзилари бундай хатарларнинг қурбонига айланмоқдалар. Инсон онгига зимдан хавф солувчи тахдид бу ғаразли ниятда ёлғон хабарлар ёки бузғунчи ғояларни тарғиб этиш орқали, ёшлар онгини захарлашга қаратилган харакатлардир. Бу таҳдидлар домига тушган кишида, келажакка ишонч сусаяди ёки буткул йўқолади.
Шунингдек, Ўтган асрда дунё мамлакатлари учун ядро полигонлари катта хавф туғдирган бўлса, бугунга келиб, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги ривожи маҳсули ўлароқ мафкуравий полигонлар, улар воситасида амалга оширилаётган ахборот ҳуружлари инсонлар бошига кулфат ёғдираётгани, давлатларни инқирозга учратаётган, нотинчликни келтириб чиқараётган асосий омиллардан бири десак муболаға бўлмайди. Чунки, айрим ғаразли ниятдаги кучлар томонидан моддий манфаатдорлик ҳамда ҳукмрон бўлиш мақсадида оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет тизими орқали кўпроқ ёшларнинг онгини захарлаб, уларни ўзларига сўзсиз итоат этувчи манқуртлар қўшинига айлантиришга бўлган уринишлар тинимсиз тарзда олиб борилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу йўлда ҳеч нарсадан тап тортмасдан, яъни динга мойиллиги борларни дин билан, дунёга мойиллиги борларни пул билан, енгил елпи ҳаётни маъқул кўрувчиларни ҳар хил кўнгил очар дастурлар билан ўзлари томонга оғдириб олиб, улар орқали ўз мақсадларига эришишга ҳаракат қилишмоқда.
Бундай кучлар томонидан амалга оширилаётган ахборот хуружлари халқлар, давлатлар, минтақалар ҳаётига ва келажак тақдирига жуда катта таҳдид солмоқда. Инсон қалби ва онги учун бўлган бундай курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Бунинг натижасида дин, айниқса, ислом дини байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этаётган, жамиятга ҳар томонлама зарар етказаётган бундай ҳаракатлар ёшлар орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига замин яратмоқда.
Аслида Ислом дини ҳам зулмга, зўравонликка ва унинг ҳар қандай каттаю-кичик кўринишига қарши курашганлиги, кишилар ва халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни тарғиб этганлиги нафақат мусулмонлар, балки бошқа эътиқод вакиллари томонидан ҳам эътироф этилган айни ҳақиқатдир.
Глобал тармоқ орқали келаётган ахборот ёки маълумотларнинг кўпчилиги, инсониятни тахликали йўлларга бошлашини, бу маълумотлар ҳаммаси ҳам тўғри маълумотлар эмаслигини, ҳали онги шуури ва эътиқоди тўлиқ шаклланиб улгурмаган ёшлар, тушуниб етмаяптилар. Шунинг учун ёшларда хабар ва маълумотларни таҳлил эта олиш малакасини хосил қилиш зарур. Зеро, ҳар қандай хабар хам тўғри ва холис бўлавермайди. Ҳар бир маълумотни текшириш ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақийқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз” (Ҳужурот сураси, 6 оят).
Эхтиётсизлик ва бепарволик кишини маънавий бузулиш ва ўзи билмаган ҳолда эътиқодий қулликка олиб боради. Шундай экан жамиятнинг барқарорлигига тахдид соладиган, хунрезлик, беҳаёлик, қаллоблик, бузғунчилик кайфиятидаги глобал тармоқдаги сайт ва гуруҳлардан холи бўлиш даркор. Бугун халқаро муносабатлар тизимида ўз ўрнига, ўз сўзига эга бўлган, демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш, халқаро ҳамжамиятга тобора кўпроқ интеграциялашиш, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан бораётган Ўзбекистон учун глобаллашув жараёнининг қатор ижобий хусусиятлари мавжудлигини инкор этиб бўлмайди, лекин мазкур жараённинг салбий хусусиятлари ҳам борлигига, айниқса, жаҳонда кучлар нисбатини қайта кўриб чиқишга бўлган уринишлар тобора кучайиб бораётган бир шароитда, стихияли ривожланиб бораётган глобаллашув жараёни унинг ташаббускорлари ва ҳомийлари қўлида таққослаб бўлмайдиган кучли қурол вазифасини бажараётганлигига ҳам эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. “Оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпаришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.
Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бошбошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлар саналади. Қуръони каримда мусулмонларга шундай хабар берилган: «Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» (Бақара, 205). Шундай экан, юрт тинчлиги, бирдамлиги ва соғлом муҳитни қарор топтириш учун ёшларда энг аввало, огохлик, хушёрлик, дахлдорлик ҳиссини кучайтириш даркор. Уларнинг лоқайдликка берилиб қолишларининг олдини олишимиз зарур. Хушёрлик ва дахлдорлик бу шахснинг ён-атрофида бирор нохушликни кўрганида бепарво бўлмаслиги, бу кўнгилсизлик бугун унга зарар келтирмаётган бўлса, балки эртага ўзининг ҳам бошига тушиши мумкин эканини ҳис қилган ҳолда яшаши демакдир.

Х.Қиличев
Ҳазорасп тумани “Исмоил эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *