ҲАЛОЛ МЕҲНАТ ИНСОННИНГ БАХТИДИР

Ислом таълимоти жамиятдаги барча инсонларнинг тинчлик, омонлик ва фаровонликда яшаб, дунё ва охиратда саодат аҳлидан бўлишлари учун лозим бўлган зарур йўл-йўриқларни баён қилган. Аллоҳ таола ҳалол меҳнат қилишга тарғиб қилиб жума сурасида шундай марҳамат қилади. Бас намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг шоядки ютуққа эришсангиз.
Ушбу оятда Аллоҳ таола мўмин-мусулмонларни ер юзи бўйлаб тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишларига тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳнинг фазлидан талаб қилиш деб номламоқда. Албатта ризқ талаб қилишда турли ҳолатлар вужудга келиши мумкин. Мисол учун кўпроқ ризққа эришиш мақсадида ҳаром-харишга қўл уруш эҳтимоли ҳам бор. Шунинг учун Аллоҳ таола ризқ талаб қилишга амр қилгандан кейин бевосита Аллоҳни кўп эсланг демоқда. Аллоҳ таолани кўп зикр қилиш эса ризқ топиш ишида ҳаромни четлашга омил бўлади.
Имом Байҳақий р.а ривоят қилган хадисда Расулуллоҳ с.а.в шундай деганлар: Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни- қўшниларга мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолага юзи ёруғ бўлган холида йўлиқади дедилар.
Аммо баъзи бир инсонлар меҳнат қилиб ҳалол ризқ-рўз топиш ўрнига жамоат жойларида, шаҳарларда жума куни масжид олдиларида, бозорларда, метро бекатлари ёнида ёки хонадонларга кириб тиланчилик қиладилар. Ваҳоланки уларнинг меҳнат қилиб кун кўриш имкониятлари бўлса ҳам тиланчилик қиладилар. Ислом дини тиланчилик қилишдан мўминлар учун ўз нафсини ўзгалар олдида хорлашдан қайтаради. Демак инсон тиланчиликни касб қилиб олмасдан меҳнат қилиши, халол касб хунар билан машғул бўлиши керак. Зеро хадисда:
Абу хурайра р адан ривоят қилинган. Расулуллоҳ с.а.в айтадилар. Ҳар ким мол тўпламоқ учун одамлардан тиланса. У одам ўзи учун чўғ тилаган бўлади. Энди у одам хохласа чўғдан зиёда тиласин ёки тиламасин.
Юртимизда қадим-қадимдан инсофли, дину-диёнатли, мурувватли, етим-есир, ёлғиз кишилар аҳволидан доимо хабардор, бетобларни кўришга борувчи саҳий ва олиҳиммат, давлатмандлар, тижоратчилар, дўкондорлар бўлишган. Улар ўзларига Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг: “Қўлинг ишда бўлсин, қалбинг Аллоҳда!”, — деган шиорига мувофиқ иш тутишган. Ҳар бир ишда тадбир, ақл-заковатли бўлиш, хусусан ҳаётимиз, тирикчилигимиз омили ҳисобланмиш мол-дунёни ҳалол йўллар билан топиш ва уни ўз ўрнига сарф қилиш, ҳалол касб-ҳунар билан шуғулланиш, топилган мол-дунёни беҳуда йўлларга совуриб, беўрин исроф қилмаслик ҳар вақт уларнинг диққат марказида турган.
Анас р.а қуйидагиларни айтганлар. Набий с.а.в: Эй Аллоҳнинг Расули мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг дедим У зот: Эй Анас Касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди дедилар.
Пайғамбаримиз с.а.в нинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолган. Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъий назар, ҳар бир мўмин-мусулмон дуоим қабул бўлсин деса ҳалол касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в нинг ушбу жавобларидаги Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди деган жумлага алоҳида эътибор берайлик. Бундан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга илашса ҳам, унинг дуоси қабул бўлмаслиги келиб чиқади.
Сиз билан бизнинг назаримизда арзимаган бўлиб кўринган ўша бир луқма, уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган этиб қўяр экан. Бундан шу нарса аён бўладики инсон тановул қилган бир таомнинг асари инсон жисмида қирқ кунгача турар экан. Энди инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Ҳаммамизнинг ҳамма қилаётган касбимиз топаётган молу мулкимиз ҳалолми? Ҳаммамизнинг тановул қилаётган ҳар бир луқмамиз ҳалолми? Нима учун дуолар қабул бўлмаётганини, нима учун ишларимиз юришмаётганини тушуниб етган бўлсак керак.
Ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифларга амал қилиб касбимизни пок қилишимиз, бир луқма ҳам ҳаромни оғзимизга олмаслигимиз лозимдир. Шундагина икки дунё бахт саодатига эришамиз.

Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *