ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИНИ ЧИРОЙЛИ АДО ҚИЛАЙЛИК

     Маъумки инсон жамиятда яшар экан ён атрофидаги инсонлар билан муомила қилишга зарурат сезади. Бусиз кишилик жамиятини тасаввур қилиб бўлмайди. Биринчилардан  бўлиб эса қўшнилар билан муомила қилишга, улар билан олди берди қилишга эхтиёжимиз тушади.

Муқаддас динимизда қўшничилик ҳақларига риоя қилиш ҳақида амр қилинган:

Аллоҳ таъоло Қуръони каримда қўшниларнинг неччи хил бўлишини ҳам баён қилган.

“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 36-оят).

Демак қўшнилар уч хил бўлар экан. Бир ҳаққи бор қўни, иккита ҳаққи бор қўшни ва учта ҳаққи бор қўшни.

Бир ҳаққи бор қўшни бу ғайри дин қўшни. Динимизда қўшни қайси динда бўлишидан қатий назар унинг битти қўшнилик ҳаққи борлиги  таъкидланади.

Иккита ҳаққи бор қўшни эса мусулмон қўшнидир. Унинг мусулмонлик ва қўшнилик ҳаққи бордир.

Учта ҳаққи бор қўшни эса қариндош мусулмон қўшни. Ўз навбатида унинг қариндошлик мусулмонлик ва қўшнилик ҳақлари бор.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам кўплаб ҳадисларида биз умматларини бунга тарғиб этганлар. Қуйида қўшничилик ҳақларига оид ҳадислар билан таништириб ўтамиз.

Ибн Умар ва Оиша р.а дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в дедилар: “Жаброил доимо менга қўшнига яхшилик қилишга буюраверганидан охир оқибат уни меросхўр қилиб қўяди, деб ўйлаб қолдим” деганлар.

Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в дедилар: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас, мўмин эмас, мўмин эмас!” Сўрашди: Ким, Ё, Расулаллоҳ? Дедилар: “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кимса” деб жавоб бердилар.

Абдуллоҳ ибн Амр р.а дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ алайҳис салом дедилар: “Аллоҳнинг наздида дўстларнинг энг яхшиси, ўз дўстига яхши муносабатда бўлгани, Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси, ўз қўшнисига яхши муносабатда бўлганидир” дедилар.

Қўйидагилар қўшничилик ҳақларидан эканлиги ҳадисларда зикр қилинган. Қўшни ёрдам сўраса, ёрдам бериш, қарз сўраса қарз бериш, бемор бўлса ҳолини сўраш, қўшнига бирор яхшилик етса табриклаш, бирор мусибат етса, таъзия билдириб, тасалли бериш, қўшни оламдан ўтса жанозасида қатнашиш, у рози бўлмаса, уйининг деворини унинг уйи деворидан баланд қилмаслик, тансиқ таомлар пиширганда қўшнига ҳам улашиш, қўшни бирор жойга кетганда уйи ва манзилидан хабардор бўлиш ва сақлаш, чақирса жавоб бериш, қўшничилик ҳақларидандир.

Юқоридаги оят ва ҳадислардан қўшниларнинг ҳақлари зиммамизда борлиги, уларга риоя қилиш ва гўзал муомила қилишга тарғиб этилганлигини билиб олдик. Энди унга амал қилишимиз лозим.

Уйдан чиққанингизда биринчи бўлиб юзимиз юзига тушадиган қўшниларимиз ила чиройли муомила қилиш динимизнинг амридир. Бунда Аллоҳнинг розилиги бор. Бунда жамиятнинг тинчлиги бор, тинч ва фаровон ҳаёт кечириш йўли ҳам шундадир.

Биз қўшниларимиз билан муомиламизни гўзал қилиб, ҳақларига риоя қилар эканмиз жамият ва давлат тараққиёти ҳам шунда бўлади.

Р.Эрназаров

Боғот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *