ҲУШЁР БЎЛГАН ИНСОН ҒАМ ЧЕКМАС

Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади. Афсуски, хозирги кунимизда Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини фақат тинчлик, осойишталик ўрнатишга, бағоят эзгу ва хайрли ишлар қилишга ундовчи бундай даъватларини унутган қабиҳ ниятли ёвуз кимсалар кўпайиб кетди. Афсусланадиган жихати шундаки, бундай шахслар ўзларини бузғунчиликларини Ислом дини таълимоти билан хаспўшлашга интилмоқдалар. Айни дамда бундай хатти-ҳаракатлар хақ дин- Исломга нисбатан нохолис фикрлар ва қарашлар уйғотади.

Хозирги кунда баъзи юртдошларимиз хорижга пул топиш мақсадида кетмоқдалар. Бу юртдошларимиз масаланинг фақат моддий тарафини ўйлаяпдилар, вахоланки маънавий тарафдан кўрган зарарлари жуда бисёрдир. Яна ҳам ачинарли томони шундаки, бегона мамлакатда ёшларни турли хил маънавий таҳдидлар кутиб турганини билмаяпдилар. Бундан ғаразли мақсадда фойдаланиб қолишни кўзлаётган бузғунчи оқимлар, ўз тўрига илинган ёшларнинг онгини бемаъни ва пуч ғоялар билан тўлдириб  ўз ватанларига хоинлик қилиб, ватандошлари ва бутун халқнинг юзига оёқ қўядиган манқурт қилиб тайёрлаётирлар. Халқимизда “бир марта туз еган жойинга қирқ кун салом бер” деган ажойиб мақол бор. Ахир бу адашиб экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетаётганлар бир умр манашу юртда униб ўсиб беминнат таълим тарбиясидан фойдаланиб катта бўлишмадими.

Инсон зотининг бошига тушадиган офат-кулфатларнинг кўпчилиги “Менга нима”, “Мени нима ишим бор”, “Нима бўлса бўлар” каби сўларни айтишдан яъни, лоқайдликдан, дангасаликдан, бепарволикдан келиб чиқади. Муқаддас ислом динимизда “мусулмон мусулмоннинг кўзгуси, ҳамма мусулмонлар бир-бирига ака-укадирлар, мусулмонлар бир жону бир тандир”, дейилган. Танамиздан оёғимизни тагига бир тикан кирса оғриғи миямизгача етиб бориб азоб беради. Мамлакатнинг бир четида бир мусулмон азоб чексаю оғриғи нима учун бизни миямизни оғритмаслиги озор бермаслиги керак. Менимча бугунги кунда хар бир фарзанд, хар бир ота-она, хар бир ўзини Ўзбекистон фуқаросиман дейдиган инсон ўзига шу саволни бериши керак.  Бугунги кунда ўзбек фарзандининг лоқайд ва бепарво бўлишга асло ҳаққи йўқ.

Бугунги кунда дунёда бўлаётган хунрезликлар, вайронкорликлар, нохақдан бир бирларига озор бериб қон тўкишлар ислом дини ниқоби остида бўлаётгани хеч кимга сир бўлмай қолди. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар: “Қайсики бир мусулмон ёмон, мункар(қайтарилган) ишни кўрса қўли билан қайтарсин, қўли билан қайтара олмаса тили билан қайтарсин, тили билан ҳам қайтара олмаса хеч бўлмаса кўнглидан шу ишни ёмон кўрсин, ўша ёмон кўришлиги имонини заифлигидан дарак беради”, дедилар.

            Лоқайдлик – жамиятдаги бир иллат ҳисобланади. Шуни яхши билишимиз керакки бугун биз локайд бепарво бўладиган бўлсак, бу иллат бутун танамизга ёйилади, танамиздан бошқаларга ўтади, охир оқибат биз ҳам мева сингари чириндига айланиб қоламиз. Бугун юрт тинчлиги йўлида ҳар бир инсон курашмоғи керак. Бизни вазифамиз шу юртни обод қилиш, фарзандларимизга нурли келажак яратиб беришдир.

Тинчлик Aллoҳнинг буюк нeъмaти, ҳaммaмиз учун ҳaм ҳaётимиз aснoсидa бaрчa oрзу-умидлaримиз мaнбaидир. Қaлбимиздa ғуруримиз, билaгимиздa кучимиз бoр экан, биз тинчликни ҳимoя қилишгa қoдирмиз.

Тинч осуда ўтаётган ҳар бир кунимизга шукр қилиб Аллохга ҳамд айтамиз. Илоҳим юртимизни ободлиги бунданда  зиёда бўлсин!

 Бобожонов Алишер

Гурлан тумани “Усмон Саид бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *