КЎНГИЛ ОБОДЛИГИ КАЪБА ОБОДЛИГИДИР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «То мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирларингга меҳр-мурувватли бўлмагунларингча мўмин бўлмайсизлар» (Имом Муслим ривояти), деган таълимлари бизларни ўзаро меҳр-мурувватли бўлишга чорлайди.  Меҳр-мурувват ҳақида Қуръони каримда бундай баён қилинган: «Сиздан(эй Муҳаммад,) кимга эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Нимани хайр-эҳсон қилсаларинг, ота-она, қариндош, етим, мискин ва мусофирларга қилинглар! Ҳар қандай эҳсонларингни Аллоҳ билиб турувчидир» (Бақара, 215). Атрофдагиларга тили ва қўли ила азият етказмаган, кечиримли бўлган, ҳеч кимга душманлик қилмаган, муросали бўлган кишининг обрўси ортиб бораверади. Ширин сўз ва яхши муомала меҳру оқибат калитидир. Шунинг учун Парвардигор ўзининг каломи шарифида мўминларни ширин сўз бўлишга чақиради. Ҳадисда: «Ким бирор кишини яхши ишга далолат қилса, унга ўша яхшиликни бажарганнинг савоби берилади», дейилган (Имом Муслим ривояти). Демак, бир-биримизни яхши ишларга чақирсак, муҳтож кишиларга мурувват кўрсатишга далолат этсак, қилинган хайру эҳсоннинг савоби бизга ҳам етаркан.

Хоразм вилояти Ҳокимлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси Хоразм вилояти вакилиллиги  тарғиботи ва ташаббуслари билан боқувчисини йўқотиб уйсиз қолган кекса онахон Абдуллаева Ширин ва унинг ногирон қизига Тоҳиржон ҳожи Ибрагимов ва яна бир қанча ҳомийларни жалб қилган ҳолда Урганч туманидан уч хонали замонавий барча шароитларига эга қилиб янги уй қуриб берилди. 3-декабрь куни “Халқаро ногиронлар куни” ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги муносабати билан Хоразм вилояти хокимлиги вакиллари, УМИ Хоразм вилояти вакили Х.Абдуллаев, ҳомийлардан Тоҳир ҳожи, Урганч тумани бош имом-хатиби М.Муҳаммадзариф, Урганч тумани Ғойиб ота масжиди жамоатчилиги ва бир қанча меҳмонлар иштирокида ушбу уйнинг калити топширилди. Онахон бундай ғамхўрликдан ниҳоятда хурсанд бўлиб, ўз миннатдорчилигини дуога қўл очиб, кўзда ёш билан изҳор қилди.

Беихтиёр буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ушбу байтлари хотиримизга келди:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Меҳр-мурувват улашиб, ёши улуғларни йўқлаб, устозларни зиёрат қилиб, дуоларини олиш, ногиронлиги бор инсонлар ҳолини сўраш мусулмонга ярашиқли, савоби катта амалдир.

Аллоҳ ҳеч биримизни ўзи кўрсатган тўғри йўлдан адаштирмасин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин эзгулик йўлида меҳр-мурувватли бўлиш барчамизга насиб қилсин!

ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *