ЛОҚАЙД БЎЛМАЙЛИК

Эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида илдамлаб бораётган Ўзбекистонимиз тарихан жуда қисқа даврда улкан ютуқларга эришмоқда. Миллий маънавиятимиз ва қадриятларимиз тикланди, ўзлигимизга қайтдик. Тинчлик ва барқарорлик қарор топди.
Айни пайтда, осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган ёвуз кучларнинг мавжудлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Шу жиҳатдан, тинчликни асраш бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Юртимизга нисбатан таҳдидлар диний ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм ва террорчилик каби кўринишларда намоён бўлмоқда. Буни ислом динини ниқоб қилиб, Ўзбекистонни демократик тараққиёт йўлидан оғдиришдек ғаразли мақсадни кўзлаб фаолият олиб боришга интилаётган экстремистик ташкилотлар ҳаракати мисолида яққол кўриш мумкин. Улар ўзларининг бузғунчи ғояларини тарқатишга иродаси бўш, дин ҳақидаги билимлари саёз кишиларни таъсир доирасига тортишга ҳаракат қилмоқдалар. Хориждаги террорчи ва экстремистик кучлар ҳамда марказлар қўллаб-қувватлаётган бундай оқимлар ўзларининг ёвуз мақсадларини амалга ошириш йўлида жуда катта куч ва маблағ сарф қилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Ҳушёрликни таъминлаш масаласида майда-чуйда деган нарсалар бўлмайди. Зеро, «Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради», дейдилар… Шундай бўлса-да, афсуски, ҳали-ҳануз беғамлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар мавжудлигини, орамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашни фақат давлат иши деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Аммо жамиятда лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солиши ҳаммага аён. Луқмони Ҳакимдан «Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?» деб сўрадилар. У киши: «Одамларнинг ёмонлик қилаётганини кўра туриб, кўрмасликка олгани, бепарво, лоқайд бўлганидир», деб жавоб бердилар.
Дарҳақиқат, бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабабчиси бўлган. Донишмандлардан бирининг «Душманлардан қўрқма – нари борса, сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ, бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши оқибатида Ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади», деган фикри ҳам бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.
Бизнинг динимиз муқаддас Ислом дини ўз номи билан тинчлик динидир. Унинг таълимотидаги асосий даъват инсонларни тинчликка чақириш, Ер юзида осоишта ҳаёт ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъий назар, ўзаро иззат-ҳурмат кўрсатишга, бепарво ва лоқайд бўлмасликка чорлашдир. Қуръони каримда бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй, иймон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!…” (Бақара сураси, 208-ояти).
Ушбу ояти каримадаги “Коффатан” (яъни ёппасига) сўзи араб тили қоидасига биноан ҳол вазифасини бажармоқда. Тафсир китобларида келтиришича, мана шу биргина сўз бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради.
Ҳар бир мусулмон киши ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ олдида масъулдир. Динимизда барча халқларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган ўзбошимчалик хатти-ҳаракатлари ҳамда террорнинг барча кўринишлари бузғунчилик ва фасод амал саналади. Бу амаллар эса Қуръони каримда мунофиқларнинг амали сифатида баҳоланади: “(Олдингиздан) кетганида ерда фитна
фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчилик) ёқтирмайди” (Бақара, 205).
Муқаддас динимиз таълимотини ўрганар эканмиз, у кўз ўнгимизда доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик ва ҳушёрлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, бепарволик ва лоқайдлик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида намоён бўлади.
Баъзи одамлар «тинчлик-осойишталикни асраш» деганда қўлда курол билан мамлакат чегарасини қўриқлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушунади. Аслида тинчликни асраш фақат ҳарбий мудофаа дегани эмас. Осуда ҳаётни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасидаги вазифа эмас! Осойишталик жами эзгу ниятлар ва тилакларимиз амалга ошишининг асоси ва манбаи экан, уни асраб-авайлаш ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ҳар бир инсон «юртим тинч – мен тинч», деган ҳақиқат билан яшаши, ўз уйи, маҳалласи, Ватан хавфсизлиги учун қайғуриши, бу ишни бурчи деб билиши зарур.
Неъматлар учун шукр қилиш,  тинч-осойишта  кунларнинг қадрига етиш,  буларни келажак авлодга  етказиш  ҳар-бир инсоннинг  зиммасидаги бурчи эканлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим.
Муҳтарам юртбошимиз томонидан халқимизнинг маърифати, эътиқоди, қолаверса турмуши, ҳаёт даражаси юксалиши учун бетиним олиб борилаётган эзгу-саъй ҳаракатларда барчамиз якдиллик, ғайрат, шижоат кўрсатайлик азизлар. Бугун меҳнат қилсак, ўзимизни уринтирсак фақат яхши ниятда, хайрли хотима мақсадида қилган бўламиз.
Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни Ўз Ҳимоясида асраб, барчамизни тўғри йўлда собит айласин!

Д.Рўзметов
Шовот тумани “Хўроз эшон бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *